2. Ижтимоий такрор ишлаб чиқаришда молиядан фойдаланишнинг объектив шарт-шароитлари ва имкониятлари.
Юқорида таъкидланганидек, молиядан ижтимоий ишлаб чиқаришда фойдаланишнинг мутлақ шарт-шароитлари ушбу категориянинг тақсимлаш ва молиявий назорат функцияларида акс этади. Улардан биринчиси, молиявий маблағлар ва мақсадли пул фондларининг ижтимоий ишлаб чиқариш умумий эҳтиёжлари ва алоҳида тузилмалари талабларига биноан шакллантириш зарурлигини ифодаласа, иккинчиси, жамиятдаги иқтисодий жараёнлар боришини акс эттириб, иқтисодиётда ва унинг айрим соҳаларида рўй бераётган барча жараёнларни қайд этиб боради.
Молия муносабатларининг у ёки бу шакли шундай хусусиятга эгадир. Сифат жиҳатидан молиядан ижтимоий ишлаб чиқаришда фойдаланишнинг объектив шарт-шароитларини руёбга чиқариш молиявий маблағлар муомаласи қандай аниқ шаклларда рўй беришига боғлиқ бўлади.
Айни ташкилий шакллар туфайли молиявий маблағлардан фаол фойдаланишнинг потенциал имкониятлари реал воқеликка айланади. Кундалик хўжалик фаолиятида молиявий маблағлар категориясининг ўзигина эмас, балки молиявий муносабатлар юзага чиқишининг аниқ шакллари муҳим бўлиб, бу мазкур шакллар давлат томонидан белгиланади.
Давлат, маҳаллий ҳокимият органлари, хўжалик субъектлари, жисмоний шахслар тасарруфидаги пул маблағлари мажмуаси молиявий ресурслар деб аталади. Молиявий ресурслар манбалари сифатида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:
Ø Хўжалик субъектлари миқёсида: фойда, амортизация фонди, қимматли қоғозлар реализациялари, банк кредитлари, фоизлар, дивидендлар;
Ø Жисмоний шахслар миқёсида: иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча иш ҳақи, ижтимоий тўловлар, сафар ҳаражатлари, тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар;
Ø Давлат ва маҳаллий ҳокимият органлари миқёсида: давлат унитар корхоналари фойдаси, давлат мулкини хусусийлаштиришдан тушумлар, ташқи иқтисодий фаолиятдан даромадлар, солиқ тушумлари, давлат кредити, пул эмиссияси.
Молиявий ресурслар иқтисодиётга катта таъсир кўрсатиши мумкин. Бу икки нарсага боғлиқ, биринчидан, молиявий ресурслар тақсимот категорияси булгани ҳолда ишлаб чиқариш жараёнига умумий хизмат курсатади. Уларнинг таъсири доираси тақсимот айирбошлаш ва ишлаб чиқаришнинг бошқа даражаларига таъсири билан чекланмайди ва иккинчи, молиявий ресурслар тақсимлаш хусусиятидан келиб чикадиган иқтисодий жараёнларнинг катализатори хусусиятига эга эканлиги билан белгиланади.
Такрор ишлаб чиқариш жараёнида молиявий таъминлаш – бу такрор ишлаб чиқариш ҳаражатларини молиявий ресурслар ҳисобига қоплашдир.
Молиявий ресурсларнинг манбалари қуйидагилардан иборатдир:
Ø Миллий даромад;
Ø Ташқи иқтисодий фаолиятдан тушумлар;
Ø Миллий бойликнинг бир қисми;
Ø Қарзга олинган маблағлар.
Молиявий ресурслар ўзининг давлат ва хўжалик субъектлари қўлида шаклланишига караб макродаражадаги молиявий ресурслар ва микродаражадаги молиявий ресурсларга бўлинади. Чунки, ЯИМнинг тақсимланиши натижасида давлат пул фондлари, аҳоли фондлари, корхона ва ташкилотлар фондлари ҳосил бўлади.
Молиявий ресурсларнинг элементлари қуйидагилардан иборат:
Ø фойда;
Ø турли солиқлар;
Ø суғурта ташкилотлари ва кредит муассасаларининг маблағлари;
Ø амортизаця ажратмалари;
Ø ташқи иқтисодий фаолиятдан тушумлар;
Ø аҳоли фондлари.
Такрор ишлаб чиқариш жараёни ҳаражатларини таъминлаш тўрт шаклда амалга оширилади:
1. Ўз-ўзини молиялаштириш. Бунда корхоналар такрор ишлаб чиқариш жараёнлари учун зарурий ҳаражатларни ички молиявий ресурслар ҳисобига қоплаши мумкин. Унинг молиявий манбаи корхоналар фойдаси ва амортизация ва бошқа ўзига тегишли молиявий ресурслар ҳисобланиши мумкин.
2. Кредитлаш. Бунда хўжалик субъекти ҳаражатларни муддатлилик, қайтарувчанлик, мақсадлилик ва таъминланганлик шакллари асосида банклар ва бошқа кредит муассасаларидан кредитлари эвазига қоплайдилар. Унинг молиявий манбаи ссуда капитали ва шакллантирилган ссуда фондлари ҳисобланади.
3. Жалб қилинган маблағларни шакллантириш. Бунда такрор ишлаб чиқариш жараёни ҳаражатлари молиявий бозорларга кимматбаҳо когозлар чиқариш йули билан копланиши мумкин. Унинг молиявий манбаи фиктив капитал ҳисобланади.
4. Давлатдан молиялаштириш. Бунда барча ҳаражатлар бюджет ва бюджетдан ташқари бошқа давлат фондлари воситасида копланади
Такрор ишлаб чиқариш жараёнини узлуксиз молиялаштиришда молиявий захиралар катта аҳамиятга эгадир.
Молиявий заҳиралар - давлат ва хўжалик субъектлари қўлидаги пул ресурсларининг бир қисми бўлиб, ўз эгасининг айланма маблағлари оборотида вактинчалик катнашмайдиган пул ресурсларидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |