1. 3. Ўзбекистон Республикасининг туризм тўғрисидаги давлат сиёсати (меъёрий ҳужжатлар асосида)
Мамлакатимизда туризм ишига Мустақилликнинг дастлабки вақтлариданоқ асосий давлат сиёсати даражасида қаралди. Соҳа ривожи учун барча зарур ташкилий - ҳуқуқий механизм вужудга келтирилиб, муҳим меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди ва бу иш ҳозирда ҳам давом этмоқда. Мамлакатимизда туризмнинг равнақи, уни янги поғоналарга кўтариш, юртимизни жаҳон туризм марказларидан бирига айлантириш учун аввало ҳуқуқий замин яратиш лозим эди. Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатасининг мазкур йўналишга тааллуқли қонун ва кодекслари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг туризмга оид қатор Фармонлари, қарорлари, Республика Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, Адлия вазирлигининг ва бошқа мутасадди давлат идораларининг йўриқнома, кўрсатма ва тартиблари ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилди. Шулардан келиб чиққан ҳолда, мазкур ҳужжатларни ўрганиш ва таҳлил қилишни қуйидаги тематикалар бўйича амалга ошириш мақсадга мувофиқдир, - деб ўйлаймиз:
1. Ўзбекистон Республикаси ЎРҚ-136-сон Қонуни билан тасдиқланган 2007 йил 25 декабрда қабул қилган "Ўзбекистон Республикаси солиқ кодекси" ва унда туризм соҳасига оид имтиёзлар.
Ушбу Кодекснинг асосий вазифаси - Ўзбекистонда солиқ тизимининг ҳуқуқий асосларини, солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятларини белгилайди, солиқ ишларини юритиш тартиботини ва солиқ ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарликни тартибга солиб туради. Кодексда солиқ тўлаш билан бир қаторда фаолиятнинг айрим турлари (хусусан, туризм фаолияти)га солиқ тўлашда имтиёзлар ҳам берилган. Жумладан, 49-боб. Юридик шахслардан олинадиган Ер солиғи 282 - моддаси солиқ солинмайдиган ер участкаларига: 4-қисмида “... туризмини ташкил этиш учун тегишли муассасалар ҳамда ташкилотларга берилган ерлар”, шу модданинг 5-қисмида “тарихий-маданий аҳамиятга молик ерлар (хўжалик фаолияти юритилаётган ерлар бундан мустасно) — тегишли муассасалар ва ташкилотларга доимий фойдаланишга берилган моддий маданий мерос объектлари, хотира боғлари эгаллаган ерлар” киритилиб, Ер солиғи тўлашдан озод қилинган.
Шунингдек, давлат қўриқхоналарининг, комплекс (ландшафт) буюртма қўриқхоналарининг, табиат боғларининг, давлат табиат ёдгорликларининг, буюртма қўриқхоналарнинг, табиий питомникларнинг, давлат биосфера резерватларининг, миллий боғларнинг ерлари, спорт иншоотлари, стадионлар, сузиш ҳавзалари, оналар ва болаларнинг дам олиш ва соғломлаштириш жойлари, санаторий - курорт муассасалари, дам олиш уйлари эгаллаган ерлар ҳам солиқ тўлашдан озод этилади.
Кодекснинг 37 - боби "Имтиёзлар. Қўшилган қиймат солиғи ставкаси", - деб номланиб, унинг 208 - моддаси 15 - қисмида "туристик - экскурсия хизматлари" қўшилган қиймат солиғидан озод қилинганлиги баён қилинган.
Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 20 январда ЎРҚ-400-сонли «Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги янги таҳрирдаги Қонуни қабул қилинган.
Божхона кодекси Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарларни ва транспорт воситаларини олиб ўтиш, божхона тўловларини ундириш, божхона расмийлаштируви, божхона назоратини амалга ошириш, шунингдек божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ҳолларининг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш тартибини белгилаш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади. Ушбу кодексда ҳам туризм фаолиятида тўқнаш келиши мумкин бўлган қоидалар баён этилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 16 апрелда қабул қилинган, Сенат томонидан 2019 йил 21 июнда маъқулланган ҳамда 2019 йил 18 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган янги таҳрирдаги "Туризм тўғрисида"ги Қонуни 10 боб ва 45 моддадан иборат.
Do'stlaringiz bilan baham: |