2. Ўрта асрларда Ҳиндистон дипломатияси
XI-XVII асрларда Ҳиндистон дипломатияси ўзига хос йўлда ривожланган. Бу йерда йирик давлатлар (Деҳли султонлиги ва Буюк Мўнғуллар (Бобурийлар) давлати)нинг ташкил топиши даврида ҳам бу йерда майда князликлар мавжуд эди. Бу князликлар аҳолисининг этник таркиби, тили ва маданияти турлича эди. Халқларнинг бу ўзига хослиги ўрта асрлар ҳинд дипломатиясида акс этган.
Ҳиндистоннинг бирлаштирилиши бир неча юз йилликлар давомида амалга ошган. Йевропадагидек, Ҳиндистонда ҳам ўрта асрлар дипломатиясида асосий ролни династиялар ўртасидаги муносабатлар, ўзаро вассалик муносабатлар, феодаллар мажбуриятлари формалари ўйнаган.
Шу билан биргаликда, Ҳиндистон дипломатиясида икки тизим кўзга ташланади: шариат нормалари билан маҳкам боғланган мусулмон ҳукмдорлари дипломатияси, индуизмни ўзида акс эттирган ҳинд рожалари дипломатияси мавжуд эди. Шимолий Ҳиндистондаги кучли давлатга Ўрта Осиё ва Эрондан келиб, Деҳли султонлигига асос солган сулолалар асос солган эди. Ҳиндистоннинг Ўрта Осиё билан ўзаро муносабатлари бутун ўрта асрларда давом этган.
XI-XIII асрларда Шимолий Ҳиндистонга Хуросон ва афғон йерларидан кўплаб аҳоли кириб келган. XIII аср бошларида Деҳлида мусулмон-фотиҳлари томонидан кучли марказлашган давлатга асос солинади. Деҳли султонлари ҳиндларга қарши “ғазот” шиори остида ўз ҳукмронликларини бутун Ҳиндистонга ёйишга ҳаракат қилганлар. Шунинг учун Деҳли султонлигида давлат ҳуқуқи шариатга аосланган эди. Деҳли султонлари ўзларининг ҳокимиятларини Бағдод томонидан тан олиниши учун бир неча марта халифалик марказига қиммабаҳо совғалар билан элчилар жўнатганлар. 1229-йили сўнгги халифа ал-Мустасим тарафидан Деҳли султонлиги тан олинади. Бунинг шарафига унинг вафотидан бир неча ўн йил давомида масжидларда жума намозларида унинг номи хутбага қўшиб ўқилади. Одатда давлатда хутбага халифанинг номи қўшиб ўқилса ва тангаларда унинг номи зикр этилса ўша давлат ҳукмдор номи зикр этилган давлатга қарам ҳисобланар эди. Бағдод халифалигига қарамлик эса ярим оролда султонларга “ғазовот номи” остида давлатни бирлаштиришга ёрдам берар эди. Халифанинг охирги элчиси 1343-йили Мисрдан Деҳлига келади. Бу даврда Деҳлидаги халқ қўзғолони султон Муҳаммад Туғлақ ҳокимиятини анча заифлаштирган эди. Шунинг учун халифа элчиси жуда катта тантана билан кутиб олинади. Муҳаммад Туғлақнинг вориси Феруз ўз ёзишмаларида “...халифага бўлган боғлиқлигим ва унга итоат этишим ҳокимиятимни мустаҳкамлади”, деб ёзган эди.
Деҳли султонлиги жанубий Ҳиндистонга бостириб кирган мўнғулларга қарши курашиши ҳам керак эди. Бу вазифа дипломатик йўл билан эмас, балки ҳарбий йўл билан ҳал этилган. Ҳиндистондаги дипломатик муносабатлар фақатгина душман мағлуб этилиб, тўлов миқдори аниқланаётган пайтдагина рўй берар эди. Мағлуб давлат ғолиб давлатга қиммабаҳо совғалар ва албатта фил жўнатар эди. Фил энг ҳашаматли совға ҳисобланар эди. Баъзан ғолиб давлат вассал мақомига тушиб қолар, унинг собиқ ҳудудлари эса унга лен тариқасида берилар эди. Бундай ҳолатларда Деҳли султони ўзининг янги вассалига фахрий титул билан биргаликда ҳокимият белгиси бўлган дўмбира (барабан) жўнатар эди. Шу билан биргаликда соябон билан биргаликда филда сайр қилишга рухсат берар эди. Аммо Деҳли султонлари ва князлар орасидаги ўзаро муносабатлар мустаҳкам эмас эди. Дастлабки имконият пайтидаёқ вассаллар мустақилликка интилар ёки Деҳли султонлари у йерларни бутунлай босиб олишга ҳаракат қилар эдилар.
XIV аср ўрталарига келиб Жанубий Ҳиндистонда икки давлат ташкил топади: Деҳли султонлигидан мусулмон династияси бошчилигидаги Бахмани давлати ва ҳиндларнинг Вижаянагар давлати ташкил топади. Икки давлат ўртасида олмос конларига бой бўлган Райчур водийси ва бутун жанубий Ҳиндистонга эгалик қилиш учун доимий кураш борган. XVI аср бошларига келиб Бахмани давлати мустақил бешта князликка бўлиниб кетади. Бу беш давлат Вижаянагар давлати билан ва ўзлари ўртасида доимий кураш олиб борганлар. Ярим аср давомида Вижаянагар давлати беш князликларнинг бир-бирларига қарши қўйишга муваффақ бўлган. 1565-йилга келиб аҳвол ўзгаради. Мусулмон султонлари бирлашадилар ва уларнинг қўшинлари Вижаянагар давлатини бутунлай мағлубиятга учратади.
Бу даврда деҳқонлар қўзғолонлари ва сепаратистларнинг ҳаракати натижасида Деҳли султонлиги ағдарилади. 1525-йил келиб чиқиши фарғоналик бўлган Бобур Шимолий Ҳиндистонда Бобурийлар давлатига асос солади. Бобур вафотидан кейин унинг ворислари ўртасидаги кураш натижасида кучсизланган Бобурийларни афғонлар мамлакатдан ҳайдаб чиқарадилар. Бобурнинг тўнғич ўғли Ҳумоюн Эронга келади ва бир неча йил давомида Таҳмасп саройида яшайди. У Таҳмаспни қўшини ёрдамида Ҳиндистондаги ҳокимиятини қайта тиклашга муваффақ бўлади. Ёрдам эвазига Қандаҳорни беришга ва шиаликни ҳукмрон дин деб тан олишга рози бўлган. Лекин Ҳумоюн тахтни қайтариб олгач, Қандаҳорни қайтариб олишга ҳаракат қилган ва суннийлик асосий дин бўлиб қолаверган.
Ҳумоюн бир йилга яқин мамлакатни бошқарган ва бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этади. Вориси Акбаршоҳ эса бутун Ҳиндистонни бўйсундиришга муваффақ бўлади. У нафақат ҳинд князларига, балки мустақил бўлишга интилган мусулмон феодалларига ҳам қарши курашади.
Ҳиндистонни бутунлай бўйсундиришда Акбаршоҳ нафақат ҳарбий воситани, балки дипломатик воситаларни ҳам қўллаган. Қаршилик кўрсатган ҳинд рожалари қалъалари ва ибодатхоналарини шафқатсизлик билан буздирган Акбаршоҳ у йерларда асирларнинг калларидан миноралар барпо эттирган. Акбаршоҳ ҳинд рожаларига вассалик шартлари асосида бўйсунишни таклиф этган. Бир неча ражпутлар қизларига уйланган Акбаршоҳ улар билан қариндошлик алоқаларини ўрнатиш орқали бутун Ҳиндистонни бўйсундиришга интилган. Олдинги ҳукмдорлардан фарқли равишда солиқ борасида у ҳинд рожаларига мусулмонлар бир хил имтиёзларни ўрнатган. Ҳинд рожаларини ҳарбий соҳага хизматга қабул қилиб, уларга ҳам жогирлар тарқатган. Махсус шартнома орқали нафақат ҳинд ҳарбийлари, балки ҳинд князлари ҳам хизматга олинади. Бундан ташқари, ражпут князлари ўз қариндош қизларини Деҳлига Буюк Мўнғул саройи учун янги йил шарафи билан ўтказиладиган қизлар бозорига жўнатишдан озод қилинади.
Шундай қилиб, ражпут князларининг ҳарбий соҳага олиниши бутун Ҳиндистон ва Декан вилоятининг бир қисмини босиб олинишини таъминлайди. Шу билан биргаликда, ражпутларнинг ҳарбий хизматга олиниши Акбаршоҳнинг диний сиёсатида ўзгаришларга олиб келиб, бутун мамлакатда диний бағрикенгликни таъминланишига сабаб бўлади.
Акбаршоҳнинг ислом тамойилларидан бироз чекиниши Эрон, Усмонийлар Туркияси, Бухоро каби давлатлар билан дипломатик алоқаларнинг жонланишига сабаб бўлган. Ушбу давлатлар билан ёзишмалар Акбаршоҳнинг буюк вазири Абул Фазл орқали олиб борилган. Абул Фазл томонидан ёзилган мактублар бир қатор мамлакатлар: Ҳиндистон, Ўрта Осиё, Афғонистон, Туркия, Эрон ва бошқа мамалакатларда сақланиб қолган. Ушбу мактублар дабдабали тарзда ёзилган бўлиб, унда пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) улуғланиб, жўнатилган мактубларнинг баъзи бир йерлари қофияга солиниб шеърий тарзда битилган. Шеърий тарзда битилган қисмида душман проза шаклида ҳажвга олинган.
Бобурийларнинг Ҳиндистондан португалларни (португаллар у йерда учта портга эга эдилар) қувиб чиқара олмайдилар. Чунки бобурийларнинг денгиз флоти бўлмаган. Португаллар эса денгизда ҳукмрон бўлганлар. Ҳатто мусулмонлар Макка ва Мадинага ҳажга денгиз йўли орқали боришлари учун португаллардан рухсат олишга мажбур эдилар. Акбаршоҳ португалларнинг маркази бўлган Гоага элчилик жўнатиб, ўзлари учун христиан миссионерларини (христианликни ўрганиш мақсадида) жўнатишни сўрайди. Бир қанча иезуитлар Акбаршоҳ ва унинг ворислари саройига элчи сифатида келадилар. Элчиликдан асосий мақсад динни ўрганиш эмас, балки, рақибларнинг бир-бирларини кучларини ўрганиш эди. Лекин иккала томон ҳам кўзлаган мақсадларига йета олмаганлар.
Акбаршоҳнинг ворислари Жаҳонгир ва Шоҳжаҳонлар португалларга қарши инглиз ва голландлардан фойдаланишга ҳаракат қилганлар. Бу мақсадни амалга ошириш учун капитан Хоукинс Деҳлида 1601-йил саройда қабул қилинади. у Англия қироли Яков I нинг мактубини олиб келган эди. У португалларнинг фитналарига қарамасдан 1611-йилгача саройда яшайди. Инглизларнинг Гужаратда савдо ишларини яхшилаш мақсадида Яков I нинг расмий элчиси Томас Роу Ҳиндистонга келади ва 1615-1618-йиллар давомида Деҳлида яшаган. Инглизларнинг бу йерда олиб борган фаолиятининг энг муҳим натижаси Бобурийлардан 1717-йилда божсиз савдо қилиш ҳуқуқини олишлари эди.
Акбаршоҳнинг ворислари Декан вилоятида ўз ҳукмронликларини кенгайтиришга ҳаракат қилганлар. Улар бу йерни бўйсундиришда ҳарбий восиадан ташқари, дипломатик воситаларни ҳам ишга солганлар. Улар жанубий Ҳиндистон ҳукмдорларининг қизларига уйланиш орқали мақсадларини амалга оширишга ҳаракат қилганлар. Айни пайтда бобурийлар мусулмон давлатлари, Бадахшон, Эрон, Балх ва Бухоро билан ҳам дипломатик алоқаларни узмаганлар.
1658-йили бобурийлар тахтини Аврангзеб эгаллайди. У айёрлик билан уч акасини мағлуб этиб тахтни эгаллаган ва отасини бутун умр бир йерга қамаб қўйган эди. XVII асрнинг иккинчи ярмидан ушбу давлат инқирози бошланади. У аждодлари каби жанубий Ҳиндистон ва шимолий ҳудудлар Қандаҳор, Балх, Бадахшондаги мусулмонларга қарши ҳарбий сиёсатини давом эттирган. Аврангзебдан олдинги бобурий ҳукмдорлар жанубий ҳинд ҳукмдорлари билан муносабатда унингдек айёр бўлмаган. Масалан, маратхлар ҳукмдори Шиважини пойтахтга музокаралар учун тантанали қабул маросимига таклиф этиб, бу йерга келгач, уй қамоғига маҳкум қилиб, ўлдиришга ҳаракат қилади. Шиважи ич кийимда ахлатхонага яшириниш орқали қочишга муваффақ бўлади. Қалъалар қамали пайтида Аврангзеб сотиб олиш сиёсатини кўп қўллар эди. У Голкондни вазирини сотиб олиш орқали босиб олган.
XVII асргача Ҳиндистонни Россия билан алоқалари қисман ва тасодифан амалга оширилган. Яъни савдогарлар орқали. Йилномаларда Афанасий Никитин ва сафдошларининг 1466-1472-йиллари денгиз оша сайёҳатлари ҳақидаги маълумотлар сақланиб қолган. Йилномаларда яна 1532-йили Москвага келган Бобурнинг элчиси ҳақидаги маълумотлар сақланиб қолган. Аммо Бобур томонидан элчига берилган ёрлиқ сақланиб қолмаган. Ушбу элчининг ҳақиқий ёки сохта эканлиги аниқ эмас, лекин у икки йил давомида бу йерда яшаган.
XVII асрнинг иккинчи ярмидан рус ҳукумати Ҳиндистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатишга ҳаракат қила бошлади. Фақатгина, учинчи уринишдан кейин 1676-йили М.Ю.Қосимов бошчилигидаги миссия Ҳиндистоннинг чегараси ҳисобланган Қобулга йетиб бора олади. Аврангзеб Қосимовни чегарадан ўтказмаслик ҳақида буйруқ беради. Афтидан бу рад қилинишнинг сабаби, подшо Алексей Михайловичнинг йилига мўйнага 200-300 пуд кумуш алмаштириш ҳақидаги илтимоси сабаб бўлган. Чунки бу пайтда бобурийларнинг хазинаси тинимсиз урушлар натижасида бўшаб қолган эди. 1696-йилдагина савдогар Семён Кичик Деҳлигача йетиб боришга муваффақ бўлади ва бу йерда икки йил давомида яшайди. У Аврангзебга ҳукмдорлар Иван ва Пётрнинг ёрлиқларини топширади. Эвазига бу йерда фирман ҳуқуқи (божсиз савдо қилиш)га эга бўлади. Аммо ортга қайтаётган Семён Кичик Эронда вафот этади. Дўстлари унинг фирман ҳуқуқи ҳақидаги ёрлиғини олиб келадилар ва бу ёрлиқ Москвадаги архивда сақланади. Фирман турк тилида ёзилган, лекин бу даврда Ҳиндистондаги бобурийлар давлатида давлат тили форсча эди. Афтидан бундай чекиниш Иван ва Пётрнинг ёрлиқларини рус ва татар тилларида ёзилганлиги, жавоб фирманда русларнинг тушунишлари осон бўлиши учун бўлган бўлиши керак.
XVIII асрда бобурийлар империяси инқирозга учради. XVIII аср ўрталаридан бошлаб инглизлар Ҳиндистонни мустамлакага айлантира бошладилар. Янги истилочилар – инглизларнинг келиши билан ҳинд дипломатияси янги босқичга кўтарилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |