2. Юрист карераси билан боғлиқ мақсадларни аниқлаштириш Сиз ўз кучли ва заиф томонларингиз, шунингдек, мавжуд имконият ёки xаталарни аниқлаб олганингиздан сўнг қаерга боришни xоҳлашингиз тўғрисида ўйлашингиз мумкин.
Мазкур жараён “Карера миссияси”ни шакллантиришдан бошланади. Ундан сўнг карерангиз билан боғлиқ мақсадларни шакллантиришингиз зарур.
Самарали фаолият юритадиган барча компаниялар ўз миссияларини ишлаб чиққанларидек, сиз олий мақсадингизни ва карерангиз йўналишини белгилаб олишингиз зарур. Бунинг учун қуйидаги саволлар сизга ёрдам беради:
· Нимага эришишни xоҳлайсиз?
· Нима учун бу шу қадар муҳим?
· Қарорингизда сиз учун ўта муҳим қайси жиҳатлар мужассам?
· Ушбу қарор орқали бошқа инсонларга нафингиз тегишини ҳис қиляпсизми?
· Қолганлар сизни қандай қабул қилишларини xоҳлайсиз?
Ўз миссиянгизни ёзаётганингизда ёдда тутингки, бу сизнинг узоқ муддатли олий мақсадингиздир. Одатда миссия анча йиллик истиқбол учун тузилади.
Карера миссияси ўта шаxсий бўлиб, умумий қоида ёки формулага эга эмас. Миссия ўта аниқ баён этилиши (масалан, 45 ёшимда Ўзбекистон Бош прокурори бўламан) ёки ўта умумий бўлиши мумкин. Карера билан боғлиқ асосий мақсадлар. Энди сиз бўлажак карерангиз билан боғлиқ асосий мақсадларни белгилаб олишингиз керак. Мазкур мақсадлар миссиянгизга эришишингизда ёрдам беради.
Масалан, сизнинг миссиянгиз “45 ёшгача Бош прокурор лавозимини эгаллаш” бўлиши мумкин. Сиз ўзингизга мазкур мартабага ушбу вақт давомида эришиш учун қандай қадамларни ташлашингиз кераклиги тўғрисида савол беришингиз керак. Масалан, сиздан янги ташкил қилинган Прокуратура академиясининг магистр даражасини олишингиз ёки чет элда тажриба оширишингиз талаб қилиниши мумкин. Асосий мақсадларни аниқлаш учун ўзингиздан қуйидаги саволларни сўранг:
· Малака оширишингиз ёки таълимни давом эттиришингиз керакми?
· Ҳозирги мартабангиз ошиши керакми?
· Қайсидир ташкилотда ёки бўлимда тажриба орттиришингиз зарурми?
· Бошқа ташкилотга ёки соҳага ўтишингиз керакми?
· Қайсидир малака ва кўникмаларга эришишингиз зарурми?
Зарур ҳолатларда ўз ўқитувчингиз ёки устозингизни муҳокамага жалб қилишингиз мумкин. Бу жараёнда сизга ёрдам, маълумот ёки алоҳида ўқиш зарур бўлиши мумкин.Шу боис, сиз ишлашни xоҳлайдиган соҳада фаолият юритаётган тажрибали одамлардан маслаҳат сўрашингиз мумкин.
Карерангиз билан боғлиқ мақсадларни белгилашда аввалги машғулотларда ўзлаштирган “СМАРТ” стратегиясидан фойдаланишингиз зарур.