Француз дипломатияси. Ўрта асрлар Европасидаги энг муҳим воқеалардан бири ҳисобланган “Юз йиллик уруш” Франциянинг сиёсий жиҳатдан ривожланишида муҳим роль ўйнаган.
1328 йилда капетинглар сулоласи тугатилиб, тахтга Филипп VI Валуа ўтиргач, Англия қироли Эдуард III (у Филипп IV Чиройлининг набираси эди) ҳам Франция тахтига даъвогарлик қила бошлаган. Шу сабабли Англия Францияга қарши урушга ҳарбий жиҳатдан катта тайёргарликни бошлаб юборган. Ушбу воқеа доирасида Европада мураккаб дипломатик ўйинлар бошланган. Бу ўйинга кучли дипломатик таъсирга эга бўлган Папа, герман императори, Шотландия, Сицилия, Кастилия қироллари ҳамда кўплаб йирик герцоглик ва графликлар аралашганлар.
Папа, Фландрия графи ва Шотландия қироли Францияни жиддий қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдирганлар. Папа Филипп VIни дин ҳимоячиси деб билса, Фландрия графи француз қиролидан қарздор бўлган. Чунки французлар Фландрия шаҳарларининг графга қарши қўзғолонини бостиришда катта ёрдам берганлар. Шотландия эса азалдан Франциянинг иттифоқчи бўлган. Французлар шотландларнинг инглизларга қарши курашида Филипп IV Чиройли давридан бери ёрдам бериб келганлар.
Англия қироли Эдуард III ҳам ўз атрофига иттифоқчилар тўплай бошлаган. Дастлаб молиявий қийинчиликларни бошдан кечираётган герман императорига 300 минг флорин миқдорида улкан қарз берилган. Ҳудди шундай йўл билан Геннагаус, Зеланд, Брабант каби унча катта бўлмаган князликлар Англия иттифоқчиларига айланган. Фландрия таъсири остидаги ушбу князликлар граф зулмидан қутилиш учун Англияни қўллаб-қувватлашга рози бўлганлар.
Юз йиллик урушда Англия устидан қозонилган ғалабада французларнинг ватанпарварлик жасоратлари билан бир қаторда, юксак даражада олиб борилган дипломатиянинг ҳам муносиб ўрни бор.
Замонавий тадқиқотчилар француз қироли Людовик XIни замонавий дипломатиянинг отаси сифатида тан олганлар. У чиндан ҳам моҳир дипломат эди.
Людовик XI рицарлик шон-шуҳратини тан олмас, урушларни эса умуман ёқтирмас ҳамда дипломатияни ўзининг асосий қуроли деб биларди. У айёрликни кучдан устун қўяр, кўплаб душманлари билан муносабатлар чоғида ҳар доим юзма-юз жанглардан ўзини олиб қочишни уддаларди. Ўша давр тарихчиларидан бири Комминнинг ёзишича, Людовик XI ертаю-кеч янги ғоялар яратиш билан машғул бўлган. Ўз рақибларини бир-бири билан уриштириб қўйиш, энг керакли вазиятда уларни яраштирувчи судъя ролини ўйнаш, тинчлик ўрнатиш орқали ўз манфаатларини ҳам ҳимоя қилиш – француз қиролининг асосий тактикаси эди. У давлатни бошқариш сохасидаги барча икир-чикирларни еринмай суриштирар, ўз вақтининг асосий қисмини турли тоифадаги дворянлар билан танишишга, улар ҳақида маълумот тўплашга, ўзи билан яқин деб ҳисоблаган дворянлар билан ёзишмалар олиб боришга сарфларди. Комминнинг таъкидлашича, бу қадар кўп одамлар билан танишувчи, одамларни бу қадар кўп тингловчи, бу қадар кўп маълумот тўпловчи киши бутун Франциядан бошқа топилмаган. Ҳақиқатдан ҳам Людовик XI Англия, Испания, Португалия, Италия ва Бургундиядаги барча таниқли давлат арбоблари ва юқори даражали дворянлар билан шахсан таниш эди. Шу билан бирга улар ҳақидаги кўплаб қиматли маълумотларга эга эдики, юқори табақа вакиллари иштирокидаги низолар ва тортишувлар қандай якунланишини олдиндан беҳато айтиб бера оларди.
Людовик XIнинг ўз дипломатлари билан иш олиб бориш услуби ҳам ўзига хос кўринишга эга бўлган. Қирол уларга фаолият юритишларида барча еркинликларни бериб қўйгандек ўзини тутар, улардан доим маслаҳат сўрар, аслида эса барча ишларни зимдан кузатиб борарди. У ўз дипломатларидан бирига шундай маслаҳат берган: - “Агар ишлар кўнгилдагидек кетаётган бўлса, мени ҳар замонда ҳабардор қилиб туришинг кифоя, акс ҳолда, сенга ёрдам беришим учун барча маълумотлардан ипидан-игнасигача мени ҳабардор қилишинг шарт”.
Людовик XI ўз элчиларига имкон қадар кўпроқ тарафдорларни сотиб олишни маслаҳат берарди. Уларга қарата – “кўряпсанларми, улар сизни алдамоқда, майли, лекин сизлар кўпроқ алданглар” деган сўзларни кўп ишлатарди. Бундай қонун-қоидалар Людовик дипломатиясининг асосий мазмунини англатарди. Унинг қўл остидаги 70 дан ортиқ дипломатларнинг номлари бутун Европада машҳур бўлган. Комминнинг ёзишича дипломатларининг бирортаси ҳам қиролга ҳиёнат қилишни ҳаёлларига ҳам келтира олмаганлар. Чунки, ҳар бир дипломат орқасида, албатта, алоҳида қирол айғоқчиси бўлган.
Do'stlaringiz bilan baham: |