Полимерлар
Сунъий ёки юқори молекуляр табиий бирикмалар-полимерлардан пластмассалар тайёрланади. У қайта ишлаш жараёнида турли шакл олади ва шу шаклини барқарор сақлаб қолиш хусусиятига эга.
Пластмассалар нисбатан янги материал ҳисобланади, уларнинг технологияси кенг ривожланмоқда. Ҳозирги вақтда полимер қурилиш материаллари ва буюмларнинг етарли даражада кенг турлари мавжуд, улардан фойдаланиш қурилиш ишларининг индустриаллигини ошириш, меҳнат сарфларини қисқартириш, қурилиш нархини камайтириш, шунингдек, рангли ва қора металлар, ёғоч ва бошқа танқис материалларни анча тежашга эришиш мумкин.
Қурилишбоп пластмасса материаллар ва буюмлар турли усулларда тайёрланади, уларни танлаш полимер материалининнг таркиби, хоссаларига ва буюм турларига боғлиқ.
Пластмассалар таркиби. Пластмассаларнинг асосий қўшимчалари боғловчи моддалар – полимер, тўлдиргичлар, юмшаткичлар, қотиргичлар, бўёқлар ва барқарорлаштирувчилардир.
Полимерлар юқори молекуляр бирикмалар (смолалар)дан иборат бўлиб, молекулалари кўп марта такрорланадиган тузилишли қисмлардан иборат. Келиб чиқиши бўйича полимерлар табиий ва сунъий (синтетик) полимерларга бўлинади. Табиий полимерлар – оқсиллар, нуклеин кислоталар, табиий каучуклардан иборат. Қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда ишлатиладиган сунъий (синтетик) полимерлар хомашёнинг ҳар хил турларидан (тошкўмир, нефт маҳсулотлари, табиий газ ва бошқалар) химия корхоналарида полимеризация (паст млекулали органиc бирикмалардан юқори молекулали органик бирикмаларни ҳосил қилиш) ёки поликонденсация усули ёрдамида уни қайта ишлаш йўли билан олинади.
Олиш усулига қараб полимерлар тўртта синфга бўлинади: А- полимеризацияли, Б поликонденсацияли, В-табиий полимерларни модифи-кациялаб олинган, Г-табиий шароитларда ҳосил бўлган ва органик моддаларни ҳайдаб олинадиган. А ва Б синф полимерлари пластмассалар ишлаб чиқаришда асосий полимерлар ҳисобланади.
Полимеризация реакциясида оддий бирикмаларнинг (мономерларнинг) кўп миқдордаги бир хил молекулалари қўшимча маҳсулот чиқармасдан битта мураккаб молекулага (полимер) бирикади. Полимеризациялаб полиетилен, полипропилен, полиизобутилен ва бошқа синтетик полимерлар олинади.
Поликонденсация реакциясида бир нечта оддий бирикмалардан таркиби дастлабки маҳсулотлар таркибидан фарқланадиган полимер ҳосил бўлади. Полимер ҳосил бўладиган жараён қўшимча моддалар (сув, аммиак ва бошқалар) чиқиши билан бирга содир бўлади. Поликонденсациялаб фенолформалдегид, карбамид, полиамид, полиефир ва бошқа синтетик полимерлар олинади.
Қиздирганда ва совитганда полимерлар қандай бўлишига қараб улар термопластик ва термореактив полимерларга бўлинади.
Термопластик полимерлар қиздирганда юмшаш ва совитганда қотиш ҳусусияти билан ҳарактерланади. Уларнинг электр қаршилиги катта бўлади, сувни кам шимади ва кимёвий жиҳатдан юқори даражада турғун бўлади, лекин иссиққа чидамлилиги ва қаттиқлиги паст бўлади, осон шишади ва органик эритгичларда эрийди. Бу гуруҳга полимеризатсион полимерларнинг кўпчилиги киради.
Термореактив полимерлар иссиқлик ва босим таъсир қилганда қотади ва қайта қиздирилганда юмшамайди. Улар термопластик полимерлардан юқори мустаҳкамлиги, иссиққа чидамлилиги ва қаттиқлиги билан фарқланадилар. Бу гуруҳга фенолформалдегид,карбамид, эпоксид ва баъзи бошқа полимерлар киради.
Do'stlaringiz bilan baham: |