[
ОКОЗ:
1.10.00.00.00 Ташқи иқтисодий фаолият. Божхона иши / 10.06.00.00 Божхона иши / 10.06.02.00 Божхона ишини бошқариш. Божхона органларида хизматни ўташ]
[
ТСЗ:
1.Ташқи иқтисодий фаолият. Божхона / Божхонага оид қонун ҳужжатлари]
Ўзбекистон
Республикаси Президентининг
Фармони
Божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Божхона маъмуриятчилигини янги босқичга олиб чиқиш, божхона ва юк операцияларини рақамли трансформация қилиш орқали инсон омилини кескин қисқартириш, божхона соҳасини очиқлик, шаффофлик ҳамда ишончлилик тамойиллари асосида коррупциядан ҳоли тизимга айлантириш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
2022 йилда божхона органлари инфратузилмасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси 1-иловага мувофиқ;
2022-2023 йилларда божхона расмийлаштируви жараёнларини рақамлаштириш бўйича «йўл харитаси» 2-иловага мувофиқ;
Давлат божхона қўмитаси тизимидаги фаолияти тугатилаётган божхона постлари рўйхати 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
а) 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб хавф даражаси паст бўлган божхона юк декларацияларини босқичма-босқич инсон омилисиз автоматик равишда божхона расмийлаштирувидан ўтказиш ҳажми ошириб борилади, 2023 йил 1 январга қадар экспортда ушбу кўрсаткич 80 фоизга етказилади;
б) 2022 йил 1 июлга қадар «Ислом Каримов номидаги «Тошкент» халқаро аэропорти»да, 2022 йил 1 октябрга қадар «Термиз» халқаро аэропорти»да ҳамда 2023 йил якунига қадар республиканинг қолган барча халқаро аэропортларида «Самарқанд» халқаро аэропорти» тажрибаси
асосида жорий этилади;
в) 2022 йил 1 декабрдан бошлаб:
божхона кўриги жараёнларини қамраб олган мобил электрон тизим ишга туширилади;
божхона хизматлари тўлиқ рақамлаштирилган ҳолда, «Ягона дарча» божхона ахборот тизими орқали кўрсатиладиган хизматлар сони 40 тага етказилади.
3. Транспорт
вазирлиги, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ, Давлат божхона қўмитаси бир ой муддатда темир йўл орқали келадиган товарлар бўйича маълумотларни олдиндан электрон алмашиш тизимини тўлиқ йўлга қўйсин.
4. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ва Давлат божхона қўмитаси мазкур Фармоннинг1-2-иловаларида назарда тутилган чора-тадбирларни Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириш учун зарур маблағлар:
2022 йилда лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қурилиш ишларини бошлаш учун жорий йил Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида II ва III чорак якунлари билан ўзлаштирилмаган ва танлов (тендер) савдолари натижасига кўра иқтисод қилинган маблағларни қайта тақсимлаш ҳисобига ажратилишини;
2023 йил ва келгуси йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурини шакллантиришда инобатга олинишини таъминласин.
5. Давлат божхона қўмитасининг мазкур Фармонга 4-иловага мувофиқ қуйидагиларни назарда тутувчи Божхона органларини коррупциядан ҳоли тизимга айлантириш дастурини амалга ошириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин:
2022 йил 1 июнга қадар кадрларни очиқлик вa шаффофлик тамойиллари асосида танлаш ҳамда танлов жараёнларининг натижалари Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида эълон қилиб борилишини таъминлаш;
2022 йил 1 июлдан бир божхона постида уч йилдан ортиқ хизмат ўтаган ходимларни ротация қилиш
тартибини жорий этиш;
2022 йил 1 сентябрга қадар халқаро стандартларга мувофиқ комплаенс назорат тизимини тўлақонли ишга тушириш ҳамда ушбу тизим бўйича ходимларнинг билим ва малакасини ошириб бориш;
2022 йил 1 октябрга қадар божхона юк декларацияларини «Масофавий электрон декларациялаш» божхона постларида расмийлаштириш тартибини жорий қилиш;
2022 йил 1 декабрга қадар божхона органларида коррупцион хавфларни бошқариш автоматлаштирилган тизимини яратиш;
2023 йил 1 январдан бошлаб божхона органлари ходимларининг даромадлари ва мол-мулкини декларациялаш амалиётини босқичма-босқич жорий этиш.
6. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (А. Бурхонов) 2023 йил 1 январга қадар:
Давлат божхона қўмитаси томонидан олиб борилаётган коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини мунтазам равишда рейтинг баҳолашдан ўтказиб борсин;
рейтинг баҳолаш натижаларига кўра, божхона органларида коррупциянинг олдини олиш ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда уларнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини яхшилашга қаратилган қўшимча тадбирларни амалга оширсин.
7. Давлат божхона қўмитаси раиси, унинг ўринбосарлари ва ҳудудий бошқармалар раҳбарлари томонидан тадбиркорлик субъектлари муаммоларини ўрганиш ва уларга амалий ёрдам бериш мақсадида ҳар ойда камида икки маротаба жойларга чиққан ҳолда учрашувлар ташкил этиш амалиётини йўлга қўйилсин.
8. 2022 йил 1
декабрдан бошлаб, божхона органлари ходимлари фаолиятини қуйидагиларни назарда тутган ҳолда рейтинг асосида баҳолаш орқали уларни Давлат божхона қўмитасининг махсус жамғармаси маблағлари ҳисобидан рағбатлантириш тизими жорий этилсин:
баҳолаш жараёнларини ахборот тизимлари орқали ҳар ярим йил якуни бўйича амалга ошириш;
рейтинг натижаларига кўра юқори кўрсаткичларга эришган ходимларга кейинги баҳолаш якунлари эълон қилингунга қадар лавозим маошининг 100 фоизигача миқдорда ҳар ойлик қўшимча устама тўлаш.
9. Божхона органлари ходимларини коррупцияга қарши курашиш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, одоб-аҳлоқ қоидалари ва
IТ-технологиялар, телекоммуникациялар бўйича ўқув курсларида ўқитиш режа-жадвали 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
10. Давлат божхона қўмитаси:
2022 йил 1 июнга қадар манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда божхона органлари ходимлари учун ҳудудларда хизмат уйларини қуриш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
2022 йил 1 сентябрга қадар контрабанда ҳамда бошқа қонунбузарлик ҳолатларини аниқлаган ва юритган,
шунингдек, ундирилган қўшимча божхона тўловларини аниқлаган божхона ходимини рағбатлантиришнинг шаффоф тизимини жорий этсин;
2022 — 2024 йилларда божхона органлари тизимида аёл ходимлар улушини камида икки баравар ошириш чораларини кўрсин.
11. Давлат божхона қўмитаси ва Молия вазирлигининг божхона тўловларини камайтириш билан боғлиқ божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузган шахслар учун қўлланиладиган жиноий ва маъмурий жарималарни етказилган зарар миқдоридан келиб чиққан ҳолда белгилаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
Давлат божхона қўмитаси Молия вазирлиги,
Бош прокуратура, Олий суд ва Адлия вазирлиги билан биргаликда 2022 йил 1 августга қадар божхона тўловларининг камайишига олиб келган божхона тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги учун жарималарни етказилган зарардан келиб чиқиб белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
12. Давлат божхона қўмитаси ва Молия вазирлигининг Давлат божхона қўмитаси ҳузурида «Божхона-сервис» давлат муассасаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимларини (кейинги ўринларда — «Божхона-сервис») ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Давлат божхона қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда «Божхона-сервис» фаолиятини ташкил этиш ҳамда уни молиялаштириш манбаларини белгилашни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
Бунда, божхона органлари томонидан олиб қўйилган товар-моддий бойликларни сақлаш ва реализация қилиш учун зарур бўлган бино ва иншоотларни ажратиш масаласи назарда тутилсин.
13. Мазкур Фармоннинг 1 ва 2-иловалари доирасида республикага олиб келинадиган қурилма ва ускуналар, шу жумладан сервер ва компьютер техникалари, дастурий маҳсулотлар,
аппарат-дастурий комплекслар, ўқув ва лаборатория ускуналари, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар 2026 йил 1 январга қадар божхона божидан озод этилсин.
14. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда оммавий ахборот воситаларида ушбу Фармоннинг мазмун-моҳиятини очиб бериш бўйича материаллар, эшиттиришлар ва тематик теледастурлар эълон қилинишини ташкил этсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига 6-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
16. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатлари 7-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
17. Мазкур Фармон ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Давлат божхона қўмитаси раиси А.Ю. Мавлонов белгилансин.
Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2022 йил 27 апрель,
ПФ-122-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 апрелдаги ПФ-122-сон
Фармонига
1-ИЛОВА