Ўхшашлик методи. Унда ўрганилаётган ҳодисанинг сабаби ҳақидаги хулоса шу ҳодисанинг бир қанча кузатилаётган ҳолларини солиштириш, уларнинг ўхшаш томонини аниқлаш асосида ҳосил қилинади. Масалан, кимёвий таркиби, зичлиги, оғирлиги, катталиги турлича бўлган маятниклар узунлиги бир хил стерженларга – илгакларга илинтирилиб, ҳаракатга келтирилганда, бир хил тебраниш даврига эга бўлган. Бунда ҳодисанинг вужудга келиши кузатилаётган барча ҳолларда ундан аввал келаётган ҳолатларнинг фақат биттасигина такрорланади. Ана шунга таяниб, мазкур такрорланувчи ҳолат кузатилаётган ҳодисанинг вужудга келишининг сабаби бўлса керак, деган тарзда эҳтимолий хулоса чиқарилади.
Ўхшашлик методи бўйича муҳокама юритиш шакли қуйидаги кўринишга эга:
Агар ҳодисанинг кузатилаётган ҳоллари учун фақат битта ҳолатгина умумий бўлса, ана шу ҳолат мазкур ҳодисанинг сабабидир.
Ўхшашлик методининг амалга ошиш механизми қуйидаги мантиқий амалларни ишлатишни ўз ичига олади.
Биринчидан, ўрганилаётган ҳодисанинг тахминий сабаблари ҳақида маълумотлар тўпланади. Бизнинг шаклда бу А, В, С, Д, Е ҳолатлари d ҳодисасидан аввал келиб, унинг пайдо бўлишига сабаб бўлувчи ҳолатлар сифатида олиб қаралган. Уни «А ёки В ёки С ёки Д ёки Е d ҳодисасини келтириб чиқаради» шаклидаги дизъюнктив ҳукм деб қабул қилсак бўлади.
Иккинчидан, мавжуд ҳолатлар ичидан кузатилаётган ҳодиса билан зарурий равишда боғланмаган, сабабий алоқадорликка хос белгиларга эга бўлмаган ҳолатлар чиқариб юборилади. Юқоридаги схемада d ҳодисаси биринчи ҳолда Д ва Е ҳолатлари, иккинчи ҳолда А ва С ҳолатлари, учинчи ҳолда А ва Е ҳолотлари бўлмаганда ҳам вужудга келяпти. Ана шунинг учун улар зарурий равишда боғланмаган ва демак, унинг сабаби бўла олмайдиган ҳолатлар сифатида муҳокамадан чиқариб юборилиши керак. Уни, «А ҳам С ҳам Д ҳам Е ҳам d ҳодисасининг сабаби эмас», деган кўринишдаги инкор ҳукмдан иборат, деб олишимиз мумкин.
Бу амалдан кейин ҳодисанинг асл сабаби бўлиши мумкин бўлган ҳолатлар доираси қисқаради. Учинчидан, барча ҳоллар учун ўхшаш бўлган, ҳаммасида турғун равишда такрорланадиган ҳолат ажратиб олинади. Бизнинг шаклда у В ҳолатидан иборат. Айнан ана шу ҳолат кузатилган ҳолларда бошқа ўхшаш ҳолатлар бўлмагани учун, ҳодисанинг сабаби бўлса керак, деб тахмин қилинади. Юқорида содир этилган мантиқий амаллар натижаларини тўплаб, тартибга солсак, юритилган муҳокаманинг умумий шакли айирувчи-қатъий силлогизмнинг тасдиқ-инкор (tollendo ponens) модуси шаклида эканлигини кўрамиз:
А ёки В ёки С ёки Д ёки Е d ҳодисасини келтириб чиқаради.
А ҳам С ҳам Д ҳам Е ҳам d ҳодисасининг сабаби эмас.
Эҳтимол, В ҳолат d ҳодисанинг сабабидир.
Шуни айтиш керакки, ўхшашлик методидан фойдаланиб ҳосил қилинган хулосанинг асосланганлик даражаси кўп омилларга, хусусан, кузатиш ва эксперимент ўтказилаётган шароитларнинг хилма-хиллиги, кўриб чиқилаётган ҳолларнинг миқдори ва шу кабиларга боғлиқ. Агар ўхшаш ҳолат кузатилаётган ҳоллар сони қанчалик кўп бўлса, у ҳолат турли хил шароитларда ҳар хил бошқа ҳолатлар билан турлича комплексларда олинса, унинг вужудга келаётган ҳодисанинг сабаби бўлиш эҳтимоли ортади.
Лекин шунга қарамасдан бу метод воситасида олинган хулосанинг чинлиги эҳтимолий характерга эгалигича қолаверади.
Do'stlaringiz bilan baham: |