2. “Soft skills” (мобил кўникмалар) моҳияти, унинг ҳуқуқшунос мутахассис шаклланишдаги роли.
Олий ўқув юртини тамомлаган мутахассис меҳнат бозорига кириб борар экан, унинг муносиб ишга эга бўлиши, кўзлаган карьерасига эришиши учун таълим муассасасида олган билимлари кифоя қиладими? Албаттаки, йўқ!
Бунинг боиси шундаки, таълим муассасасида ўтилаётган фанлардаги билимлар муайян фактлар, маълумотлар базасини ўзлаштириш ва уларни таҳлил этиш натижасида олинади. Бироқ уларда шахслараро муносабатларни тўғри йўлга қўйиш масалалари тўлиқ қамраб олинмайди. Ҳолбуки, бугунги глобаллашган ва бозор иқтисодиётига асосланган жамиятда иш берувчилар ишга олаётган инсонларнинг улар қай даражада шахслараро муносабатларни тўғри йўлга қўя олишларига эътибор қаратмоқдалар. Улар айнан шу хусусият орқали компанияси ривожланиши, мижозлар ишончини оқлаш ва улар сонининг кўпайишига эришиш мумкинлигини яхши биладилар.
Шуни таъкидлаш жоизки, бугунги Ўзбекистоннинг иқтисодиёти бозор муносабатларига асосланган бўлиши фақатгина иқтисодий-ҳуқуқий ислоҳотларгагина боғлиқ эмас. Бунда, энг аввало, инсон фактори муҳим роль ўйнайди. Бошқача айтганда, одамларнинг дунёқараши ҳамда жамиятга, бошқа шахсларга муносабати ҳам бозор иқтисодиётига мос бўлиши даркор. Аслида айни шу жиҳатлар жамиятга том маънодаги бозор иқтисодиёти руҳининг кириб келишига сабабчи бўлади.
Бозор иқтисодиёти жамиятни рақобат муҳитида ҳаёт кечиришга чорлайди, ҳатто, мажбурлайди. Рақобат бўлса фақатгина моддий ишлаб чиқаришда эмас, балки шахслараро муносабатларда зарурий кўникмаларни шакллантирганлик ва ривожлантирганлик даражасида ҳам акс этади. Яъни, одамлар шахслараро муносабатларда қанчалик муваффақиятли ҳаракат қилсалар, ўзи ишлаётган ташкилотларнинг ривожланишига шунчалик ҳисса қўша оладилар. Шу сабабдан ҳам ривожланган мамлакатларда иш берувчилар айнан мана шу хусусияга эга кадрларни излайдилар.
Таъкидланганидек, ривожланган давлатларда бу масалага жиддий эътибор қаратилади. Чунки олий таълим муассасасини тамомлаган мутахассисни у ўқиган фанлар доирасида саволлар бериб ишга қабул қилиш унинг ташкилотда, жамоада шахслараро муносабатларни тўғри ташкил этган ҳолда ишлаб кетишига кафолат бўлолмайди. Шу сабаб, олий таълим муассасаси томонидан фанлар юзасидан қўйилган баҳоларга ишонч билдирилган ҳолда, асосий эътибор ишга кириш истагидаги номзодда шахслараро муносабатларда зарур бўладиган кўникмалар қай даражада эканини аниқлашга қаратилади.
Демак, шахслараро муносабатларни тўғри йўлга қўйиш учун зарур бўлган кўникма ва малакалар тизими “мобил” (ёки “юмшоқ)” кўникмалар, яъни инглиз тилида “soft skills” деб номланади. Шахсиятида айни кўникмаларэртароқ ривожланган ҳуқуқшуносларнинг карьерада муваффақият қозониш эҳтимоли жуда юқоридир.
Шундай қилиб, “Soft skills” (мобил кўникмалар) шахслараро муносабатларни тўғри, мақсадга мувофиқ тарзда ташкил этиш ва олиб боришда зарур бўладиган малака ҳамда кўникмалар тизимидир.
Бундай малака ва кўникмалар “ҳаётий кўникмалар” деб ҳам аталади. Шахс ушбу малака ва кўникмаларни ўзида ривожлантиргани сайин унинг шахсий ривожланиши ҳам юқорилаб боради.
Do'stlaringiz bilan baham: |