7.3. Осиё менежмент услуби Осиё менежмент услуби ғарбий менежментдан фарқ қилади ва қуйидаги характерли хусусиятларга эга:
- турли “юмшоқ” тузилмаларга урғу бериш, бунда фирмалараро муносабатлар тегишли келишувларни тузиш билан расмий асосда эмас, балки компания раҳбарларининг ишончи, ўзаро тушуниши, қардошлик ва дўстона муносабатлар асосида олиб борилади;
- менежерларнинг юқори таълим даражаси, уларнинг малакасини мунтазам ошириш; бўйсунувчиларнинг раҳбарлар билан муносабатларида ғамхўрлиги;
- компаниялар стратегик режаларининг муваффақиятига ишониш ва шерикларнинг бир-бирига ишончи;
- фирмани ривожлантириш умумий мақсадига қўшма ҳисса қўшиш муҳимлигини тушуниш.
Япон менежменти услубининг американикидан тубдан фарқланишига мисол бўлиб, ишга оид масалаларни секин, уларнинг моҳиятига аста-секин яқинлашиб, муҳокама қилувчи япон бизнесменларининг музокаралар ўтказиш одатини келтириш мумкин. Шу билан бирга муносиб шериклар ўртасидаги музокараларга ҳуқуқшунослар жалб қилинмайди.
Япон менежмент услубини ўрганиш асосида япон менежменти амалиётига қуйидаги намунавий чора-тадбирлар киради деган хулосага келиш мумкин:
- фирманинг барча ходимлари учун эрталабки бадантарбия;
- иш вақтида махсус кийим;
-ҳар куни консенсус усули билан қарор қабул қилувчи раҳбарлар мажлиси;
- компанияга содиқликни унда ишлаш шарти сифатида тарбиялаш;
- ишчи ва хизматчиларнинг иш вақтидан ташқари ишлашга тайёрлиги билан ишдаги мувафаққиятлари учун албатта мукофотлаш;
- ишчилар, менежерлар, компания раҳбарларидан иборат “сифат тўгараклари” ва “нол дефектлар” гуруҳларининг амал қилиши;
- раҳбарлар ва ишчилар учун битта ошхона ва компаниянинг барча ходимлари учун “оилавий” норасмий овқатланишлар;
- департамент раҳбарларида кабинет йўқлиги;
- меҳнатга ҳақ тўлаш ва хизмат мартабасининг кўтарилишида асосий омил бўлиб фирмадаги иш стажи ҳисобланади;
- ишга умрбод ёллаш;
- раҳбарларнинг бўйсунувчилар билан одобли муомала қилиши;
- катта омборхоналардан қутулиш ва фирма ходимларини интизомга ўргатиш имкониятини берувчи аниқ муддатда етказиб бериш амалиёти;
- ишлаб чиқариш жараёнида танаффусларни иложи борича камайтириш;
- ишчи ва хизматчилар нафақага чиққанидан сўнг уларнинг барча оила аъзоларига пенсия нафақасини тўлаш.
Японияда ишлаб чиқаришни ва маҳсулот сотишни ташкил этиш хусусиятларига “сого шоша” савдо уйлари ва субетказиб берувчиларнинг катта ролини киритиш мумкин. Иккинчи Жаҳон урушидан сўнг “сого шоша” тизими Японияда саноатнинг тез тикланиши ва унинг дунё етакчиларидан бири даражасигача замонавийлаштирилишига ёрдам берди. Замонавий япон саноатининг барпо этилиши энг ривожланган мамлакатлар тажрибасини кенг жалб этиш ёрдамида амалга оширилган. У вақтда “сого шоша” ривожланган мамлакатлардан самарали технологиялар ва ускуналарни импорт қилиш, сўнгра эса бошланғич материаллар ва Японияда замонавийлаштирилган самарали машина ва ускуналарни экспорт қилиш каналлари бўлиб хизмат қилди.
Япон менежмент услубининг афзалликлари бошқа мамлакатларда ҳам намоён бўлди. Масалан, 90-йиллар бошида Германиянинг “Порше” компанияси сотувларининг кескин камайиши ва фирма раҳбариятининг ишлаб чиқариш ҳаражатларининг ўсиши устидан назоратни йўқотиши туфайли банкротлик ёқасига ва мустақилликни йўқотишига келиб қолди. “Порше” мустақиллигини маъмуриятнинг “ўз камчиликларидан нобуд бўлишдан кўра, ўзга тажриба ёрдамида тузалмоқ афзал” деган ғояси ва “Син гидзюцу” («янги технология») япон маслаҳат фирмаси мутахассисларини таклиф қилиш қарори қутқариб қолди. Япон мутахассислари уч йил ичида “Порше”ни қайта қурди. Натижада йиғма конвейер қисқартирилди, бир неча участкалар ва ёрдамчи хоналар йўқолди, заводнинг ҳудудий майдони 30 % га камайди, автомобил йиғиш суръати эса деярли 40 % га ўсди ва ишлаб чиқариш носозлиги (брак) камайди.
Бошқа мисол – АҚШда “Тойота” япон фирмаси ва “Дженерал моторс” америка корпорациясининг қўшма корхонасини ташкил қилиши. “Нью юнайтед мотор мэньюфекчуринг инк.” (НЮММИ) номли қўшма корхона Фримонт шахридаги (Калифорния штати) заводда жойлашган. Япониядаги “Тойота” фирмасида, АҚШ да “Дженерал моторс” корпорацияси заводларида ва қўшма америка-япония “НЮММИ” корхонасида автомобил ишлаб чиқаришнинг техник-иқтисодий кўрсаткичларини таққослаш АҚШда автомобиллар ишлаб чиқаришга япон менежментининг ижобий таъсирини кўрсатди.