ХХ аср 20- йиллари иккинчи ярми - 30-йиллардаги сиёсий қатағонлар.
1922 йил 30 декабрда ташкил топган СССР қудратли унитар (қўшма) давлат бўлиб, унда расмий федерация субъектлари суверен ҳуқуқлар ва реал мустақилликдан маҳрум эдилар. Ўзбекистон ҳам фақат номигагина СССР таркибидаги суверен руспублика ҳисобланган, аслида эса иттифоққа ҳар томонлама қарам эди. СССРда қарор топган бошқарувнинг маъмурий-буйруқбозлик тизими жамиятнинг барча соҳаларини ўз мақсад ва вазифаларига бўйсундирган, ижтимоий-сиёсий ҳаёт ўта сиёсийлаштирилиб, ўзгача фикрлашларга қарши шафқатсиз кураш олиб борилар эди.
20-30 йилларда мустабид тузумга қарши фикр билдирганларни таъқиб остига олиш авж олди. Айни шу пайтда “18 лар гуруҳи”, “иноғомовчилик”, “қосимовчилик” каби сиёсий ишлар тўқиб чиқарилган эди.
Ўзбекистондаги ҳукумат ва партия органларининг ваколатлари масаласи тадқиқ этилганда ўн саккизлар гуруҳининг фаолияти ва қисматини ўрганиш муҳим аҳамият касб этади. Тарихдан маълумки, асосан ҳукумат аъзолари кирган ўн саккизлар гуруҳи аъзолари Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети сиёсатига қарши чиққан эдилар.
1925 йил ноябрда Ўзбекистонда фаолият кўрсатган миллий раҳбар ходимлардан 18 киши (улар тарихий адабиётларда “ўн саккизлар гуруҳи” деб аталарди) 1925 йил 19-22 нобрда Самарқандда бўлган Ўзбекистон Компартияси Маказий Комитети пленумига қуйидаги ариза билан мурожаат қилган эдилар:
“ЎзКП(б) МК пленумига
Ариза
Дўстона ва самарали ишлаш учун тоқат қилиб бўлмайдиган шароит юзага келганлиги муносабати билан бизни Ўзбекистондаги ишдан бўшатишни ва РКП(б) МК ихтиёрига жўнатишингизни сўраймиз.
Агар лозим бўлса, сабабини янада муфассалроқ баён қилишимиз мумкин”.
Ариза остида Ўзбекистонда фаолият олиб борган 18 нафар масъул миллий ходимларнинг фамилияси ва лавозими ёзилиб, имзолари қўйилган. Ўзбекистон ССР ҳукумати аъзолари, айрим округлар, вилоятлар, уездлар, туманлар ва шаҳарлар раҳбарлари, йирик хўжалик бошлиқлари ва партия ходимларидан иборат бўлган ва мазкур аризага қўл қўйган 18 нафар миллий ходимлар қуйидагилар бўлиб, улар ариза ёзилган 1925 йил ноябрда қуйидаги расмий лавозимларда фаолият кўрсатишган:
Абдурахим Ҳожибоев - Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети аъзоси; Фарғона округи партия комитети масъул котиби.
Нуритдин Қориев - ЎзССР Марказий Ижроия Комитети Президиуми аъзоси; Ўзбекистон ССР Марказий Ижроия Комитети Президиуми масъул котиби.
Баҳодир Мақсумов - Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети аъзоси; “Ўзбекхлопком” бошқармаси раисининг ўринбосари.
Раҳимжон Раҳимбобоев - Ўзбекистон ССР Ички ишлар комиссари ўринбосари.
Иномжон Хидиралиев - Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети аъзоси; Ўзбекистон ССР Ер ишлари халқ комиссари.
Мирзахўжа Ўринхўжаев - Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети аъзолигига номзод; Самарқанд вилояти ижроия комитети раиси.
Мухторжон Саиджонов - Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети аъзоси; Зарафшон округи партия комитети масъул котиби.
Исмоил Бозорбоев - Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети аъзоси; Қашқадарё округи партия комитети ташкилий бўлими бошлиғи.
Раҳмат Рафиқов - Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети аъзоси; Ўзбекистон ССР Ички ишлар халқ комиссари.
10. Зокир Ҳасанов - Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети аъзоси; “Қизил Шарқ” тўқимачилик корхонасининг Самарқанд бўлими бошлиғи.
11.Муҳаммаджон Каримжонов - Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети аъзоси; Тошкент шаҳар касаба уюшмаси раиси.
12.Обид Мақсудов - Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети аъзоси; Тошкент шаҳри 1-район партия комитети масъул котиби.
13.Ҳайитдин Эшонов - Конибодом район партия комитети котиби.
14.Абдурашид Мукамилов - Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети аъзолигига номзод; Зарафшон округи ижроия комитети раисининг биринчи ўринбосари.
15.Раҳматулла Музаффаров - Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети аъзоси; Зарафшон округи партия комитети тарғибот ташвиқот бўлими бошлиғи.
16.Абдумажид Зокиров - Ўзбекистон Компартияси обкоми (область партия комитети) аъзоси; Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети захирасида турган.
17.Насм Ширинов - коммунистик партия, яъни Ўзбекистон Компартияси аъзоси; Самарқанд уезди партия комитети масъул котиби.
18.Ўринбой Ашуров - коммунистик партия, яъни Ўзбекистон Компартияси аъзоси; Марғилон уезд - шаҳар партия комитети масъул котиби.
Ўзбекистон Компартияси МК пленуми ушбу аризани кўриб чиқишини РКП(б) МК Ўрта Осиё бюросига топширган. Мазкур аризадан сўнг пленум ва Ўзбекистон Компартияси МК котибиятига ўн саккизлар аризасини қўллаб қувватлаб, 21 ноябрда яна 8 киши (Абдураҳмонов, Қодиров, Мирхўжаев, Саидхонов, Мусахўжаев, Олимжонов, Қурбонов, Исамухамедов)дан иккита ариза тушган. Бу аризаларнинг биринчисини Зарафшон вилояти делегатлари ва айрим ходимларидан Абдураҳмонов, Қодиров, Мирхўжаев, Саидхонов, Мусахўжаев, Олимжонов, иккинчисини Ўратепа уезди ижроия комитети раиси Қурбонов ва Ўзбекистон ЛКСМ МК ташкилий ишлар бўлими бошлиғи ва Ўзбекистон ССР МИК аъзоси Исамуҳамедов каби масъул ходимлар беришган.
Ариза берганлар билан РКП(б) МК Ўрта Осиё биринчи котиби И.А.Зеленский ва Марказдан юбрилган бошқа масъул ходимлар суҳбатлашган. Бу суҳбат аслида тергов тусини олган. Партиянинг ички интизомига қатъий амал қилиш, партия сафларида ҳеч қандай гуруҳбозликка ўрин бўлмаслиги каби талаблар ва турли тазйиқлардан сўнг 18 нафар кишидан 8 киши (А. Ҳожибоев, И.Хидиралиев, М. Ўринхўжаев, Ў.Ашуров, Ҳ.Эшонов, А. Мукамилов, А.Зокиров, Н.Ширинов) хато қилганликларини “тан олиб”, аризадаги ўз имзоларини қайтариб олганликлари хусусида ариза берганлар. Қолган 10 нафар киши (Н.Қориев, А.Музаффаров, М. Саиджонов, Р.Рафиқов, Б.Мақсумов, И.Бозорбоев, О. Мақсумов, М. Каримжонов, З.Ҳасанов, Р.Раҳимбобоев) қайтадан ариза ёзишиб, ишларини Ўрта Осиё бюросида кўриб чиқишни талаб қилишган.РКП(б) Марказий Контроль Комиссияси Президиуми аъзоси М.В. Косарев, РКП (б) Марказий Контроль Комиссияси аъзоси Д.Манжара ва Ўрта Осиё бюроси ташкилий – тақсимлов бўлими бошлиғи А.Здобновдан иборат махсус комиссия 1925 йил 22- 29 ноябрда ариза берувчи ҳар бир киши билан алоҳида савол-жавоб, аслида ўзига хос сўроқ ўтказиб, ариза ёзишининг сабабларини текширган. Декабрь ойининг бошларида бу савол - жавоб яна такрорланган.
Мазкур комиссиясининг хулосаларига таяниб тарихчи Қ.Ражабовнинг ёзишича, ўн саккизлар гуруҳининг ҳаракатларини Ўзбекистон ССР ҳукумати бошлиғи Файзулла Хўжаев фаол қўллаб- қувватлаган. Ҳужжатда қайд қилинишича, Файзулла Хўжаев бу гуруҳнинг расмий аъзоси бўлмаса ҳам, аслида уларнинг ғоявий илҳомчиси бўлган. Ўн саккизлар гуруҳи аъзолари ВКП(б) МК Ўрта Осиё бюросининг Ўзбекистондаги шовинистик сиёсати ҳамда бу сиёсатни юритувчилари бўлган Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети котиблари Владимир Иванов ва Акмал Икромовнинг ўлкада олиб бораётган сиёсати ва иш юритиш услубига қарши норозилик изҳор этиб, мазкур аризага имзо чекканлар.
Энг қизиғи шундаки, сўроқ қилинган раҳбарларнинг барчаси маҳаллий миллатга мансуб кишилардан иборат бўлиб, сўроқ қилган комиссия аъзоларининг бирортаси ҳам ўзбек тилини билмаган. Шу боисдан сўроқ қилиш ва стенограмма рус тилида олиб борилган. У даврда ҳали сўроққа тортилган маҳаллий миллатга мансуб раҳбарларнинг ҳаммаси ҳам рус тилини бирдек мукаммал билавермаслиги, русчани сал-пал тушунганлари ҳам ўз мулоҳазаларини мазкур тилда эркин ифода эта олмасликлари сўроққа тортилган ходимларда катта қийинчилик туғдирган. Шу боисдан уларнинг баъзилари ариза ёзишдан мақсадлари нима эканлигини олдиндан қоғозга ёзиб олиб, унга таянган ҳолда жавоб беришга ҳаракат қилишган. Комиссия аъзолари эса бу ҳолатга сиёсий тус бериб, ушбу “шпаргалкалар” гуруҳбозлик курашининг ғоявий раҳнамолари томонидан махсус тайёрлаб берилгалиги хусусидаги хулосага келганлар.
Ўн саккизлар гуруҳи иштирокчилари ариза беришларига партия ичида гуруҳбозлик курашининг давом этаётганлиги, бунинг натижасида эса самарали ишлаш учун шароитнинг йўқлиги, раҳбарларнинг ходимларга ишонмаслиги асосий сабаб бўлганлигини кўрсатиб ўтганлар. Буни улар Ўрта Осиё бюроси мажлисида берган кўрсатмаларида ҳам таъкидлаб ўтишган. Масалан, Раҳмат Рафиқов мулоҳазаларида шундай дейилади: “Республика партия ташкилотидаги гуруҳбозлик кураши тўхтамаётганлиги ариза ёзишга мажбур қилди. Мен тўраларча ишлашни хоҳламайман, балки ҳалол партия кишиси сифатида ишлашни хоҳлайман. Иванов ва Икромовнинг гуруҳбозлик кураши масаласи бўйича ходимларни қабул қилиш ва эшитиш учун вақтлари йўқ эди, улар томонидан дўстона маслаҳатлар бериш ҳам амалда йўқ эди”.
Муҳамаджон Каримжонов кўрсатмаларида эса қуйидаги фикрлар мавжуд: “Мен бу гуруҳбозларнинг тугатилганлигини кўрмаяпман, аксинча улар кучайиб бормоқда. Агарда уларнинг нуфузи олдин партия аъзоларининг 25 фоизини ташкил қилган бўлса, ҳозирда улар 90 фоизга етган. Марказий Комитет раҳбалигининг мустаҳкамлиги ва яхшилигини тан олган ҳолда айтиш керакки, барибир МК бу борада ҳеч қандай чора кўрмади, мен шахсан дўстона ишлаш ва гуруҳбозларни тугатиш мумкин эмас, деб ҳисоблайман”. Зокир Ҳасанов эса яна ҳам кескинроқ фикр билдирган: “Марказий Комитет лозим даражада яхши ва керагича раҳбарлик қила олмади”.
Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети V пленумида (1925 йил 22 ноябрь) сўзга чиққан РКП (б) МК Ўрта Осиё бюроси биринчи котиби И.Зеленский қуйидагича фикр билдирган эди: “Мен ўртоқларга (ариза берган ўртоқларга) янги хўжалик йили бошланаётганда МК раҳбарияти тўғрисидаги масалани кун тартибига қўйиш барча соҳадаги ишларга салбий таъсир қилишини, шунингдек, ҳозир раҳбариятни алмаштириш партия ва совет органларининг қуйи бўғин раҳбарларини ҳам алмаштиришга сабаб бўлишини тушунтирдим”. Демак, бундан кўриниб турибдики, ўн саккизлар гуруҳи аъзоларининг талабларидан бири Марказ манфаатларини Ўзбекистонда амалга ошираётган республика коммунистик ташкилотининг раҳбарлари В.Иванов ва А.Икромовни ўз вазифаларидан озод қилишдан иборат бўлган.
РКП(б) Мк Ўрта Осиё бюроси комиссияси хулосасига кўра, Файзулла Хўжаев, Абдураҳим Ҳожибоев ва Баҳодир Мақсумов ўн саккизлар гуруҳининг ғоявий раҳнамоси ва ташкилотчиси деб топилди. Бундан ташқари хулосада таъкидланишича, Файзулла Хўжаев, А.Ҳожибоев ва Р. Исломов Ўзбекистонда учта группа тузиб, гўёки Марказий Комитетга қарши биргаликда ягона жабҳада туриб кураш олиб борганлар.
Ўн саккизлар гуруҳи аъзолари РКП(б) МК Ўрта Осиё бюроси комиссияси ва Ўзбекистон Компартияси МК иккинчи чақириқ 1 пленуми қарорига кўра 1925 йил декабрда қуйидагича жазоланди: Раҳмат Рафиқов, Мухторжон Саиджонов, Иномжон Хидиралиев, Нуритдин Қориев ўз вазифаларидан олиб ташланди, Раҳмат Рафиқов ва Баҳодир Мақсумов партия аъзолигидан чиқарилди, Зокир Ҳасанов ва Обид Мақсумовга қаттиқ ҳайфсан эълон қилинди, Рахматулла Музаффаровнинг иши кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Компартияси МККга топширилди, Раҳимжон Раҳимбобоев ва Абдураҳим Ҳожибоега танбеҳ берилди, ўз хатоларини “тан олган” 8 кишини шахсий ишига эса гуруҳбозлик курашида иштирок этганлиги ёзиб қўйилди.
Файзулла Хўжаевнинг Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети 1927 йил март пленумида сўзлаган нутқида айтган фикрлари ўша йилларда партияда вужудга келган аҳволни тўла - тўкис таърифлаб беради: “Биз ўтган вақт давомида мазкур аризанинг сиёсий вазифалари ёки амалий мақсадлари нимадан иборат бўлганлигини билишга бирор марта ҳам уриниб кўрмадик”.
Бироқ ўн саккизлар гуруҳи аъзоларининг кейинги тақдири аянчли кечди. Иномжон Хидиралиев 1928 йил 31 декабрда Москвада фожиали ўлим топди, айрим кишилар 1930 йили Б. Мавлонбеков гуруҳида иштирок этганликда айбланди ва жазоланди, қолганлари эса 1934, 1937-1938 йиллардаги оммавий қатағонларнинг қурбони бўлишди. Фақат умрининг катта қисмини сургун ва қамоқхоналарда ўтказган Мирзахўжа Ўринхўжаев 1958 йилда туғилган юрти Самарқандга қайтиб, кейинчалик ўз ажали билан вафот этди
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ССР ва Ўзбекистон Компартияси ташкил топгач, ҳукумат ва партия органларининг ваколатлари доираси қизғин мунозараларга сабаб бўлди. Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети раҳбарияти ВКП(б) МК Ўрта Осиё бюроси аъзолари ҳамда Марказнинг бошқа вакиллари мадади ва кўрсатмасига таяниб, республикадаги совет ва хўжалик органлари ишига, хусусан, Ўзбекистон ССР Халқ Комиссарлари Совети фаолиятига беписандлик била қарадилар. 1925-1926 йилларда партия сафлари ўртасида қатъий тартиб ва интизом йўқлиги турли гуруҳбозлик ҳолатларини келтириб чиқарди. Марказий Комитетдан ўрнак олган жойлардаги партия ташкилотлари соғлом рақобат ва ўзаро танқид муҳитида ишлаш ўрнида совет ва хўжалик органлари фаолиятига билар-билмас аралашиб, уларнинг мустақил иш кўришига монелик қилди.
Партия ташкилотлари раҳбар коммунистларни хўжалик, ижтимоий ва маданий қурилишининг барча соҳаларига мутасадди қилиб қўйган эди. Маъмурий – буйруқбозлик усуллари билан иш олиб борган партия ташкилотлари корхоналар ва муассасалар раҳбарлари ҳамда меҳнат жамоаларининг мустақиллигини чеклаб, уларнинг ташаббусини бўғар, улар фаолиятидаги демократик жиҳатларни йўққа чиқарар эди.
Ҳукумат ва партия органларининг функциялари конституция ва турли қонунларда кўрсатилган бўлишига қарамасдан, партиявий ваколатлар доираси табора кенгайиб, кейинчалик жамиятнинг барча соҳалари устидан ҳукмрон кучга айланди. Бу ҳолатга қарши чиққан миллий раҳбар ходимлар (ўн саккизлар гуруҳи, Р.Иноғомов ва б.) мухолифатда айбланиб, улар аввал ғоявий жиҳатдан, сўнгра жисмоний жиҳатдан маҳв этилди. Совет режимининг репрессив хусусияти Ўзбекистонда ҳам яққол намоён бўла бошлади.
“Иноғомовчилик” 1926-1931 йилларда мустабид тузум томонидан миллий раҳбар ва зиёлиларнинг қатағон қилинишига сабаб бўлган уйдирма. “Иноғомовчилик”- ўша йилларда ЎзССР Маориф Халқ Комиссари вазифасини бажариб келган Раҳим Иноғомов (1902-1938) номи билан боғлиқ.
Р.Иноғомов ва унинг тарафдорлари халқ таълими ва маданиятини пролетарлаштиришга қарши чиқиб, ВКП (б) МҚ Ўрта Осиё бюроси фаолиятини тугатиш талабини кўтариб чиқадилар. Шунингдек, Р.Иноғомов ўзбек меҳнаткашларининг октябр тўнтаришига тайёр бўлмаганликлари ва унинг европалик пролетар кучлар томонидан амалга оширилганлиги ҳамда рус истибдодига қарши мустақиллик ҳаракатида тарихий ролни фақат зиёлилар ўйнаган, бизда эса ҳали пролетариат йўқ деган дадил фикрларни билдиради.
Махсус уюштирилган вилоят пленумларида “иноғомовчилик” қораланиб, у билан аёвсиз кураш олиб боришга даъват этилади. Ҳатто “иноғомовчилик” ни партия сафларидаги буржуазия агентураси деб баҳолашади.
“Иноғомовчилик” ка қарши кураш матбуотда ҳам давом этади. Ўрта Осиё бюросининг “За партию” деган журналида И.Зеленский “иноғомовчилик” ни қаттиқ танқид қилиб, унинг коммунистлар томонидан қўллаб-қувватланмаганлиги, унга қатъий зарба берилганлигини алоҳида таъкидлайди.
Раҳим Иноғомовга шу каби асоссиз “айбномалар” қўйилгандан сўнг, уни Қашқадарё вилоятининг энг чекка қишлоқларининг бирига ишга юборишади. Қувғин ва таъқиблар таъсирида Р.Иноғомов матбуот орқали тавба-тазарру мазмунидаги “очиқ хат”и билан чиқади.
Иноғомовнинг қарашлари хусусида Мустафо Чўқаев қуйидаги фикрларни билдирган: “...Биз русларга иқтисодий жиҳатдан қарам бўлишни истамаймиз.. Мана шу ҳақиқатни коммунист бўлишга шошилган туркистонлик ёшлар англай бошлади.. Р.Иноғомов бошлиқ гуруҳ ўзбекларга ўз-ўзини бошқариш ҳуқуқини бериш, Туркистон устидан Ўрта Осиё бюроси назоратини бекор қилинишини талаб қилган.”
“Қосимовчилик”-1929-1930 йилларда миллий анъанавий суд ва ҳуқуқ соҳасидаги қадриятларни сақлаб қолиш тарафдорлари бўлган ватанпарвар руҳдаги ҳуқуқшунос мутахассисларни мустабид совет тузумига мажбуран бўйсундириш йўлидаги (репрессия) қатағонга қарши ҳаракат бўлди.
1929 йилда ЎзССР Олий судининг раиси Саъдулла Қосимовнинг “қосимовчилик” деб номланган ишини кўриб чиқиш бошланади.
С.Қосимов, Б.Шарипов, судялар М.Мирзокиров, И.Хўжаев, суд идораси ходими Спиридонов устидан 1930 йилнинг мартида бошланган суд жараёни натижалари олдиндан тайёрланган ёлғонга айлантирилган эди. Давлат ва жамоат айбловчилари С.Қосимов ва маслакдошларининг ҳақиқий жиноий ишларини исбот қила олмадилар. Бироқ, уларнинг Мунаввар Қори Абдурашидхонов томонидан ташкил этилган “Турк одами марказияти” партияси билан алоқалари, С.Қосимовнинг Султон Сегизбоев ва адвокат Убайдулла Хўжаев (Асадуллахўжаев), Япониядаги Туркистон миллий қўмитасининг мухтор вакили (аслида бундай қўмита бўлмаган) Ҳасанхон Қори Каримов билан дўстона муносабатда бўлганлиги бир неча маротаба эсга олинди. С.Қосимов ва унинг тарафдорлари “босмачилар”ни қўллаб-қувватлашда, “аксилинқилобчи миллатчи ташкилотлар” аъзолари билан алоқа боғлаганликда, ислом динини ҳимоя қилишда айбландилар. Ҳолбуки, С.Қосимов ва Б.Шарипов ўз хизмат вазифаларини бажариш вақтида туб миллат манфаатларини имконият доирасида ҳимоя қилишган эди. С.Қосимов тергов ва суд жараёнида СССР Олий суди томонидан Ўзбекистоннинг суверенлик ҳуқуқи ва миллий манфаатлари поймол қилинаётганлигини очиб ташлашдан чўчимади.
1930 йилнинг 22 июнида хукм эълон қилинади. Уларнинг ҳаммаси ёт синф манфаатларини ҳимоя қилганликларида, Шарипов эса босмачиларга фаол ёрдам берганликда айбланадилар. Катанян сўнгги суд жараёнида: ”...адолатли қонун ғалаба қилсин ва қон тўкилсин!” деб хитоб қилади. Қосимов ва унинг 3 тарафдори отиб ташланадилар.
Бу жараённинг асл моҳияти кўзга кўринган маҳаллий арбобларни тугатишга қаратилган эди.
Минглаб зиёлилар йўқ қилинишининг чўққиси 1937-39 йилларга тўғри келди.1937 йил декабр-1938 йил январида ХКС ва ЎЗ КП (б ) МҚнинг “ЎзССР Халқ Маориф Комиссарлиги тизимида зиёнчилик оқибатларини бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эълон қилингандан сўнг, халқ таълимининг барча соҳаларида, айниқса маҳаллий тилда дарс бериладиган мактаблар, педагогик билим юртлари ва институтларида ўқитувчи кадрлар ва талабаларни “тозалаш” ишлари авж олдириб юборилди.
Халқ таълими тизимидаги маорифпарвар зиёлиларга қарши олиб борилган қувғин ва қатағонларга “халқ душманлари, чет эл жосуслари”-А.Икромов, Ф.Хўжаев, Н.Каримов ва бошқалар ўзларининг Маориф комиссарлигидаги “одамлари”- Усмонов, Рўзиев, Сорокин, Кожуховлар орқали халқ маорифига катта зиён этказишган, деган бўҳтонлар “асос” қилиб олинди: “Улар турли чоралар билан ўзбек халқини социалистик маданиятнинг илғор вакили-буюк рус халқидан ажратмоқчи бўлдилар, ёшларни миллатчилик билан заҳарлашга ҳаракат қилдилар... Улар бир томондан, ўзбек мактабларида Ленин ва Сталин асарларини ўрганишга имкон берувчи рус тили ўқитилишига қаршилик кўрсатиб, иккинчи томондан, марксизм-ленинизм классикларининг асарларини ўзбек тилига таржима қилинишига тўсқинлик қилдилар.”
Айни пайтда истиқлол ва эрк куйчилари, ўзбек халқининг машҳур ёзувчиларидан Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Усмон Носир Сталин истибдодининг бегуноҳ қурбони бўлдилар. 30-йилларда ўзбек адабиётининг Фитрат ва Чўлпон каби “кекса” авлоди вакилларининг эркин ижод этишига йўл қўйилмади. Фитрат 1938 йил 4 октябрда “...совет ҳокимиятига қарши аксилинқилобий, пантуркистик ишлар олиб борганликда” айбланиб, отиб ташланади.
Чўлпон 1932 йили Ф.Хўжаевнинг маслаҳати билан Москвага бориб, СССР ХКС ва СССР халқлари марказий нашриётида таржимон бўлиб хизмат қилаётганида, Тошкентда бадриддиновчилар устидан суд бошланади. “Бадриддиновчилик”-Ўзбекистон ССР Олий судининг прокурори Шамсутдин Бадриддинов номи билан боғлиқ иш. Ш.Бадриддиновга “Миллий иттиҳод” ташкилоти аъзолари ва босмачилар билан алоқа боғлаган, Мунаввар Қори ва С.Қосимовнинг яқин дўсти ва ҳам фикри бўлган деган айблар қўйилган Ш.Бадриддинов ва унинг 5 тарафдори устидан суд жараёни 1932 йил 5 май-15 июнда Тошкентда бўлиб ўтади. Ана шу судда фош этувчи нутқ билан сўзга чиққан Олимов исмли гувоҳ Чўлпоннинг ҳам номини ғайрли ниятда тилга олади. Бу унинг 1937 йилда қамоққа олинишига сабаб бўлади. Чўлпон ўз олдига совет ҳокимиятини қурол билан ағдариб ташлаш ва Ўзбекистон музофотида буржуа давлатини барпо этиш мақсадини қўйган, аксилинқилобий миллатчилик ташкилот аъзоси бўлган..., совет ҳокимиятига қарши кураш учун миллий кадрлар тайёрлаган..., ташкилотнинг топшириғига мувофиқ аксилшўровий-миллатчилик руҳидаги шеърларни ёзган. Хорижий разведка органларининг айғоқчилари Шоҳид Эсон Мусаев, Фитрат ва Ғози Олим Юнусов билан доимий алоқада бўлган...” деган сохта айбномалар асосида советларнинг жазо органлари томонидан 1938 йил 4 октябрда қатл этилади.
Ўзбек романчилигининг асосчиси Абдулла Қодирий 20-йилларда “Ўтган кунлар” дан кейин, “Меҳробдан чаён” асарларини яратиб, ўзбек романчилигини жаҳон маданияти даражасига олиб чиқди. Бироқ, совет режими унинг “Ўткан кунлар” асари китобхонларни совет воқелигидан узоқлаштиради ва унда миллатчилик қарашлари очиқ акс этган деб танқид остига олишади ва бу унинг 1937 йилда қамоққа олиниши учун асос бўлиб хизмат қилади. Адабиётимизнинг энг сара арбоблари қаторида А.Қодирий ҳам 1938 йил 4 октябрда отилади.
Таниқли ўзбек шоири, драматург ва таржимон Усмон Носир ўзининг “Юрак”, “Меҳрим, “Норбўта, “Нахшон” ва бошқа шеърий достонлари билан шуҳрат қозонган. Шунингдек, у Добролюбов, Лермонтов асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Усмон Носир ҳам 1944 йилда совет режимининг бегуноҳ қурбони бўлган.
Республика НКВДси “учлик” лари томонидан 1937-39 йилларда 41 мингдан зиёд киши қамоққа олиниб, улардан 6 минг 920 таси отиб ташланган эди.
Миллатнинг илғор тараққийпарвар зиёлилари қатағон қилиниши оқибатида халқимиз уларнинг ноёб асарларини ўқишдан узоқ вақт маҳрум бўлди.
Маълумки, совет ҳукмронлиги даврида дин давлатдан ажратилган, деб эътироф этилган, номигагина виждон эркинлиги эълон қилинган бўлса-да, аслида диний эътиқод гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона тарзда таъқибу тазйиққа олинар эди. Ҳолбуки жамиятсиз дин, динсиз жамият бўлиши мумкин эмас. Совет тузумида бунга мутлақо эътибор берилмас эди. Балки, иложи борича, динга, диний тарбияга тўсқинлик кўп бўлиб, жамиятдан уларни сиқиб чиқаришга ҳаракат қилинган. Советларнинг эътиқоди даҳрийлик эди. 30-йилларнинг боши диндор ва эътиқодли кишиларга зўравонлик ва сиёсий қатағонликнинг чўққиси бўлди.
Ҳатто Аллоҳ таолонинг уйи ҳисобланмиш масжидлар худосизлар уйига, атеизм музейига айлантирилган. Ушбу сиёсат оқибатида кўплаб қўҳна масжидлар узоқ вақтгача қаровсиз қолиб кетди, янги масжидлар қуриш тўғрисида эса ҳатто сўз бўлиши мумкин эмас эди. Бу даврда Ўзбекистондаги диний уламоларнинг асосий қисми қамоқ лагерларига жўнатилди. Инсон ҳуқуқлари амалда поймол этилди. Қамоқхоналарда маҳбуслар шафқатсиз жисмоний жазоларга маҳкум этилдилар.
20-30 йиллардаги мустабид тузумнинг қатағонлик сиёсати жиддий ва фожиали оқибатларга олиб келди. Миллий зиёлиларнинг жисмонан йўқ қилиниши оқибатида миллий маданият тўла-тўкис ривожлана олмади. Миллатнинг ақл-идрокли кишилари маҳв этилгач, ҳамма “йўлбошчи”нинг итоаткор қулига айлантирилди. Шундай қилиб, ҳар қандай ўзгача фикрни куч билан бўғадиган, оммавий ўзбошимчалик ва зўрлик билан Ватанга содиқ неча ўн минглаб кишиларни қириб ташлаган мустабид тартибот қарор топди ва кучая борди.
Do'stlaringiz bilan baham: |