1 - мавзу. "Туризм ва меҳмондорчилик асослари'' фанининг мақсад ва вазифалари
1. 1. ''Туризм ва меҳмондорчилик асослари'' фанининг мақсад ва вазифалари
1. 2. Фаннинг бошқа билимлар тизимида тутган ўрни
1. 3. Ўзбекистон Республикасининг туризм тўғрисидаги давлат сиёсати (меъёрий ҳужжатлар асосида)
1. 1. "Туризм ва меҳмондорчилик асослари'' фанининг мақсад ва вазифалари
Ўзбекистон мустақилликка эришгач, бозор иқтисодиётига асосланган жамият қуришни ўзининг асосий мақсади қилиб белгилаб олди. Бу ишда туризм соҳаси ҳам етакчи тармоқлардан бири ҳисобланади. Туризм нафақат ўтмишни ўрганиш, ўзга халқлар ва элатлар билан танишиш, уларнинг маданий ёдгорликларидан баҳраманд бўлиш, шунингдек, у катта бизнес ҳамдир. Мазкур фаолиятни йўлга қўйиш эса мутахассисларга боғлиқ. Бунинг учун малакали кадрларни тайёрлаш ҳозирги муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг "Халқаро туризм" факультети ва Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти, Бухоро давлат университетининг “Туризм ва мехмонхона хўжалиги” кафедраси, қолаверса, қатор туризм касб - ҳунар билим юртлари бу ишга ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар. Бу ўқув масканларида қатор фанлар, жумладан, мутахассислик фанлари ҳам бўлиб, уларда касб илмига тааъллуқли муаммолар ўз ечимини топади. Шундай фанлар ичида "Туризм ва меҳмондорчилик асослари" ўз ўрнига эга янги ўкув фанларидан биридир.
Тажрибалар шуни кўрсатадики, туризм тарихи, унинг асосий йўналишлари, турлари, категориялари, туризм хизматлари, умуман туризм илми билан боғлиқ барча масалалар ҳақида билим бериш, ҳатто туризмга оид тушунча ва атамаларнинг ҳар бирини таърифу таснифлаш муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бу алоҳида предмет даражасидаги масала ҳисобланади. Шуларни эътиборга олган ҳолда, "Туризм ва меҳмондорчилик асослари" туризмга оид мутахассислик фани сифатида ташкил этилди. Маълумки, туризм йўналишидаги фанларининг ҳаммасида ҳам ўрганиладиган масалага тўғридан - тўғри ёндашилади, яъни соҳанинг ибтидосини ўргатиладиган, унинг "об - ҳаво"сини белгилаб берадиган фан керак эди. "Туризм ва меҳмондорчилик асослари" эса айнан шундай предмет ҳисобланади. Уни пухта эгалламай туриб, мутахассисликка оид бошқа фанларни ўзлаштириб олиш жуда қийин кечади.
Ҳўш, "Туризм ва меҳмондорчилик асослари" фанининг мақсад ва вазифалари нималардан иборат? - деган ҳақли савол туғилиши табиий. Масалага ойдинлик киритиш учун уларни қуйидаги тарзда белгилаб олдик.
Фаннинг мақсадлари сифатида:
- туризмнинг асл моҳиятини очиб бериш;
- туризмнинг тараққиёт йўли, тажрибаси, ҳозирги кундаги муаммоларини аниқлаб олиш;
- туризмнинг иқтисодий, сиёсий, маънавий ва ижтимоий аҳамиятини ёритиб бериш;
- соҳага оид тушунча ва атамаларни таърифлаш;
- Ўзбекистон ва жаҳон туризм бизнесининг илдизларини ўрганишга асосий эътибор қаратилди.
Фаннинг вазифаларида эса:
- туризм ва турист тушунчаларини таърифлаш, уларнинг илк кўринишлари, тараққиёти, шаклланиши ҳақида илмий ва далилий манбалар келтириш;
- Ўзбекистон Республикасининг туризм тўғрисидаги Давлат сиёсати ҳақида (меъёрий ҳужжатлар асосида) маълумотлар бериш;
- жаҳон туризм тажрибасининг илғор намуналари билан ўртоқлашиш;
- туризм ва туристнинг мақсадларини аниқлаб олиш;
- туризмнинг ташкилий тузилиши ва асосий категорияларини билиб олиш;
- туризм индустрияси ва унга бўлган талабларни ўрганиш;
- туризм инфратузилмаси ҳақида маълумот олиш;
- туризм турлари ва унинг асосий кўринишларини белгилаб чиқиш;
- туризм ресурсларини тушунтириб бериш;
- туризм товарлари ва маҳсулотлар ҳақидаги тушунчаларни эгаллаш;
- Туризм хизматлари ва сервис даражасини такомиллаштириш сирларини очиб бериш;
- туризм маршрутлари ва махсус маршрутлар ҳақидаги билимларга эга бўлиш;
- туризмда солиқ, суғурта ва молиявий масалаларни ўрганиш долзарб масала, деб билинди.
Мазкур фанни пухта эгаллаш ва келажакда етук мутахассис бўлиш учун студентлар биринчи навбатда Ўзбекистон ва жаҳон тарихи, географияси, уларнинг табиий - иқлимий ресурслари, археологик ва меъморий ёдгорликлари, музей ва маданият кошоналари, айниқса, иқтисодиёт фанларининг - маркетинг, менежмент, сервис, бухгалтерия, солиқ, бож йўналишлари ҳақида маълум тушунчаларга эга бўлишлари лозим. Шунингдек, "Буюк ипак йўли", савдогарлик тарихи, диний билимлар бўйича ҳам етарли фикр - мулоҳазалар талаб этилади. Ўқув қўлланмани тайёрлаш жараёнида ушбу масалалар ҳам четда қолгани йўқ.
"Туризм ва меҳмондорчилик асослари" мутахассислик фанлари ичида "Халқаро туризм", "Туристик маршрутларни ташкил этиш", "Туризм иқтисоди", "Экскурсияларни ташкил этиш" каби ва бошқа фанлар билан узвий алоқада ҳисобланади.
Фанни ўзлаштириш жараёни - ўқитишда туристик экскурсия, экспедиция ва махсус турлар ташкил этиш; туризм бозори (Халқаро Тошкент туризм ярмаркаси)да иштирок этиш; меҳмонхоналар фаолиятини, туристик фирмалар ишини, ресторан хизматини амалий тарзда намойиш этиш; экологик, тарихий - маданий ёдгорликларни акс эттирувчи видео кассеталар, буклетлар, тарихий хариталар ишлаб чиқиш; интернет алоқа тизимидан турли маълумотлар олиш муҳим аҳамиятга эга.
"Туризм ва меҳмондорчилик асослари" фанидан ўқув машғулотларини "Гид ҳамроҳлиги ва таржимонлик фаолияти" йўналиши 1-босқич бакалаврлари учун олиб борилади. Унда хорижий давлатлар ва республикамизда нашр этилган туризм соҳасига оид илмий, ўқув, услубий қўлланмалардан ҳамда журнал ва газеталардаги мақолалардан, Туристик фирмаларнинг намунавий маршрутлари, буклетлари ва йўл кўрсаткичларидан фойдаланиш тавсия этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |