2.Аудитнинг мақсади, вазифалари ва манбалари. Хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фаолиятини амалга ошириш мақсадида устав капитали, заҳира капитали ва қўшилган капитал яратилади. Тақсимланмаган фойда эса хўжалик юритувчи субъект фаолияти натижасида вужудга келади. Уларни текширишдан мақсад хўжалик юритувчи субъектнинг рўйхатга олинган санасидан бошлаб уни тугатиш ёки қайта тузишгача бўлган давр мобайнида фаолиятнинг қонунийлигини тасдиқлаш, бақарор фаолият олиб бориши, рақобатбардошлиги ва ишлаб чиқаришни янада ривожлантиришни таъминлашдан иборат. Ушбу тарифдан келиб чиққан ҳолда аудитор қуйидаги саволларга жавоб бериши лозим:
1. Хўжалик юритувчи субъект фаолиятини олиб бориши учун зарур бўлган барча ҳужжатларни қанчалик ўз вақтида ва тўлиқ расмийлаштирган:
2. Таъсис этувчилар билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилинганми:
3. Солиқ бўйича барча қонунчиликка риоя қилинганми.
Ушбу йўналишларнинг таҳлилидан текширувнинг қуйидаги вазифалари келиб чиқади:
1) Хўжалик юритувчи субъект фаолиятнинг ҳуқуқий асосларини тасдиқлаш;
2) Хусусий капитал тўғри шакллантирилганлигини тасдиқлаш;
3) Таъсис этувчилар билан оралиқ ва якуний ҳисоб-китобларнинг тўғрилигини текшириш;
4) Устав капитал тўлиқ ва ўз вақтида шакллантирилганлигини текшириш;
5) Таъсис этувчилар билан ўз вақтида ва тўлиқ ҳисоб-китоблар қилинганлигини текшириш;
6) Бухгалтерия (молиявий) ҳисоботнинг ишончлилигини тасдиқлаш:
устав капиталнинг миқдори ва тузилиши;
устав капиталга улушлари бўйича таъсис этувчиларнинг қарзлари;
акционерлардан сотиб олинган хусусий акцияларнинг мавжудлиги;
таъсис этувчиларга тўланадиган дивидендлар бўйича қарзлари;
7) Устав капиталига улушлари бўйича киритилаётган моддий қийматликларнинг баҳоланиши, уларнинг тўғрилиги ва ҳисоб-китобларнинг асосланганлигини текшириш.
Устав, қўшилган, заҳира капитали ва заҳираларни шаклланиши ва ҳаракатининг аудиторлик текширувини ўтказиш учун аудитор (аудиторлик ташкилоти) томонидан қуйидаги асосий ҳужжатлар ахборот манбаи бўлиб ҳисобланади ва улардан фойдаланилади:
иқтисодий субъект устави; таъсис шартномаси; таъсисчилар мажлисларининг баённомалари; давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома; корхоналарни хусусийлаштириш ва акционерлаш билан боғлиқ бўлган ҳужжатлар; статистика, давлат солиқ идоралари, нафақа жамғармаси, бандлик жамғармаси, ижтимоий суғурта жамғармаси идораларида рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида гувоҳнома; банкнинг хизмат кўрсатиши тўғрисидаги шартномаси; таъсис ҳужжатларига киритилган ва рўйхатга олинган ўзгаришлар; эмиссия проспекти; акциядорлик жамиятлари учун акциядорларнинг реестри; акциядорларнинг йиллик мажлиси баённомаларидан кўчирма; акциядорлар, таъсисчиларнинг мажлис баённомаларидан кўчирма; директорлар (назорат) Кенгаши мажлисларининг қарорларидан кўчирма; ижро дирекциясининг буйруқлари ва фармойишлари; маълум бир фаолиятни амалга ошириш учун лицензиялар ва рухсатномалар; таъсисчилар ва акциядорлар билан ёзишувлар; ички уставлар; устав капиталига таъсисчилар томонидан ўз улушларини пул, натура, номоддий шаклда ёки қимматли қоғозлар кўринишида киритилганини тасдиқловчи ҳужжатлар (банк кўчирмалари, кирим касса ордерлари, Устав капиталига улуш сифатида натура кўринишида тақдим этилган мол-мулкни кирим қилиш тўғрисида далолатномалар ва бошқалар); устав капиталига натура ва номоддий кўринишида киритиладиган улушларнинг баҳолаш услуби; хўжалик юритувчи субъект давлат рўйхатидан ўтганидан кейинги бошланғич фаолият даври бўйича ҳисобот; йиллик ҳисобот; хўжалик юритувчи субъектнинг тугалиши ёки қайта тузиш санасидаги ҳисоботи.