1-МАВЗУ: ЭЛЕКТР МАШИНАЛАРИ ФАНИГА КИРИШ, ФАННИНГ ПРЕДМЕТИ ВА УСЛУБЛАРИ.
МАКСАД: Электр механикаси ва машиналар ҳақида умумий тушунчалар, ҳамда уларни қўлланилишини ўрганиш.
РЕЖА:
Умумий тушунчалар.
Трансформаторлар ҳақида асосий тушунча
3. Трансформаторларнинг номинал қийматлари
Электр юритманинг турлари.
Электр юритмани бошқариш.
1. Умумий тушунчалар
Халқ хўжалигининг ҳамма тармоқларини электрлаштириш жисмоний меҳнатни енгиллаштиради ва меҳнат шароитини яхшилайди. Шунинг учун халқ хўжалигининг барча сохаларида электр энергиясини истеъмол қилиш тобора ортиб бормоқда. Электр станциялари ишлаб чиқарган электр энергиясининг 60% дан кўпроғи электр двигателлари ёрдамида механик энергияга айлантирилади.
Халқ хўжалигининг турли сохаларида маҳсулот ишлаб чиқарадиган машина ва механизмлар турли хил электр двигателлар ёрдамида ҳаракатга келтирилмоқда. Электр энергиясини механик энергияга айлантириб берадиган электр машинаси электр двигатель (мотор) дейилади. Амалда ўзгарувчан ва ўзгармас ток электр двигателлари бўйича сохаларда, шунингдек хонадонларда ҳам кўплаб ишлатилмоқда.
Двигатель электр станцияларда электр энергияси уч фазали ўзгарувчан ток сифатида ишлаб чиқарилади. Электр станциялари энергетика ресурслари мавжуд бўлган туманларда қурилади. Электр узатиш линиясида нобуд бўладиган қувватни камайтириш мақсадида генератор кучланишини бир неча маротаба ошириш керак бўлади.
Ўзгарувчан ток кучланишининг қийматини трансформатор ёрдамида ўзгартириш мумкин. Трансформатор статик электромагнит аппарат бўлиб, ўзгарувчан токнинг кучланиш қийматини ошириши ёки камайтириши мумкин. Ҳозирги кўпгина машина ёки механизмлар электр двигателлари ёрдамида юритилади. Ҳар қайси фабрика, завод, цех, механизациялашган транспорт ва қишлоқ хўжалигини иш механизмларисиз тасввур қилиш қийин.
Электр двигателларининг халқ хўжалигида кўп қўлланилишига уларнинг ФИКи нисбатан юқори бўлиши, ишга тушириш ва тўхтатиш учун кам вақт сарф бўлиши сабаб бўлмоқда.
Замонавий электр машинаси кўп сонли турли қисмлардан иборат. Уларнинг ҳар бири, турли вазифани бажарсада, уларнинг биргаликда ишлаши маълум ишлаб чиқариш жараёнини амалга оширишга қаратилгандир. Ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш ва механизациялашни замонавий бошқариш воситаларига эга бўлган электр юритмаларини қўлламасдан амалга оширишни тасаввур қилиш қийин.
1838 йилда рус академиги Б.С.Якоби томонидан яратилган ўзгармас ток электр юритгични, Нева дарёсидаги сув кемасини ҳаракатга келтириш учун қўлланилиши, электр юритмага асос бўлди. 1888-91 йиллар орасида рус инженери М.О.Доливо-Добровольский томонидан яратилган уч фазали асинхрон юритгич эса электр юритмаларни кенг ривожланишига сабаб бўлди.
Автоматлашган электр юритмаларининг ҳозирги пайтда ривожланган автоматик бошқариш, назорат қилиш ва ростлаш назариясига ва воситаларига эга бўлиши, якка ва боғланмаган автоматизациялашган комплекс, яъни жамланган ва ўзаро боғланган автоматик системага ўтиш имкониятини беради. Ҳозирги вақтда автоматлаштирилган дастгоҳлар, қатор мураккаб машиналар, цехлар ва ҳатто заводлар бор. Уларда бутун иш жараёни ва бошқариши автоматлаштирилган бўлиб хом-ашё тайёр маҳсулот даражасига етказилади. Автоматлаштирилган электр юритмани қўллаш меҳнат унумдорлигини ортишига, маҳсулот сифатининг яхшиланишига ва таннархининг камайишига ҳамда ишлаб чиқариш майдонининг қисқаришига олиб келади.
Халқ хўжалигининг корхоналарида қўлланилаётган трансформаторлар электротехнологик ускуналарини электр энергияси билан сифатли ва ишончли таҳминлашнинг гарови бўлиб ҳисобланади. Саноатнинг айрим технологик жараёнларининг тезлигини ўзгармас ток двигателлари ёрдамида кенг кўламда силлиқ ростлаш мумкин. Ўзгармас ток машиналари баҳзи технологик қурилмаларда, ердаги ва ҳаво транспортларида ҳозиргача кенг қўлланилиб келинмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |