3.Ўзбекистонда коррупция ва жиноятчиликнинг шаклланиши ҳамда унга қарши кураш борасида амалга оширилаётган тадбирлар.
“Коррупция” лотинча “corruptio” сўзидан келиб чиққан бўлиб, “бузиш, емирилиш, сотиб олиш” маъноларини англатади. Юридик энциклопедияда “коррупция — мансабдор шахслар ўзларига берилган ҳуқуқлар ва ҳокимият ваколатларидан шахсий бойлик орттириш учун фойдаланишда ифодаланувчи сиёсат ёки давлат бошқаруви соҳасидаги жиноий фаолият” сифатида ифода этилган.
Мазкур иллат мамлакатларнинг иқтисодий ривожланишига путур етказади, демократик институтларни заифлаштиради, ижтимоий тартибни бузади. У билан курашиш, коррупциянинг олдини олишнинг асосий йўлларидан бири, шубҳасиз, аҳолининг, давлат ва жамоат ташкилоти вакилларининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ҳисобланади.
Коррупция ва жиноятчилик давлатнинг амалдаги қонунларига хилоф равишда шахсий манфаатларни қондириш йўлида мансабдор шахслар, оддий фуқаролар томонидан қилинадиган хатти-ҳаракатлар ва фаолиятларнинг натижасидир. Аммо, улар ўзларининг кўлами жиҳатидан, содир этилишида қатнашадиган шахслар ёки гуруҳлар салмоғи жиҳатидан бир-биридан фарқ қилади. Хусусан, коррупция давлат тизимида фаолият кўрсатаётган мансабдор шахсларнинг амалдаги қонунларни назар-писанд қилмасдан бойлик орттириш учун ўз мансабларидан фойдаланиш йўлида қилинадиган жирканч хатти-ҳаракатлардир. Жиноятчилик эса, жамиятда қонунларга итоат этмайдиган ҳар қандай фуқаро томонидан содир этилиши мумкин.
Коррупция давлат тизимида фаолият кўрсатаётган мансабдорлар томонидан содир этилади ва кўлами жиҳатидан ниҳоятда хатарли ҳисобланади. Чунки, мансабдорлар давлат тизимида ишлаётган турли соҳадаги, ҳатто қонунни ҳимоя қилувчи кишилар билан ҳам умумий “тил” топишиш орқали мамлакатни ҳалокатга олиб келувчи ўта хатарли, жирканч жиноятларни амалга оширишлари мумкин. Коррупциянинг заминида шахсий манфаатдорлик туришига алоҳида эътибор бериб, мансабдор шахслар давлат, миллат манфаатларидан ўз манфаатларини устун қуйишади, бу йўлда энг хатарли жиноятларга қўл уришларини жаҳоннинг демократик тамойиллари қарор топган мамлакатларда содир этилган жиноятлардан ҳам кўрса бўлади.
Коррупция вужудга келиб, у энг аввало уюшган жиноий тузилмаларга мададкор бўлиш ёки тўғридан-тўғри ёрдам бериш учун давлат хизматининг имкониятларидан фойдаланади. Бу эса жиноятчилик ва корруция жамиятга келтирадиган салбий оқибатлар туфайли, жамият хавфсизлиги ва барқарорлигига тўғридан-тўғри таҳдид эканлигини англатади.
"Коррупция - давлат органлари ходимлари моддий ёки мулкий йўсинда ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида ўз хизмат мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодисадир. Лекин фақат давлат хизматчилари коррупция фаолиятининг субъектлари ҳисобланади, чунки коррупция муносабатлари юзага келишига сабаб бўладиган қарорлар қабул қилиш ёки ҳаракатлар содир этиш учун ҳокимият ваколатига фақат улар эга бўлади".
Юқоридагилар коррупцияга берилган таърифлардир. Ҳозир ҳам бу тушунчани ёритишда бир қанча таърифлар мавжуд. БМТнинг Коррупцияга қарши Конвенциясида коррупцияга энг қисқа, лекин кенг қамровли таъриф қуйидагича берилган: "Коррупция - бу шахсий наф кўриш мақсадида давлат ҳокимиятини суиистеъмол қилишдир".
Бугунги кунда криминалист олимлар ўртасидаги баҳсларда, жиноят, фуқаролик, маъмурий, меҳнат, хўжалик ҳуқуқи соҳасидаги мутахассисларнинг илмий ишларида, оммавий ахборот воситаларида "коррупция" ибораси турли маъноларда қўлланилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, коррупция ижтимоий-ҳуқуқий ҳодиса бўлиб, жиноятчиликнинг ўта салбий кўринишидир, деб хулоса қилиш имконини беради.
Президент И.А.Каримовнинг “Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари” асарда кўрсатилгандек, тоталитаризмдан демократия ва бозор муносабатларига ўтишдек мураккаб давр моҳияти асосий иқтисодий ва маданий тизилмаларни синдириб ташлашни англатади, бу эса аҳлоқ ва одоб меъёрларига таъсир этади ва жиноятчилик ва корррупция муқаррар равишда кучаяди.15
Демократия ва бозор муносабатларига ўтиш даврида коррупция ва жиноятчилик кўпайиб боради, узоқ давом этган тоталитар тузумдан кейин шаклланадиган, ҳар бир шахснинг ўз имкониятларини юзага чиқариши мумкин бўлган демократия шароитида эркин ҳаракат қилиш ҳуқуқидан мансабдор шахслар ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга қаратилганлиги оқибатида юзага келиши ва ривожланишини таъкидлаш жоиз.
Ўз мамлакати ва миллати обрў-эътиборини қадрлайдиган ҳар бир инсон ўзининг ҳалол меҳнат қилиши, яшаши зарурлиги, коррупция ва жиноятчилик фақат мамлакат тақдирига таҳдид солувчи хавф бўибгина қолмасдан ҳар бир шахснинг ҳаёти ва келажаги учун хатарли эканлигини англамоқ зарур. Хулоса шундан иборатки, халқаро хавфсизлик ҳам, алоҳида олинган мамлакатларнинг тинчлиги ҳам таҳдидларга бардош жамият яратишга кўп жиҳатдан боғлиқ. Мустақилликни мустаҳкамлаш, тинчлик ва барқарорликни асрашга алоҳида эътибор бериш ҳар биримиз учун долзарб масала эканини англаб олиш лозим.
Мамлакатимизда мазкур муаммога қарши кураш масаласига мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ жиддий эътибор қаратиб келинмоқда. Ўтган давр мобайнида коррупция ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда унинг олдини олишга қаратилган мустаҳкам ҳуқуқий база шакллантирилди. Республикамизда БМТ ҳомийлигида қабул қилинган ЭКОСОС (БМТнинг иқтисодий ва ижтимоий кенгаши)нинг Коррупцияга қарши кураш резолюцияси (1995 йил), Давлат мансабдор шахсларининг халқаро ахлоқ кодекси (1996 йил), Халқаро тижорат ташкилотларида коррупция ва порахўрликка қарши кураш ҳақидаги декларация (1997 йил), Миллатлараро уюшган жиноятчиликка қарши кураш конвенцияси (2000 йил) ва бошқа халқаро ҳужжатларнинг қабул қилингани мазкур иллатга қарши курашда муҳим омил вазифасини ўтамоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |