1-мавзу. Замонавий информатика курсининг тузилиши ва асосий тушунчалари
Ажратилган вақт - 2 соат.
Асосий саволлар:
1. Замонавий информатика курсининг тузилиши ва мазмуни.
2. Замонавий информатика курсининг асосий тушунчалари.
1-асосий саволнинг баёни:
Информатиканинг фан сифатида вужудга келиши тарихи жуда мураккаб кечган.
Олимларнинг информатикани фан сифатида таърифлаш муаммосига ёндашувларига ҳам айнан шу нуқтаи назардан қараш лозим. Бу ўринда Ф.Е. Темников 1963 йилда таклиф қилган “информатика” атамасининг варианти айниқса эътиборга молик. Олим бошқа чет эллик муаллифлар билан бир вақтда “информатика” тушунчасига анча кенг маъно юклашга ҳаракат қилди: жумладан, информатикани уч асосий қисмдан – ахборот элементлари назарияси, ахборот жараёнлари назарияси ва ахборот тизимлари назариясидан ташкил топган ахборот ҳақидаги интеграл фан деб номлашни таклиф қилди. Бу, бизнинг назаримизда, “информатика” тушунчасининг тақдиридаги дастлабки муҳим бурилиш эди. У узоқ вақтгача фақат тарихий факт бўлиб келди.
Бу орада мазкур атаманинг “французча варианти” секин-аста машҳур бўлиб борди. Бунга Франция ахборот технологиялари ва техникасини ривожлантириш соҳасидаги етакчи мамлакатлардан бирига айланганлиги ҳам сабаб бўлди.
Жамият тарихини ўрганиш ҳар хил маълумот ва хабарларни тўплаш, жамғариш, қайта ишлаш ва улардан фойдаланиш муаммосига инсоният кишилик тараққиётининг барча босқичларида тўқнаш келганини кўрсатади. Дастлабки инқилобий ўзгариш бу соҳада ёзувнинг пайдо бўлиши, сўнг эса китоб чоп этишнинг ихтиро қилиниши натижасида содир бўлди.
Бироқ вақт ўтиши билан сифат жиҳатидан янги ахборот технологияси вужудга келди. ЭҲМ ва бошқа ахборот техникаси пайдо бўлиши билан вазият тубдан ўзгарди.
Кейинги инқилобий қадам – бу ЭҲМдан фақат иқтисодиёт ёки қонунчиликнинг бирон-бир соҳасида эмас, балки бутун жамият миқёсида кенг фойдаланишга ўтилиши бўлди.
Янги билим соҳаси ёки ёш фан сифатида информатика ҳар хил қарашлар, ғоялар ва ёндашувларни бирлаштиради. Шунинг учун ҳам унинг предмети илмий адабиётларда ҳар хил тушунилади ва уларнинг мазмунини қуйидаги қоидаларда ифодалаш мумкин:
1) информатика – бу ахборотни узатиш ва қайта ишлаш жараёнларини ўрганувчи фундаментал табиий фан;
2) информатика ҳисоблаш машиналарини яратиш, математик таъминлаш, маълумотларни ҳисоб-китоб қилишнинг мукаммал усулларини, ишлаб чиқариш ва илмий тадқиқотларни автоматлаштириш методларини ишлаб чиқиш муаммоларини ўрганади;
3) информатика – бу барча ахборотларни қайта ишлаш соҳаларини қамраб олувчи фан;
4) информатика – бу маълумотларни машинада қайта ишлаш тизимларини ишлаб чиқиш, лойиҳалаш, яратиш ва жорий етишнинг муҳим жиҳатларини, шунингдек жамият ва давлат ҳаётига уларнинг таъсирини ўрганувчи илмий ва техник комплекс фандир.
Бизнинг назаримизда, информатиканинг зарур негизини табиатшунослик ва жамиятшуносликнинг тегишли ахборот жиҳатлари ташкил этади, десак, тўғри бўлади.
Мана шунинг учун ҳам информатика фани мазмунида турли хил соҳалар номланади, яьни информатика – амалий, ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий информатиканинг вужудга келиши ҳақида сўз юритилади
Назария ва амалиётда юқорида зикр этилган бир қатор информатикалар ривожланмоқда. Бугунги кундаги энг тўғри ёндашув, бизнинг назаримизда, кенг маънодаги, яъни умумий информатика ҳамда амалий, хусусий информатикалар, яъни илмий информатика назарияси (“документалистика”), иқтисодий информатика, ҳуқуқий информатиканинг мавжудлигини эътироф этишдан иборат.
Айтилганларни умумлаштириб, замонавий информатика фани тузилиши мазмунида қуйидаги хулосага келиш мумкин:
1) информатика – бу ҳозирги замон ахборот назарияси, техникаси ва технологиясининг мажмуидир;
2) информатика – бу ҳар хил ахборот тизимларини ишлаб чиқиш, яратиш, улардан фойдаланиш ва уларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ муаммолар комплексидир;
3) информатика – ҳар хил ахборотларни тўплаш, қайта ишлаш ва тарқатиш жараёнлари ҳамда уларни автоматлаштирилган йўсинда қайта ишлаш воситаларини ўрганувчи илмий билим соҳаси;
4) информатика – бу илмий ахборот назарияси, иқтисодий информатика, ижтимоий информатика ва бошқа соҳаларни ўз ичига олувчи мустақил амалий йўналишларнинг мажмуи ҳамдир.
Дастлабки уч таърифни шартли равишда бирламчи, умумий таърифлар деб ҳисоблаш мумкин. Сўнгги таъриф бевосита аввалги уч таърифдан келиб чиқади. “Катта информатика” ҳақида ҳам, “амалий информатика”лар ҳақида ҳам айнан шу маънода гапириш мумкин
Амалий информатика мазмунида замонавий компьютер ва ахборот технологияларининг тузилиши, таркиби, қўлланилиш соҳалари каби масалалар ўрганилади.
Ижтимоий информатика мазмунида ижтимоий соҳа объектларини бошқаришни автоматлаштириш, ижтимоий тармоқлар ва улар орасидаги муносабатларга оид масалалар ўрганилади.
Иқтисодий информатика мазмунида иқтисодий масалаларни замонавий компьютер технологияларига таянган ҳолда ечади. Маълумотларни замонавий ахборот технологиялари ёрдамида қайта ишлаш, узатиш, бошқариш ҳамда ахборотларни маълумотлар базасини бошқариш тизимларида автоматлаштириш масалалари ўрганилади.
Курснинг асосий вазифаси – замонавий ахборот технологиялари ва улардан фойдаланиш, берилганлар базасини ишлаб чиқиш ва уларни бошқара олиш, билимлар ва маълумотлар базаси хавфсизлиги, маълумотлар базасининг меҳнат жамоасига қулайлиги масаласи, маълумотлар базасини бошқариш тизимлари имкониятлари ва улардан фойдаланиш каби масалалар ҳосил бўлади.Туб ислоҳотларни амалга ошириш, бозор муносабатларини шакллантириш энг аввало ходимларнинг иқтисодий билимига боғлиқдир. Кишиларда иқтисодий тафаккурни шакллантирмасдан туриб чуқур ўзгаришлар қилиб бўлмайди. Мамлакатимиз ривожланган давлатлар қаторидан мустаҳкам ўрин эгаллаши учун замонавий компьютер технологияларини ҳаётимизнинг барча жабҳаларига, айниқса иқтисодиётга кенг жорий этиш зарур.
Ўзбекистонда замонавий информатика курсининг тузилиши мазмунида информатиканинг тараққиёти ва таълимни ахборотлаштиришнинг ҳуқуқий-меъёрий асосларининг ўз ўрни бор. Мустақил Ўзбекистонимизда кибернетика ва информатиканинг тараққиёт йўли қандай кечди ва бу фанларнинг ривожланиш истиқболлари қандай? Кибернетика ва информатика соҳасида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш ва халқ хўжалигига жорий этиш мақсадида 1956 йилда академик М.Т. Ўрозбоев ташаббуси билан Ўзбекистон Фанлар Академияси таркибида В. И. Романовский номли Математика институти қошида Ҳисоблаш техникаси бўлими очилди. Бўлимга В. К. Қобулов раҳбар этиб тайинланди ва 1958 йилда Республикамизда илк бор «Урал-1» русумли ЭҲМ ўрнатилди. 1966 йилда Марказий Осиё минтақасида Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси таркибида ҳисоблаш маркази бўлган Кибернетика институти, 1978 йилда эса унинг асосида Кибернетика илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси ташкил этилди.
ЎзР ФТДҚ ташаббуси билан ахборотлаштириш жараёнини ривожлантиришга йўналтирилган бир қатор қонунлар қабул қилинди. “Ахборотлаштириш ҳақида” (1993 йил, май), “ЭҲМ ва маълумотлар базаси учун дастурларни ҳуқуқий муҳофазалаш ҳақида”ги (1994 йил, май) қонунлар шулар жумласидандир.
Do'stlaringiz bilan baham: |