2. Нотиқлик услублари ва юридик нутқ турлари
Турли темпераментли нотиқлар бўлади. Бировларда вазминлик ва хотиржамлик устун турса, бошқалар ҳароратли ва жўшқин бўлади. Шунинг учун ҳам нутқ сўзлаганда ёки маъруза қилганда ҳуқуқшунос ўз темпераментига хос хусусиятини ҳисобга олиши лозим. Чунки бир нотиққа тушадиган усул бошқасига тўғри келмаслиги мумкин.
Қадимги Юнонистонда нутқнинг лўнда, жозибадор бўлишига жиддий эътибор беришган.
Чиройли нутқ сўзлашнинг уч услубини фарқлаш мумкин:
Биринчиси – ўзининг ташқи кўринишидан босиқ ва қатъий мантиқийликка асосланган услуб. Ушбу услуб берилаётган маълумотларнинг асосланганлиги ва исботланганлиги билан ажралиб туради. Бундай услуб эгалари ўз фикрлаш қобилиятлари ва гўзал нутқи билан тингловчиларни ўзига жалб этадилар, уларнинг ҳиссий имкониятлари иккинчи даражали бўлиб қолади.
Иккинчиси – эмоционал-ҳиссий услуб. Бу услуб эгалари ўз нутқида қизиқарли фикрлар билан тингловчиларни хурсанд қилиш ва мамнун этишга интилади. Бундай нотиқлик услубида юксак ҳаётий малака, кучли билим ва сўз бойлиги талаб қилинади. Мазкур услубнинг характерли томони шундаки, фикрни тиниқ етказа олиш, айрим ҳолларда ўхшатишлардан усталик билан фойдаланиш, нутқнинг тушунарли даражада бўлишидир.
Учинчиси – аралаш услуб. Бу услубда юқорида кўрсатилган иккала услубнинг маълум характерли белгилари мавжуд бўлади.
Биринчи услуб академик нутқ сўзлаганда, иккинчиси эса ижтимоий-сиёсий соҳадаги нотиқлик санъатида кўпроқ қўлланилади.
Ҳуқуқ соҳасида ҳам таъсирчан нутқнинг, нотиқликнинг ўрни ва аҳамияти ниҳоятда катта. Зеро, соҳанинг қонун ижодкорлиги, суд, прокуратура, адвокатура, ҳуқуқий профилактика, ҳуқуқий тарғибот ва ташвиқот сингари турли йўналишларида фаолият олиб борувчи ҳуқуқшунос-мутахассисларнинг асосий қуролларидан бири таъсирчан нутқ, санъат даражасидаги нотиқлик ҳисобланади. Улар шу орқали ўзларининг машаққатли фаолияти давомида топган далиллари, асослари, хулосалари, ҳукмлари, ҳақиқатларига бошқаларни ишонтирадилар, уларнинг эътирофи ва эъзозига эришадилар. Айниқса, хорижий кинокомпаниялар томонидан суратга олинган машҳур фильмлардаги прокурорнинг, адвокатнинг, судьянинг катта заллардаги нутқларидан кимлар таъсирланмаган дейсиз. Қолаверса, мазкур фильмларнинг кўпчилиги ҳаётий воқеалар асосида суратга олинганини ҳам унутмаслик керак.
Бу ҳолни бошқачароқ ифодалайдиган бўлсак, сиз – азиз талабаларда ҳам бўлғуси йирик суд жараёнларида, халқаро минбарларда, минглаб инсонлар қаршисида чинакам тарихий ҳодиса бўладиган унутилмас нутқ ирод қилиш имкони ҳар доим сақланади.
Тилшунос олимлар С.Усмонов ва Ш.Зиямухамедова фикрича, масалан, прокурор суд жараёнида айблов нутқи сўзлар экан, аввало, ўзининг маданиятли инсон эканини кўрсатиши талаб этилади. У ҳар қандай шароитда ҳам тарафлардан биронтасига дўқ-пўписа, таҳдид қилишга ҳақли эмас. Ҳатто судланувчи рецидив жиноятчи бўлган тақдирда ҳам, уни камситувчи, масхараловчи ёки кесатиқ, қочирим сўз ва ибораларни асло қўлламаслиги лозим.
Чунки прокурор, нафақат одамлар наздида, балки расмий тарзда ҳам давлат одами, давлат рамзи ҳисобланади. Прокурорнинг асосий қуроли қонун ва уни таъсирчан ифодаловчи сўз экани асло унутилмаслиги керак. Шунга кўра, прокурор суд жараёнида давлат айбловчиси сифатида иштирок этар экан, ўз нутқини мантиқан изчил, аниқ ва тиниқ, зарур ўринларда расмийликка урғу берароқ ифодаласа, айни нутқ таъсирчанлиги ортиши баробарида прокурорнинг нуфузи, обрўси ҳам юксалади.
Прокурор айблов нутқида у ёки бу жиноят хусусида гапирар экан, ўзини фақат айблов доирасидаги киши эмас, балки, айни пайтда, ҳуқуқий маърифат, қонунийлик тарғиботчиси эканини ҳам намойиш эта олиши мақсадга мувофиқдир.
Прокурор ўз нутқида жиноятнинг келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилиш билан бирга, судланувчининг шахсига, содир этилган жиноятга ижтимоий ва маънавий нуқтаи назардан ҳам муносабат билдириши ҳам суд залига йиғилганлар учун яхшигина сабоқ бўлади. Масалан, юзага келган жиноят инсон ҳаёти, тирикчилиги ва қадр-қимматига хавф солар экан, шунга мувофиқ тарзда фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгилаб қўйилган ижтимоий, иқтисодий ва шахсий ҳуқуқлари қисқача эслатилиб, улар фонида жиноятга ва жиноятчининг шахсига, йўл қўйган қилмишига баҳо берилса, нутқ салмоғи сезиларли ортади. Қолаверса, прокурор ўз нутқида содир этилган жиноятнинг оқибати жамият учун қанчалик зарарли эканлигини ҳаётий мисоллар асосида изоҳлаб, судланувчининг руҳиятига, қалбига таъсир ўтказсин, унинг онгу шуурига етказиб борсинки, бу гаплар бир умр айбдорнинг ёдида сақлансин. Энг муҳими – айбдор ва унинг яқинлари қандай жиноят содир этилганини чуқур англаб етсинлар, ўзларига тегишли хулоса чиқарсинлар. Фақат бунда биргина муҳим талаб ёдда турмоғи – прокурор нутқи меъёридан ортиқ насиҳатбозликка айланиб кетмаслиги лозим. Шуни ҳам алоҳида айтиш жоизки, прокурор нутқида кўпчиликка тушунилиши қийин сўз ва терминларни, шевага оид ёхуд ажнабий сўзларни қўлламаслиги лозим. Аксинча, ҳар бир масала юзасидан фикр-мулоҳазалари, хулосаларини мантиқий изчилликда, адабий тил меъёрларига амал қилган ҳолда ифодалаш кўзланган натижани беради.
Адвокатлар ҳам юриспруденцияни қанчалик пухта ўзлаштирган бўлсалар, адабий тил ва унинг таркибий қисми бўлмиш юридик тил меъёрлари ва талабларини ҳам худди шундай юқори даражада билишлари шарт.
Маълумки, адвокатнинг ҳимоя нутқи ифодаланаётган фикрни далиллар билан исботлашга асосланади. Агар адвокат кўрилаётган иш юзасидан етарли, ишончли далиллар тўплай олмаса, судда гумон қилинаётган шахснинг гуноҳсизлигини исботлай олмайди. Демак, адвокатнинг ҳимоя нутқи ҳам талаб даражасида шаклланмайди ва ҳатто адвокатнинг ўзи судда ноқулай ҳолга тушиб қолиши ҳам мумкин.
