1.2. Турдош фанлар тизимида криминологиянинг ўрни
Фаншунослик ҳамда криминологияга оид адабиётларда бу масалага нисбатан уч хил ёндашув қайд этилган.
Биринчи ёндашувга кўра, криминология умумижтимоий фан ҳисобланади, чунки у ижтимоий ҳодиса сифатидаги жиноятчиликнинг социологик, иқтисодий, психологик ва педагогик жиҳатларини ўрганади (М.И.Ковалев, А.Б.Сахаров, Б.С. Утевский ва б.). Мазкур ёндашув криминология социологиянинг бўлими сифатида тан олинган АҚШ олимларига ҳам хос. Германия, Италия ва Францияда криминология ҳатто ижтимоий-табиий фан ҳисобланади.
Иккинчи ёндашувга биноан, криминологияни юридик фанлар, хусусан жиноят ҳуқуқи доирасидан четга чиқариб бўлмайди. Бундан хулоса шуки, криминология – жиноят ҳуқуқи фанининг таркибий қисми, бироқ унинг фақат муайян-социологик қисми. Ҳолбуки, жиноят ҳуқуқининг ўзи унинг норматив-догматив қисмидир (А.А. Герцензон, В.Д.Меньшагин, А.А.Пионтковский, П.С.Ромашкин, М.С. Строгович ва б.). Ушбу ёндашув тарафдорларининг фикрига кўра, ягона жиноят-ҳуқуқи фанини сунъий тарзда икки қисмга ажратиш катта методологик хатодир.
Баъзан махсус адабиётларда мазкур ёндашувнинг бир турига дуч келиш мумкин. Унга кўра, криминология жиноят-ҳуқуқий фанларнинг мустақил комплекс қисми ҳисобланади (А.Д.Берензон, В.А.Сергиевский, В.Е.Эминов ва б.).
Умумий эътироф этилган асосий – учинчи ёндашувга биноан, криминология – ижтимоий-ҳуқуқий фан. Бу ёндашув амалда аксарият олимлар томонидан тан олинган. Унинг тарафдорлари криминология предметининг асосий таркибий элементлари (айниқса жиноятчилик сабаблари, жиноятчи шахси, жиноятчиликнинг олдини олиш) ҳуқуқий ҳодисалар ва муносабатлар доирасида четга чиқиши, бироқ асосий таянч нуқталари (хусусан, жиноят ва жиноятчи, шу жумладан жиноий ва маъмурий жазо) ҳуқуқнинг тегишли тармоқлари, аввало жиноят ҳуқуқи ҳамда жиноят-процессуал ҳуқуқи билан белгиланишидан келиб чиқади. Бинобарин, криминология икки ижтимоий фан – социология ва ҳуқуқ туташган жойда туради, шу боис у ижтимоий-ҳуқуқий фан ҳисобланади.
Энди предмети жиноятчилик билан у ёки бу даражада боғлиқ бўлган бошқа фанлар билан криминологиянинг ўзаро нисбати масаласини кўриб чиқамиз.
Юқорида қайд этиб ўтганимиздек, криминология жиноят ҳуқуқи билан узвий боғлиқдир. Криминологиянинг асосий объектлари – жиноят ва жиноятчи жиноят ҳуқуқи соҳасида ётади, бироқ криминология уларнинг жиноят-ҳуқуқий белгиларини аниқлаш билан кифояланмайди, балки жиноят мажмуининг қонуниятларини, уларнинг ўзига хос хусусиятларини, уларнинг сабаблари, жабрланувчилар ҳамда жиноятчи шахси билан жиноятчиликнинг ўзаро алоқаларини аниқлайди.
Криминология жиноят ҳуқуқининг жиноят қонуни ижтимоий белгиланганлиги, жиноят ҳуқуқи нормалари ҳамда уларни амалга татбиқ этишнинг самарадорлигини ўрганувчи қисми билан айниқса узвий боғлиқ. Ўз навбатида, жиноят ҳуқуқи социологияси маълумотларидан криминологияда жиноятчиликнинг олдини олиш тизимида жиноят-ҳуқуқий чораларнинг роли ва ўрнини аниқлаш учун фойдаланилади. Шу нуқтаи назардан жиноий жазо криминология фани шуғулланадиган жиноятчиликнинг олдини олишнинг ижтимоий чора-тадбирларидан бири сифатида амал қилади.
Жиноят ҳуқуқига таққослаганда, криминологиянинг мақсади кенгроқ бўлиб, жиноятчиликка қарши курашнинг мавжуд барча (шу жумладан жиноят-ҳуқуқий) усуллари ва воситаларининг самарадорлигини ўрганиш ҳамда жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган (шу жумладан жиноят-ҳуқуқий) методлар ва чора-тадбирлар тизимини ишлаб чиқишдан иборатдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |