«Авесто»даги иқтисодий ғоялар
Республикамиз олимларининг тадқиқотларига кўра, зардуштийлик (зороастризм) динининг (исломгача) муқаддас китоби бўлган «Авесто» яъни «ҳаёт йўриқномаси» (асли «Оваста») да ҳам муҳим иқтисодий фикрлар баён этилган. Жумладан, сунъий суғориш асосида деҳқончилик юритиш, она табиатни эъзозлаш, ҳайвонларни асраш, уларни ноўрин сўймаслик, унга зуғум қилмаслик, тупроқ шароитини яхшилаш масалалари ёритилган. Бу китоб эрамиздан аввални II минг йиллик охири - I минг йиллик бошларидаги воқеаларни акс эттиради ва жуда қадимий ёдгорликдир (2700 йиллиги байрам қилинди).
Бу диннинг таъсир доираси жуда кенг бўлиб, ҳозирги Эрон, Марказий Осиё, Кавказорти юртлари (айниқса Озарбайжон) ва бошқа жойларда тарқалган. М.а. II минг йиллик охири - I минг йиллик бошида пайдо бўлган «Авесто»нинг тулиқ асл нусҳаси сақланмаган, унинг айрим қисмлари топилган, у қадимий парфян, оромий ёзувида битилган, ҳозирги даврда рус ва ўзбек тилларига таржима этилган, айрим булаклари «Санъат», «Ўзбек тили», «Фан ва турмуш» журналларида эълон қилинди.
Зороастризмнинг асосий ғояси дуализмга, яъни бир томондан Яхшилик ва Ёруғлик (худоси Ахура Мазда), иккинчи томондан Ёвузлик ва Қоронғилик (худоси Анхра Ману) кучлари ўртасидаги курашдир.
Китобда инсон хўжалик фаолиятида табиий муҳит билан чамбарчас боғлиқ деб уқтирилади, аммо инсонга алоҳида эътибор берилади. Инсонга танлаш ҳуқуқи берилган бўлиб, у Яхшилик ёки Ёмонлик томонларни олиши ва шунга мос ҳаракат қилиши кераклиги айтилади.
Яхшилик одамнинг фаолияти яхши ғоя, яхши сўз ва яхши ишлар билан боғланган бўлиши керак. Моддий бойликларни кўпайтириш ёруғ дунёдаги яхши ишларнинг асосийси ҳисобланган. Шу сабабли «Авесто» матнларида натурал-хўжалик фаолияти кенг тарғиб этилиши ва амалий маслаҳатлар берилиши тасодиф эмас.
Авестода «Ўз ҳаёти давомида гўзаллик ва яхшилик, нур ва қувонч йўлида ҳизмат қилган одам парсо ва ҳақгўй, пок ва адолатли бўлиб, меҳмонларни беғараз кутган. Хотинини севиб, ерни, молларни парвариш қилган, одамларнинг молу мулкига кўз олайтирмаган, табиатни асраб-авайлаб ундан завқ олгани учун унинг жони ҳам битмас-туганмас роҳат ва фароғатга бурканади» деб ёзилади.
Конфуций таълимоти
Хитойнинг қадим замон фикр машъаласини ёққан мутафаккири исми Кун Цю бўлган. Аммо унинг илмдаги устунлик мақомига ишора қилишиб Кун Фу Цзи, яъни устоз Кун деб атаганлар. У император Чжо Чэнван авлодидан, 63 ёшли ҳарбий саркарда Шулян Хэ ва унинг 17 ёшли канизаги Ян Чженцайдан оламга келган. Бир ярим ёшида отасидан етим қолади. Онасини кундошлар сиғдирмагач, зодагон хонадонидан чиқиб кетадилар. Шу тариқа у жуда ёшлигиданоқ қорин тўйдириш учун ишлашга мажбур бўлади. Аммо узоқ тунлари онасидан эшитган отасининг жасорати, буюк ишлари ҳақидаги хикоялар унга тинчлик бермайди. Зоти мақомига мослигини тиклаш учун киборлар даражасини эгаллаш йўлида тинмай меҳнат қилади. Аввало илмини оширади. Ундаги ғайрат, сабот, ҳалоллик ва меҳнатсеварлик зодагонлар томонидан эътиборга тушади. Тез орада Кун Цю дон йиғиш ва тарқатиш масъулларидан бирига айланади. Лекин салтанатдаги амалдорларнинг адолатсизлиги билан чиқиша олмагач ўзини шогирдларига таълим беришга бағишлайди. Конфуций ҳаёти даврида кўп китоблар ёзган, таҳрир қилган деган маълумотлар келтиради, олимлар. Замонлар оша етиб келган “Чунцю” (“Бахор ва Куз”) китоби унинг қаламига мансуб деб ҳисоблайдилар. “Ши-цзин” (“Шеърлар китоби”) эса унинг таҳриридан ўтганлигига далил келтирилади. Асрлар оша халқ орасида унинг номини машҳур қилиб келаётган “Лун Юй” (“Суҳбат ва мулоҳазалар”) китобини эса Конфуцийнинг шогирдлари устоз ўлимидан сўнг сабоқ чоғи эшитганларини тўплаб битиб бунёд этганлар. Бу китоб XVII асрда лотин, сўнгра инглиз, француз тилларига таржима қилинган. Ҳозирда дунёнинг кўплаб халқлари тилида ҳам чоп қилинган.
Конфуций таълимоти ибодатга дахлдор эмас. У одамзот ҳаёт тарзини ўзининг дунёқараши билан меъзонлашга ҳаракат қилган. “Ўзингга раво кўрмаганни ўзгага раво кўрма” шиори Конфуций ғояларининг марказида туради. Пок инсонда беш хислат бўлиши, у умрини шу тамойил асосида яшаши керак, деб уқтиради мутафаккир.
Do'stlaringiz bilan baham: |