Ҳолбуки, ҳимоя қилиниши лозим бўлган шахс ўзининг айбсизлигини исботлаш борасида бутун вужуди билан адвокатдан нажот кутади. Албатта, адвокат бундай жараёнда айбсизлик презумпциясига қатъий амал қилиши лозим. Айби бор одамни айбсизга айлантиришга уруниш ҳам кун келиб ўша адвокатнинг обрўсига путур етказади. Бинобарин, адвокатлар тегишли малака комиссиясининг мажлисида қасамёд қиладилар.
Адвокат, одатда, прокурор – давлат айбловчисидан кейин сўзга чиқади, у ҳимоя нутқида аниқланган ҳолатларни ёритиши, прокурор айбловига жавобан далиллар келтириши, судланувчи шахсига тавсиф бериши керак. Бироқ келтирилган далилларнинг аниқлиги, ишончлилигига соя солувчи аҳамиятсиз тафсилотлар ҳимоя нутқидан ўрин олмаслиги керак.
Ҳимоя нутқида судланувчининг айбдор ёки айбсизлиги масаласини ҳал қилиш амалга оширилади, агар гумон қилинаётган шахс айбсиз бўлса, адвокатнинг ҳимоя нутқи уни озод қилиш ёхуд айбдорлиги аниқланса, адолатли жазо тайинланишига асос бўлади.
Адвокатнинг ҳимоя нутқида шакл билан мазмуннинг бир-бирига тўлиқ мувофиқ келиши ишнинг ижобий ҳал бўлишида муҳим омил ҳисобланади. Зеро, мазкур нутқ ҳимоячининг далиллар тўплаш, уларни баҳолаш ва шулар асосидаги мантиқий хулосаларини ўз ичига олади. Ҳимоя нутқи услуби ва шакли ишнинг хусусиятларига ҳамда адвокатнинг шахсий қобилиятига боғлиқдир. Адвокат ҳам, худди прокурор сингари, юриспруденцияни қанчалик чуқур ўзлаштирган бўлса, нутқ маданиятини ҳам ундан кам билмаслиги керак. Агар ифодаланаётган фикр жуда кучли, асосли бўлса-ю, унинг тилдаги ифодаси суст бўлса, мақсад амалга ошмайди, керакли хулосалар чиқариш, фуқаронинг айбсизлигини исботлаш ёки айбдор бўлса, унга нисбатан адолатли жазо тайинланишида ҳам қийинчиликларни келтириб чиқаради. Чунки тил фикр ифодалаш воситасидир. Адвокат тил қоидаларини яхши ўзлаштирмас экан, унинг ҳимоя нутқи ҳам талаб даражасида бўлмайди. Шунингдек, адвокатнинг овози жуда таъсирли кучга эга бўлиши зарур, агар бу овоз соз бўлса, у ҳаммани ҳаяжонга солади, тинглаганларни ишонтиради.
Жиноят-процессуал кодекси “суд мажлисини очади, эълон қилади, тушунтиради, фармойиш беради, судланувчининг шахсини аниқлайди, сўрайди, айблов хулосасини эълон қилади” каби раислик қилувчининг нутқий ҳаракатларини кўзда тутади. Санаб ўтилган бирикмаларга тилнинг, нутқнинг турли вариантлари сифатида ёндашмоқ керак. Нутқ одоби юрист талабаларга шунинг учун ҳам зарурки, улар суд муҳокамаси чоғида айнан шундай касбий-нутқий ҳолатларни тайёрлашга қодир бўлсинлар. Суд муҳокамаси ЖПКда белгилаб қўйилган, муайян нормаларда акс этган қоидалар асосида тил воситалари орқали ўз инъикосини топади. Мазкур жараёнларнинг тўлиқ тавсифи юқорида айтганимиз – С.Усмонов ва Ш.Зиямухамедова томонидан яратилган “Юрист нутқи амалиёти” дарслигида батафсил баён этилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |