Республика ва империя даврида элчилик тартиблари. Милоддан аввалги IV – III асрларда Рим узоқ қабилалар билан ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга еришган даврда ҳақиқий элчилик муносабатлари шаклланган.
Элчихона – легадия, элчилар – легатлар деб аталган. Элчилар Сенат аъзолари орасидан сайланган. Улар қатъий йўриқнома асосида иш олиб борганлар. Юнон манбаларида айтилишича, римлик элчилар қўлида олтиндан ясалган махсус узук–муҳри бўлган. Ушбу узук–мухр орқали элчилар халқаро шартномаларга имзо чекканлар. Римга қайтиб келган легатлар оқсоқоллар кенгаши (Сенат) ҳузурида хисобот берганлар. Фақат айрим холлардагина халқ йиғинида (Форум) ҳам уларнинг хисоботлари тингланган.
Милоддан аввалги III-II асрларда бошқа давлат элчиларини қабул қилиш бўйича махсус тартиб жорий этилган. Дўстона алоқадаги давлатлар ёки душманларча муносабатдаги давлатлар элчилари турлича кутиб олинган.
Дўстлик алоқалари мустаҳкам бўлган давлат элчилари Римдан ташқаридаёқ тантана билан кутиб олинган. Тантанали зиёфатдан сўнг элчилар Римдаги энг шоҳона безатилган бинолардан бирига жойлаштирилган. Рим шаҳрида кечқурунлари ташкил этиладиган турли кўнгилочар базмлар, байрам дастурхонларида элчилар сенаторлар ва бошқа олий даражадаги зодагонлар билан ёнма-ён жойлашганлар, уларга қимматбаҳо инъомлар берилган. Дабдабали кутиб олинган бу элчилар ертаси куни имзоланадиган битимлар Рим фойдасига ҳал этилишига жиддий қарши кўрсата олмаганлар.
Ғаним давлат элчилари анча совуқ кутиб олинган. Уларни Римдан ташқарида жойлашган оддий биноларга жойлаштирилган. Улар умуман шаҳарга киритилмаган. Улар жойлашган ҳудуд қатъий тарзда қўриқланган. Сенат аъзолари элчиларни шаҳар четидаги ибодатхонада қабул қилганлар. Агар музокаралар Рим учун мувоффақиятли кечаётган бўлса, музокаранинг якунловчи куни Рим шаҳрига кўчирилган ҳамда элчилар шарафига зиёфат ташкил этилган. Аксинча ҳолларда эса элчиларга Рим ҳудудини тарк этиш учун қисқа муддат белгиланиб, кеч қолган элчи шавқатсиз жазоланган. Душман элчилари фақат Рим ҳудудидагина қўриқчилар томонидан ҳимояланган бўлса, дўст давлат элчилари ўз юртларига қадар кузатиб қўйилган.
Империя даврида Римда дипломатик алоқалар шахсан император ва унинг концеларияси назоратида бўлган. Клавдий императорлиги даврида ўтказилган ислоҳотлар жараёнида халқаро алоқаларни тартибга солишга алоҳида эътибор қаратилган. Унга кўра, императорга бўйсунувчи махсус котиб лавозими жорий этилиб, у Римнинг халқаро муносабатларида асосий масъул хисобланган. Римнинг машҳур адвокатларидан бири ҳисобланган Пампонийнинг ёзиб қолдиришича, Клавдий даврида элчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича алоҳида чора-тадбирлар амалга оширилган.
Империя даврида Рим дипломатияси икки хил кўринишга эга бўлган:
1) Ташқи дипломатик алоқалар – Рим ҳукмронлиги доирасидан ташқаридаги давлатлар билан халқаро муносабатлар.
2) Ички дипломатик алоқалар – Рим таъсири остидаги давлатлар билан халқаро муносабатлар.
Рим таъсири остидаги давлатлар автономия ҳуқуқига ва иқтисодий, сиёсий, диний жиҳатдан маълум ваколатларга эга бўлганлар. Улар Римга элчилар жўнатиб, ўз манфаатларини Сенатда ҳимоя қила олганлар.
Виспасиан даврида қўшни давлатларда фаолият олиб бораётган элчихона вакиллари 3 нафаргача (илгари ўн нафар бўлган) қисқартирилган. Асосий мақсад элчихоналар учун ажратиладиган маблағни чеклаш бўлган.
Домициан даврида элчихоналарни маблағ билан таъминлаш деярли тўхтатилган. Элчилик мансабини фаҳрли деб хисоблаган аристократия вакилларидан элчилар тайинлана бошланган.
Империя даврида патрицийлар орасидан етук дипломатларни тайёрлаш мақсадида махсус мактаблар фаолият кўрсатган. Уларга ҳуқуқ, дипломатия, риторика, фалсафа каби фанлар чуқур ўргатилган.
Римнинг Карфаген, Македония ва эллин давлатлари билан халқаро алоқалари. Рим давлатининг кенг миқёсдаги халқаро алоқалари милоддан аввалги VI асрларда бошланган. Дастлабки йирик шартномалар Карфаген билан имзоланган. Шартномалар асосан савдо-сотиқ, Рим кемаларининг Африка қирғоқларидаги еркин ҳаракатларини таъминлашга қаратилган. Рим кемаларига фақатгина Карфаген портларига қадар сузиб келишга руҳсат берилган, Африканинг бошқа соҳилларига сузиб бориш эса қатъий таъқиқланган. Агар Рим кемалари бўрон туфайли Карфаген қирғоқларида тўхташга мажбур бўлган ҳолларда, бўрон тингач Италияга жўнаб кетишлари учун қисқа ва қатъий муҳлат белгиланган. Белгиланган муддатда жўнаб кетишга улгурмаган кема аъзолари қатл этилган.
Римнинг эллин давлатлари билан алоқалари милоддан аввалги III асрда тўла ўрнатилган. Айниқса, Птоломейлар подшолиги билан алоқалар айниқса жуда мустаҳкам бўлган. Худди шу даврда Сицилия учун Карфаген билан, Адриатика денгизи қирғоқларидаги ҳудудлар учун Македония билан кескин рақобатлашаётган Рим учун Птоломейлар подшолигидаек кучли иттифоқчига эга бўлиш катта аҳамиятга эга бўлган. Ўз навбатида, Африкада Карфагеннинг кучайиши Мисрга ҳам хавф солар эди. Македония эса Мисрнинг яна бир жиддий душмани ҳисобланган Салавкийларнинг яқин иттифоқчиси эди.
Шу тариқа Пуни урушлари даврида Ўрта ер денгизи мамлакатлари иккита катта лагерга ажраганлар:
1) Рим, Птолемейлар, Пергам ва Родос;
2) Македония, Салавкийлар ва Карфаген.
Милоддан аввалги 216 йилда Ганнибал раҳбарлигидаги Карфаген армияси Канн шаҳри яқинида Рим армиясини тор-мор этгач, Ганнибал Римга ўз элчиларинин жўнатиб, оғир шартлар эвазига тинчлик шартномасини таклиф этган. Сенат эса бу таклифни рад этгач, Ганнибал Македонияга ўз элчиларини жўнатиб, уни Римга қарши урушга қўшилишга даъват этган.
Ганнибал жўнатган элчиларнинг ташаббуси билан Кафаген ва Македония Римга қарши иттифоққа бирлашиш тўғрисида ўзаро битим имзолаганлар ва уруш вақтида Рим билан алоҳида сепарат сулҳ тузмасликка ўзаро ваъда берганлар. Ушбу шартномага кўра, Рим мағлубиятга учрагандан сўнг, Болқонда жойлашган давлатлар ҳудудлари Македония, Италия ҳудудлари эса тўлалигича Карфаген ихтиёрида бўлиши белгилаб олинган. Ёзма шартномадан ташқари Македония шоҳи оғзаки тарзда ўз қўшинларини зудлик билан Апенинга юборишга ваъда берган. Полибийнинг ёзиб қолдиришича, Рим дипломатлари Юнонистондаги Этолий иттифоқи давлатларини Македонияга қарши уруш эълон қилишга кўндирганлар ҳамда уларни хар томонлама қўллаб-қувватлашга ваъда берганлар. Юнонистон ҳудудида бошланиб кетган уруш туфайли Македония Апеннинга қўшин жўнатиш имкониятидан махрум бўлди. Дахшатли натижаларга сабаб бўлиши мумкин бўлган катта хажмдаги македон қўшинларининг Римга юриш бошлаш эҳтимоли дипломатик харакатлар туфайли бутунлай барҳам топди.
Пуни урушлари давомида римликлар бир неча марта денгизда Македонияга қарши кичик тўқнашувлар билан чекланганлар..
Македониянинг Юнонистондаги урушлар билан бандлигидан фойдаланган Рим қўшинлари милоддан аввалги 215-205 йилларда Ганнибал армиясини Италиядан қувиб чиқаришга еришди. Карфагеннинг чекиниши оқибатида Македония подшоси Филипп V ўзаро шартномага хиёнат қилган ҳолда милоддан аввалги 205 йилда Рим билан сепарат сулҳ шартномаси имзолаган. Шундан сўнг милоддан аввалги 202 йилда римликлар Карфаген қўшинларини қаттиқ мағлубиятга учратганлар ва уни оғир шартлар эвазига сулҳ тузишга мажбур қилганлар. Милоддан аввалги 200 йилда эса бир вақтлар Карфаген билан иттифоқ тузган Филипп V ни жазолаш мақсадида Македонияга қарши уруш эълон қилинган. Бироқ асосий мақсадни ошкор қилмаган ҳолда Юнонистондаги шаҳар давлатларни ҳимоя қилиш баҳонасида урушга киришганлар. Уруш давомида Рим элчилари Салавкийлар подшоси Антиох III ҳузурига юборилиб, уни Македонияни қўллаб-қувватламасликка кўндирганлар. Бунинг учун Рим Антиох III га Сурия, Финикия ва Фаластин ҳудудларини эгаллаши учун қаршилик кўрсатмасликка ваъда берган. Урушда оғир аҳволга тушиб қолган Филипп V нинг қайта-қайта илтимослари Антиох III томонидан рад этилдиб, ҳарбий ёрдам кўрсатилмаган. Шу тариқа, милоддан аввалги 197 йилда Македония оғир шартлар асосида Рим билан сулҳ тузишга мажбур бўлган. Унга кўра, Филипп V Юнонистондаги майда давлатларнинг мустақиллигини тан олган, Римга катта миқдорда товон пули тўлаган ҳамда ўз армияси сонини кескин қисқартиришга (5 минг кишига) рози бўлган. Юнон давлатлари македон зулмидан озод бўлиб, Рим асоратига тушганлар ва уларни назорат қилиш мақсадида ушбу давлатлар ҳудудларида катта миқдорда Рим қўшинлари ўрнашиб олганлар.
Орадан кўп ўтмай Рим Сенати Тиберий Сампроний Гракх (машҳур ака-ука Гракхларнинг отаси) бошчилигидаги элчиларни Македония шоҳи ҳузурига юборган. Бундан асосий мақсад, Римнинг Антиохга қарши бошлашида Македониянинг бетарафлигига еришиш эди. Салавкийларга нисбатан юрагида адоват ўти уйғонган Филипп V маълум енгилликларга еришиш мақсадида урушда бетараф бўлишга кўнган, хаттоки Рим армиясига Македония ҳудудидан ўтишга рухсат берган. Бундан ташқари, римликларга озиқ-овқат борасида ҳам ёрдам беришга рози бўлган.
Милоддан аввалги 190 йилда Салавкийлар қўшинлари Рим томонидан тор-мор этилиб, унинг Кичик Осиёдаги мулклари тортиб олинган ҳамда катта миқдорда товон ундирилган.
Салавкийларнинг мағлубиятиданг сўнг Рим Македонияга берган ваъдаларидан воз кечган. Алданган Филипп V ноилож қолган ҳолда ўзига юклатилган мажбуриятларни адо этишни давом эттирган.
Юқоридаги мисоллардан кўриниб турибдики, Рим ўз дипломатиясининг айёрлиги, ишбилармонлиги эвазига улкан ютуқларни қўлга киритган. “Divide et impera” – “бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил” қоидаси Римнинг асосий қуроли бўлиб хизмат қилган..
Do'stlaringiz bilan baham: |