Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқаришини ривожланишининг концептуал асослари.
Таянч сўзлар: ўзини ўзи бошқариш, фуқаролар йиғини, маҳалла, маҳаллий ҳокимият, ҳоким, депутат, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари, номарказлаштириш.
1. Фуқаролик жамияти тизимида ўзини ўзи бошқариш органларининг ўрни
Фуқаролик жамияти институтлари тизимида ўзини ўзи бошқариш органлари (маҳалла)нинг ўрни беқиёсдир. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “...ўзини ўзи бошқариш органлари - бизнинг келажагимиз. Фуқаролик жамиятини қурмоқчи эканмиз, унинг асосларини ташкил этувчи пойдевор мана шу органлар бўлади. Биз бугун ана шу асосларни қуришни бошладик”22.Кўпчилик мамлакатлардан фарқли ўлароқ, маҳалла институти юртимизда минг йиллар давомида синалган ва чуқур илдиз отган, аҳолини бирлаштириб турадиган ижтимоий ҳодиса сифатида ривожланиб келмоқда. Айниқса, унинг ҳозирги бозор иқтисодиётига ўтиш шароитида халқимизнинг урф-одатлари, анъаналари ва қадриятларини сақлаб қолиш, уларни жипслаштириш кафолати сифатида майдонга чиқаётганлигини яққол кўриб турибмиз.
Ўзбекистонда фуқаролар ўзини ўзи бошқарувини амалга оширишда маҳалла ўрнак бўлади. Маҳалла ўзбекларнинг тарихан шаклланган жамият тараққиётини юксалтириш учун ягона мақсад билан яшаб, фаолият кўрсатиш маконига айланган. У ўзбек халқининг турмуш тарзи, руҳияти, ижтимоий ҳаётининг ўзига хос хусусиятларини акс эттирувчи, миллий анъаналарини, урф-одатларини, ахлоқий-маънавий қадриятларини авлоддан-авлодга етказувчи муқаддас маскан бўлиб келган. Маҳалла инсонларнинг миллати, ёши, жинси, дини, ирқи, тили, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар уларни эзгулик йўлида жипслаштирувчи ва бирлаштирувчи катта ва муқаддас оила ҳисобланади.
2. Маҳаллий ҳокимият ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ўзаро муносабатлари
Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг мустақиллиги уларнинг маҳаллий ҳокимият органлари билан муносабатларида акс этади. Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонунининг233-моддасига мувофиқ фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариши фуқароларнинг маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни ўз манфаатларидан, ривожланишнинг тарихий хусусиятларидан, шунингдек миллий ва маънавий қадриятлардан, маҳаллий урф-одатлар ва анъаналардан келиб чиққан ҳолда ҳал қилиш борасидаги Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари билан кафолатланадиган мустақил фаолиятидир. Мазкур Қонун 8-моддасининг иккинчи қисмида эса фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмайди ва қонун билан берилган ўз ваколатларини тегишли ҳудуд доирасида амалга ошириши мустаҳкамланган.
“Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуннинг24 4-моддасида маҳаллий давлат ҳокимияти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ўзаро муносабатлари белгиланган. Мазкур моддага мувофиқ халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши ва вилоят, туман, шаҳар ҳокими тегишли ҳудудда ўзини ўзи бошқаришни ривожлантиришга кўмаклашишлари, ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолиятини йўналтириб туришлари белгиланган. Ушбу Қонуннинг 1-моддасида эса Халқ депутатлари Кенгаши ва ҳоким давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўртасидаги алоқаларни, аҳолини вилоят, туман ва шаҳарни бошқаришга жалб этишни таъминлаши белгиланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |