Актуар ҳисоб-китоблар - суғурта тарифи ставкаларини ҳисоблашнинг иқтисодий-математик усуллари йиғиндиси. Ушбу ҳисоб-китоблар катта сонлар қонунига асосланади. Актуар ҳисоб-китобларнинг методологияси, эҳтимоллар назарияси, демография қонуниятларига асосланади, тариф ставкасини миқдори суғурта ҳодисалари рўй беришининг эҳтимолийлигига боғлиқ. Демография маълумотларидан фуқароларнинг ҳаётини суғурталашда суғурталанувчиларнинг ёшига мос равишда суғурта тарифи ставкасини табақалаштиришда фойдаланилади. Узоқ муддатли ҳаётни суғуртаси бўйича суғурта суммалари суғурталанган шахс вафот этганда ёки у маълум бир ёшга етганда тўланади. Етарли миқдордаги суғурта фондини шакллантириш учун, суғурталовчи шартнома амалда бўлган даврда қанча шахс вафот этиши ёки маълум бир ёшга етиши эҳтимолийлигини билиши зарур. Аҳоли ўлими даражаси ҳақидаги статистик маълумот асосида турли ёшга етиши эҳтимоллигини ҳисоблаш ҳамда фуқароларнинг ўлими тўғрисидаги жадвални тузиш мумкин. Бу жадвал асосида нафақани ва ҳаётни суғурталаш бўйича тариф ставкаларни ҳисоблаш мумкин.
Андеррайтер – 1) турли рискларни суғурталаш ваколатига эга, суғурта компанияси томонидан тайинланадиган шахс. Суғурта компаниясини суғурта портфели шаклланиши учун жавоб беради. У суғурта шартномаларини тузиш, рискларни баҳолаш ва суғурта тарифи ставкасини белгилаш юзасидан тегишли малакага эга бўлиши зарур; 2) Ллойд суғурта полисларини берадиган Ллойд суғурта корпорациясини аъзоси; 3) потенциал мижозларга суғурта полисини сотиш билан шуғулланадиган ёки манфаатдор томонларга суғурта соҳаси бўйича юқори даражада маслаҳат хизматларни кўрсатадиган жисмоний ёки юридик шахс.
Андеррайтер сиёсати- суғурталаш билан боғлиқ янги таклифларни кўриб чиқиш ва мазкур таклифни қабул қилиш ёки рад этиш тўғрисида хулосалар чиқаришга қаратилган сиёсат.
Аннуитет – рента ва нафақаларни суғурталашнинг ҳамма турларини умумлаштирувчи тушунча. Бунда суғурталанувчи суғурта компаниясига бир вақтнинг ўзида ёки бир неча йиллар давомида тегишли суғурта мукофотларини тўлайди. Кейин суғурталанувчи бутун ҳаёти давомида суғурта компаниясидан даромад олади. Аннуитетнинг бир тури ҳисобланадиган фуқароларнинг йиллик даромадини суғуртаси бугунги кунда Буюк британияда, Францияда ва АҚШда кенг ривожланган.
Диспашер – денгиз транспортида умумий авария содир бўлганда кўрилган зарарни кема, юк ва фрахт ўртасида тақсимлаш бўйича ҳисоб-китобларни тузадиган мутахассис. Ривожланган мамлакатларда диспашер функциясини махсус компаниялар бажаради. Зарарларни тақсимлаш бўйича ҳисоб-китоблар диспаша дейилади ва диспашани тузганлик учун ҳақни манфаатдор томонлар (кема эгаси, юк эгаси, юкни сотиб олувчи шахс) тўлайди.