1-Мавзу: Ўзбекистон 1925-1941 йилларда
Режа:
1. ХХ аср 20-йиллари ўрталарида ижтимоий-иқтисодий ҳаёт.
2. Қишлоқ хўжалигини жамоалаштириш ва унинг асоратли оқибатлари.
3. Ўзбекистонда “Маданий инқилоб” ва унинг оқибатлари.
4. ХХ аср 20 йиллари иккинчи ярми - 30-йиллардаги сиёсий қатағонлар.
Ўрта Осиёда миллий - ҳудудий чегараланиш ўтказилиши натижасида дастлаб Туркистон, Бухоро, Хоразм республикалари иқтисодий кенгашлари ўз фаолиятини тўхтатди. 1924 йил 25 ноябрда эса Ўрта Осиё Иқтисодий Кенгаши (СЭС) тугатилди ва унинг вазифалари СССР Меҳнат ва Мудофаа Кенгашининг Ўрта Осиёдаги Мухтор вакиллик бошқармаси ихтиёрига ўтказилди.Бироқ 1926 йил июль ойида бу бошқарма тугатилгач, 1926 йил 30 июлда СССР ХКС ҳузурида Ўрта Осиё Иқтисодий Кенгаши (СредазЭКОСО) қайтадан ташкил қилинди. Ўрта Осиё республикалари (Ўзбекистон ССР, Туркманистон ССР, Тожикистон АССР, Қирғизистон АССР) билан СССР ўртасидаги иқтисодий муносабатларни амалга оширишда, уларни Иттифоқ иқтисодий мажмуасидаги ўрни ва вазифаларини белгилашда Ўрта Осиё Иқтисодий Кенгашнинг ўрни катта бўлди. Марказнинг мустамлакага асосланган иқтисодий бошқарув органи – СредазЭКОСО Ўрта Осиё республикаларини иқтисодий жиҳатдан бошқарув тизимини марказлаштиришда муҳим роль ўйнади. Ўрта Осиё Иқтисодий Кенгаши бу вазифани бажариб бўлгач, 1934 йил 3 октябрда СССР ХКС ва ВКП (б) МК махсус қарори билан тугатилди.
Шунингдек, Ўзбекистон ССРда 1925-1926 йилларда ЎзССР Иқтисодий Кенгаши (ЭКОСО) ҳам фаолият кўрсатган. Бу пайтда Ўзбекистон ССР нинг пойтахти Самарқанд шаҳрида бўлганлиги учун бу ташкилот хам шу ерда жойлашган эди. Ўзбекистон ССР Иқтисодий Кенгашининг раиси Файзулла Хўжаев бўлган.
1925-1928 йилларда янги иқтисодий сиёсат аста-секин бузила бошлади. Саноат ва қишлоқ хўжалигида қийинчиликлар кўпайиб қолди, режалаштирилган индустрлаштириш учун маблағлар етишмас эди, товарлар танқислиги кескинлашди. Бу ҳолатни бутун Совет Иттифоқи бошидан кечираётган бўлса ҳам бироқ у Ўзбекистон ССР да яна ҳам кескинроқ намоён бўлди, чунки республика деҳқонлари саноат молларини олишда кўплаб қийинчиликларга учрар эди. Товар танқислигининг кучайиб бориши нарх-навонинг ошиб кетишига, рубль курсининг ўзгариб туришига олиб келди. Саноат моллари ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари баҳоларининг ўртасида катта тафовут бўлиши деҳқонларнинг кучли норозилигига олиб келди.
1927 йили ғалла тайёрлашдаги қийинчиликлар муносабати билан баҳоларни тартибга солиш муаммоси яна кўндаланг бўлиб қолди. Бу нарса шаҳар билан қишлоқ, ишчилар билан деҳқонлар ўртасида катта зиддиятлар пайдо бўлиб қолганлигини кўрсатар эди. Совет давлати қишлоқ аҳолиси томонидан истъмол қилинадиган саноат молларига нисбатан юқори ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига эса нисбатан паст баҳоларни қўйиб, деҳқонларни индустрлаштириш учун маблағ берадиган ўзига хос устама солиқ тўлашга мажбур қилди.
Хуллас, Совет ҳокимияти янги иқтисодий сиёсатдан аста-секинлик билан, бироқ қатъий равишда воз кеча бошлади. Хусусан, мамлакатда саноатни индустрлаштириш ва қишлоқ хўжалигини коллективлаштириш даврида бу сиёсат бутунлай тугатилди. СССР давлати ва большевиклар партиясининг раҳбари И.В.Сталин 1929 йил 3 ноябрда ёзган “Буюк бурилиш йили” мақоласида СССР да социалистик жамият қурилиши жараёнида давлат секторининг ҳал қилувчи роли тўғрисида ўз қарашларини баён қилди.
Хулоса тарзида таъкидлаш жоизки, янги иқтисодий сиёсат даврида Туркистон ўлкасида вайрон бўлган иқтисодиёт тикланди. Саноат ва қишлоқ хўжалигида жонланиш юзага келди. Совет давлати раҳбарияти иқтисодиётни либераллаштириш ва сиёсий ён беришлар орқали мамлакатда социалистик давлат мулкидан ташқари мулкчиликнинг бошқа шакллари мавжуд бўлишига йўл қўйиб берди. Хусусий мулк ва бозор муносабатлари жамият ҳаётига қайтадан кириб келди ва муҳим роль ўйнай бошлади. Туркистон АССР да ҳам бу даврда саноат корхоналари қайта тикланди. Янги завод ва фабрикалар қурилди, саноатнинг мутлақо янги тармоқлари вужудга келтирилди. Қишлоқ хўжалигида озиқ-овқат развёрсткаси ўрнига озиқ-овқат солиғининг жорий этилиши, бозорларнинг очилиши ва эркин савдога рухсат берилиши қишлоқ аҳолиси бўлган деҳқонлар турмушини анча яхшилади.
Бироқ совет ҳокимияти янги иқтисодий сиёсат давомида ҳам ўзининг пировард мақсадларидан воз кечмади. У иқтисодиётни марказлаштириш сиёсатини олиб борди. Туркистон ўлкасидаги саноат корхоналари Марказ манфаатларига хизмат қилиши керак эди ва шундай бўлди ҳам. Ўрта Осиё Иқтисодий Кенгашининг ташкил топиши ва унинг 10 йилдан ортиқ давом этган фаолияти натижалари шуни кўрсатадики, минтақадаги олий иқтисодий орган бўлган бу ташкилот Марказнинг кўрсатмалари асосида иш юритди ва унинг талабларини бажарди. Ўрта Осиё республикалари иқтисодиёти Марказ манфаатларига бўйсундирилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |