Бадиийлик ва техниканинг бирлиги тамойили. Мусиқий асарни бадиий ва ифодали ижро этиш учун маълум бир малака ва кўникмалар талаб этилади. Масалан, қўшиқни ўрганиш жараёнида таълим олувчиларда вокал-хор малакалари шакллантирилади. Чолғу асбобларида ижро этиш учун ҳам биргаликда чалишнинг энг оддий усул ва йўлларини эгаллашлари лозим. Бунда ижрочилик малакалари бадиий вазифаларга, яъни мусиқий асар образи, кайфиятининг ёрқин, ифодали ёритилишига қаратилган бўлиши талаб этилади. Бунда мусиқий асарнинг бадиий ижросига эришиш мақсад бўлиб, малака ва кўникмаларни эгаллаш шу мақсадга етишишда воситадир.
Бу тамойиллар талабаларда мусиқий қобилиятларни, мусиқага қизиқишни, дид ва мусиқа маданиятини ривожлантиришга қаратилган.
Мусиқий қобилиятлар, уларнинг турлари, махсус (ижрочилик, бастакорлик) ва умумий мусиқий қобилиятлар, уларнинг ривожланиш шарт-шароитлари масалалари кўплаб психолог (Б.Теплов, В.Мясишев, Б.Яворский, В.Петрушин ва ҳ.з.), педагоглар (Л.Баренбойм, В.Белобородова, Ю.Алиев, Н.Ветлугина), мусиқашунослар (Б.Асафьев, А.Алексеев ва б.) томонидан кенг ўрганиб чиқилган. Ҳозирда ҳам бу муаммолар ўз долзарблигини сақлаб келмоқда.
“Мусиқа санъати фанларини ўқитиш методикаси”нинг мақсади ёш авлодни миллий мусиқа меросига ворислик қила оладиган ҳамда умумбашарий мусиқа бойлигини идрок эта оладиган маданиятли инсон даражасида камол топтириш, мусиқа маданиятини шакллантириш, юқори малакалали кадрлар сифатида тайёрлашдир.
Талабаларда мусиқа маданиятини шакллантириш мақсадида бир қатор вазифалар белгиланади:
мусиқий таълим-тарбияни ҳаёт билан боғлаб олиб бориш;
талабаларнинг мусиқа санъатига меҳр, қизиқишларини ўстириш;
мусиқий-бадиий дидни ва мусиқа фаолиятларига эҳтиёжини ривожлантириш;
мусиқа ҳақида билим, малакалар доирасини таркиб топтириш;
иқтидорли талабаларнинг мусиқий ривожланишлари учун шароит яратиб бериш ва уларнинг бадиий эҳтиёжини қондириш;
мусиқий фаолиятлар жараёнида бадиий-ижодкорлик ҳис-туйғуларини ривожлантириш;
мусиқий асарларнинг бадиий-ғоявий мазмуни воситасида талабаларда аҳлоқий-эстетик қарашларни тарбиялаш.
Фан асосларини ўқитиш методикаси каби ихтисослик ўқув предметлари методикаси у тегишли фан билан педагогика орасида вужудга келади. Шу билан бирга умумилмий ўқув предметлари методикаси билан ихтисослик ўқув предметлари методикалари бир-биридан фарқ қилишини ҳам таъкидлаш зарур. Фан асослари амалда умумилмий ёки умумтаълим ўқув предметлари деб юритилиб, уларнинг мазмуни бевосита улар тегишли бўлган фандан ажратиб олинади ҳамда дидактик ишлов берилиб, ундан сўнг ўрганилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |