3.Фуқаролар ўзини ўзи бошқариши ҳуқуқий асосларининг ривожланиши
Мустақилликка эришилиши билан Ўзбекистонда маҳалла институтига мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратишнинг фаол жараёни бошланди. Биринчи ҳуқуқий ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Конституцияси бўлди, унинг 105-моддасида қуйидагича белгилаб қўйилган: "Шаҳарча, қишлоқ ва овулларда, шунингдек улар таркибидаги маҳаллаларда ҳамда шаҳарлардаги маҳаллаларда фуқароларнинг йиғинлари ўзини ўзи бошқариш органлари бўлиб, улар икки ярим йил муддатга раисни (оқсоқолни) ва унинг масла-ҳатчиларини сайлайди".
Конституциянинг ушбу қоидаси маҳалланинг ҳуқуқий асосларини янада ривожлантириш учун дастуруламал бўлиб хизмат қилди. Шундай қилиб, 1993 йил 2 сентябрь куни "Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ушбу қонун илк марта қонунчилик даражасида маҳалла фаолиятини тартибга солди, яъни унинг ҳуқуқий мақомини белгилаб берди.
Фуқароларнинг моддий мустақиллиги ва сиёсий-ҳуқуқий онги ошишига сабаб бўлаётган демократик ислоҳотлар чуқурлашиб, бозор муносабатлари ривожланиб боргани сари маҳалла институтининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш зарурати туғилди. Натижада 1999 йил 14 апрель куни "Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида"ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Унда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ҳуқуқи бевосита мустаҳкамлаб қўйилди, маҳалла фаолиятининг асосий тамойиллари, унинг фаолиятини қўллаб-қувватлашга давлат кафолати белгилаб берилди, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ваколатлари кенгайтирилди.
4.Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқаришини ривожланишининг концептуал асослари
Маҳаллий ҳокимият органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари бажарадиган вазифалар доирасини кенгайтириш, уларга давлат ваколатларининг бир қисмини босқичма-босқич топшириш лозим. Бунда энг муҳими, аҳолининг касб ва ижтимоий таркиби манфаатларини ян ада тўлароқ ифодалаш ва ҳимоя қилишда нодавлат, жамоат тузилмаларининг ҳуқуқ ва мавқеларини ошириш даркор. "Кучли давлатдан - кучли фуқаролик жамияти сари" деган сиёсий қурилиш дастурининг мохияти ана шунда яққол намоён бўлади. Айнан шундай ёндашув фуқароларнинг ўзларига ўз ҳаёти ва бутун жамият ҳаётини бошқаришда ва ташкил этишда кенг иштирок этиш учун имконият яратади. Бу эса фуқаролик жамияти тамойилларига тўла мос келади25.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Ўзбекистонда давлат ва жамият қурилишини эркинлаштириш концепцияси нафақат мамлакатимиздаги ислоҳотлар учун илмий-амалий асос26, балки умуман, давлатчилик тараққиётидаги ўзига хос таълимотга айланди дейилса, муболаға бўлмайди. Ушбу концепциянинг ўзбек халқи маданияти ва умум эътироф этилган демократик қадриятлар уйғунлигида шаклланганлиги мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муваффақиятига хизмат қилмоқда. Зеро, ҳар қандай янгиланиш, ҳаттоки либераллаштириш ҳам халқнинг манфаатларига хизмат қилиши лозимлиги исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |