8-БОБ. МЕҲНАТГА ҲАҚ ТЎЛАШ ҲИСОБИ 1.Меҳнатга ҳақ тўлаш шакллари, иш ҳақи ва бошқа тўловларни ҳисоблаш тартиби
2. Бажарилган иш ҳажми ва иш ҳақини ҳужжатлар билан расмийлаштириш
3. Ходимлар билан иш ҳақи ва бошқа тўловлар бўйича ҳисоб-китоблар ҳисоби
4. Жисмоний шахслардан олинадиган даромад cолиғи ҳисоби
5. Шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақлари (ШЖБПҲ)га мажбурий бадалнинг ҳисоби
6. Ижтимоий солиқни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби
7. Ташкилотлар томонидан пенсия ва нафақалар тўлови бўйича харажатларни амалга оширилиши
8. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси ва меҳнат таътилини ҳисоб-китоби
8.1. Меҳнатга ҳақ тўлаш шакллари, иш ҳақи ва бошқа тўловларни ҳисоблаш тартиби
Бозор иқтисодиёти шароитида корхона меҳнатга ҳақ тўлаш шакллари, тизимлари ва миқдорини, шунингдек бошқа қўшимча ҳақ ва устама ҳақларни республика қонун ҳужжатлари асосида мустақил равишда белгилайди. Меҳнат Кодексининг 153-моддасига биноан меҳнат ҳақи шаклини ва тизимини танлаш ҳуқуқи меҳнат жамоаларининг ўзига берилган бўлиб, жамоа шартномалари ва касаба уюшмаси билан келишиб қабул қилинадиган бошқа локал ҳужжатларда акс эттирилади. Иш ҳақи миқдори иш берувчи (корхона) ва ходим ўртасида шартнома асосида мустақил белгиланади. Бироқ, иш ҳақи миқдори давлат томонидан белгиланган меъёрдан кам бўлиши мумкин эмас. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 155-моддасига асосан муайян давр учун белгиланган меҳнат нормасини ва меҳнат вазифаларини тўлиқ бажарган ходимнинг ойлик меҳнат ҳақи қонун ҳужжатларида Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг биринчи разряди бўйича белгиланган миқдордан оз бўлиши мумкин эмас. Ягона тариф сетка Тариф сеткаси ёки тариф тизими шундай тизимки, унда касблар ва лавозимларнинг разрядига қараб лавозим маошини ҳисоблаш учун миқдорлар, коеффициентлар келтирилган бўлади. Бутун республикада шундай турдаги ва бир хил разряддаги касб, лавозим учун меҳнат ҳақи миқдори шу тариф сеткадан келиб чиқиб ҳисобланадиМеҳнатга ҳақ тўлаш шакллари Иш ҳақи ходимлар даромадининг асосий манбаси ҳисобланади ва корхона ишининг пировард натижаларини ҳисобга олган ҳолда уларнинг ишлаб чиқаришга қўшган меҳнат ҳиссаси билан белгиланади. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг асосий шакллари ишбай ва вақтбай шакллар ҳисобланади. Ишбай иш ҳақи ишлаб чиқарилган маҳсулот (ишлар) миқдори ва унинг бирлиги учун нархлар асосида ҳисобланади. Мисол. III разрядли токарь бир ойда 80 деталь тайёрлади. Бир деталь учун ишбай нарх – 30 250 сўм. Унинг иш ҳақи 2 420 000 сўмни (30 250 х 80) ташкил этди. Ишбай ҳақнинг ишбай-мукофот шакли ҳам қўлланилади. Ишбай-мукофот шакли ишлаб чиқариш меъёрларини бажарганлик ва ошириб бажарганлик учун мукофотлар тўлашни назарда тутади. Шунга кўра ҳар бир корхона ходимларни рағбатлантириш тўғрисидаги Низомига эга бўлиши керак. Мисол. III разрядли токарь меъёрни 70 деталь ташкил этганда 80 деталь тайёрлади, ишбай нарх – маҳсулот бирлиги учун – 30 250 сўм. Ишлаб чиқариш меъёрини ошириб бажаришнинг ҳар бир фоизи учун корхонада раҳбар томонидан тасдиқланган,ходимларни рағбатлантириш тўғрисидаги Низомига мувофиқ ишбай ҳақнинг суммасидан 3% миқдорида мукофот белгиланади. Ишлаб чиқариш меъёрини бажариш фоизи: (80 : 70 х 100) =114%; ишчининг меъёрдан ортикча бажарган фоизи – 14% (114% - 100%) мукофот миқдори – 42% (14% х 3); ишбай ҳақ суммаси – 2 420 000 сўм (30 250 х 80); мукофот суммаси – 2 420 000 х 42 % = 1 016 400 сўм; умумий иш ҳақи суммаси – 2 420 000 + 1 016 400 = 3 436 400 сўм. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг вақтбай шакли иш ҳақини ходим томонидан ишланган вақт миқдоридан ва бир соат иш учун тариф ставкасидан келиб чиқиб ҳисоб-китоб қилишни назарда тутади. Мисол. II разрядли слесарь июнда 170 соат ишлаган. Бир соат учун тариф ставкаси 15 000 сўмга тенг. Унинг иш ҳақи 2 550 000 сўмни (15 000 х 170) ташкил этди. Тунги вақтдаги иш учун ҳақ тўлаш. Соат 22-00 дан то соат 6-00 гача бўлган вақт тунги вақт деб ҳисобланади (ЎзР Меҳнат кодексининг 122-моддаси). Тунги вақтдаги ишнинг ҳар бир соати учун камида бир ярим баравар миқдорда ҳақ тўланади, яъни тунги вақтдаги иш учун қўшимча тўлов миқдори соат ставкасининг 50%дан кам бўлиши мумкин эмас. Корхона ўзининг ички ҳужжатларида, масалан коллектив шартномасида ёки Меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги низомда тунги вақтдаги иш учун қўшимча тўловни қонун ҳужжатларида белгиланган миқдордан ошиқча қилиб белгилаши мумкин. Иш вақтидан ташқари иш учун ҳақ тўлаш. Белгиланган кундалик иш муддатидан ташқари ишлаш иш вақтидан ташқари иш деб ҳисобланади. Иш вақтидан ташқари иш бухгалтерияда нарядлар, иш вақтини ҳисобга олиш табели, маълумотнома-ҳисоб-китоб билан расмийлаштирилади ва иш вактидан ташкари иш учун хак тулаш икки баробардан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўланади (ЎзР Меҳнат кодексининг 157-моддаси). Ҳақ тўлашнинг аниқ миқдори коллектив шартномасида ўрнатилади, агар у тузилмаган бўлса, корхона раҳбари томонидан касаба уюшмаси ёки ишчиларнинг бошқа вакил органи билан келишилган ҳолда белгиланади. Байрам ва дам олиш кунларида ишлаганлик учун икки баробар миқдорда ҳақ тўланади. Агар ходим бунинг ҳисобига бошқа куни дам олса, бир баробарда ҳақ тўланади.