4. Buyuk mutafakkirlarning mehnat tarbiyasiga oid fikrlari.
Буюк мутафаккирлар хар томонлама камол топган ва баркамол авлодни тарбиялаш учун таълимни унумли меҳнат билан қўшиб олиб бориш лозимлигини таъкидлаганлар.
Таълимни унумли меҳнат билан қўшиб олиб бориш ҳақида Т.Мор, Ш.Фуръе, Р. Оуэн ва утопик социалистларнинг бошқа вакиллари ўз асарларида таъкидлаганлар.
Р.Оуеннинг тажрибасидан кўриш мумкинки, келгуси наслни тарбиялаш куртаги фабрика системасидан ўсиб чиққан келажакда маълум ёшдан ошган ҳамма болалар унумли меҳнат қилиш билан бирга таълим оладилар ва гимнастика билан шуғулланадилар, бу эса ижтимоий ишлаб чиқаришни ошириш воситаларидан биригина бўлиб қолмай, балки хар томонлама баркамол кишиларни етиштириш учун хам бирдан-бир восита бўлади, деб қараган.
Мутаффаккирлар ёш авлодни ўқитишни унумли меҳнат билан қўшиб олиб бормай туриб келгуси жамиятнинг олий мақсадини тасаввур қилиб бўлмаслиги, унумли меҳнасиз ўқиш ва тарбия олиш ҳам, ўқимасдан ҳозирги замон даражаси талаб қилган юксакликка қўйиш мумкин эмаслигини таъкидлаганлар.
Маълумки, ўсиб келаётган ёш авлодни касб-ҳунарга ўргатиш ишларини амалга ошириш масаласи ҳамма даврда ҳам жамиятнинг илғор кишиларининг диққатини ўзига тортиб келган. Улар томонидан яратилган асарлар бундан далолат беради. Масалан, Кайковус томонидан яратилган “Қобуснома” асари Шарқ халқлари орасида маълум ва машҳур бўлиб, жумладан, ушбу китобда ҳунар ўрганишнинг афзаллиги тўғрисида “Эй фарзанд, огоҳ бўлки, ҳунарсиз киши ҳамиша фойдасиз бўлур ва ҳеч кишига наф еткурмас” ва яна “Бас агар ақлинг бўлса, ҳунар ўрганғил, нединким, ҳунарсиз ақл - бошсиз тан”, - деб ўгит берилади.
Буюк муҳаддис имом Исмоил ал-Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” (“Ишонарли тўплам”) асарида касб-ҳунар ўрганиш, унинг жамият учун афзаллиги, фойдали меҳнат қилмоқ тўғрисида ҳам кўплаб ҳадисларни тўплаб, шарҳлаб берган. Масалан, 14-бобда “Кишининг касби ва ўз қўли бирлан меҳнат қилиши ҳақида»ги ҳадисда шундай дейилади: “Менинг ўз касбим борлигини қавмимиз яхши билур. Мен гарчи мусулмонлар ишлари бирлан банд бўлсам ҳам, шу касбим орқали оила тебратурман”.
Абу Наср Форобийнинг “Бахт-саодатга эришув” асарида “Агар касб-ҳунар фазилати туғма бўлганда, подшоҳлар ҳам истаб ва ҳаракат қилиб эмас, балки подшоҳлик уларга фақат табиий равишда муяссар бўлган, табиат талаб қилган, табиий бир мажбурият бўлиб қолар эди”, дея таъкидлайди.
Таълим билимларни ўрганиш асосида бўлади. Тарбия эса амалий иш, тажриба-синов билан сингдирилади. Яъни шу халқнинг касб-ҳунарга берилган- лигини ўзида намоён қилишидир. Агар улар шу касб-ҳунарга берилган бўлса-лар, қизиқсалар, шу қизиқиш уларнинг борлиқларини бутунлай касб-ҳунарга жалб этса, демак, улар касб-ҳунарнинг чинакам ошиғи бўладилар.
Ал-Хоразмий “Ўгитлар”ида “Меҳнат бу бир сел, агар шу сел тўхтаб қолса сингиб кетади”, дея фикр юритган. Буюк мутафаккир ал-Хоразмий бунда жуда хаётий, муҳим бир ҳақиқатни айтган, чунки, сув – ҳаёт манбаи, сувсиз ҳаёт йўқ. Шунингдек, меҳнатсиз ҳам ҳаёт бўлмаслигини, сувнинг ерга сингиб кетишига ўхшаб умрнинг қуруқ ўтиб кетишини таърифлаган.
Абу Райҳон Беруний ўзининг “Минералогия” асарида “Меҳнатсиз шон-шавкатга, мартабага эришган киши ҳурматга лойиқми?” - деган савол қўяди ва унга ўзи қуйидагича жавоб беради: “Юқори мартабага меҳнатсиз эришган киши фароғат ва роҳат соясида яшайди, яхши кийинади, аммо улуғлик либосидан маҳрум, яланғочдир”. Буюк мутафаккир ушбу сўзлари билан ҳақиқий улуғлик, ҳақиқий роҳат, ҳақиқий фароғатда яшаш учун киши ҳалол меҳнат қилмоғи лозим. “Агар киши меҳнатсиз ҳолда юқори мартабаларга чиқиб қолган тақдирда ҳам (ҳаётда бунақаси ҳам учраб туради) меҳнат қилмаса, бу ҳолда киши юзаки обрўга эга, аслида эса у яланғочдир”, - дейди.
Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” (“Саодатга элтувчи билим”) асарида ҳам ахлоқ-одоб, илм-маърифат, бола тарбияси, бахт-саодат, адолат давлат, қаноат, тилнинг фазилатлари, эл-юрт манфаати, меҳмондорчилик ва сўзлашиш одоби ҳамда ҳунар ўрганиш хусусида фикр юритилади. Унинг таъбирича, ҳар бир киши ижтимоий ҳаётнинг фаол иштирокчиси сифатида ҳунар ўрганмоғи, ўз ҳунари билан халқига, Ватанига хизмат қилмоғи зарур. Ҳунар ўрганишга ва меҳнат қилишга бўлган интилиш ҳар бир инсон учун ҳаётий эҳтиёж бўлмоғи керак. Ушбу асар туркий халқларнинг қадимги таълим ва тарбия усуллари ҳақидаги илк маълумотларни сақлагани билан ҳам муҳимдир. Муаллиф инсонни улуғлайди. Унинг фикрича, инсоннинг улуғлиги, ақл-идроки, сўзлаш қобилияти, билими, уқуви ҳунар ва касбни қандай эгаллаганлигига боғлиқдир.
Маҳмуд Қошғарий “Девону луғатит турк” (“Туркий сўзлар девони”) асарида “Илмли, ақлли одамларга яхшилик қилиб сўзларини тингла. Илмларни, ҳунарларни ўрганиб, амалга ошир”, - дейди. Аллома ушбу асарида кишиларни меҳнат қилишга, яхшиликка ундайди, ёмонликни қоралайди, илм ва ҳунар соҳибларини эъзозлайди, кишиларни улардан ибрат олишга чақиради. Демак, улуғ донишманд ўзининг ушбу сўзлари билан унумли меҳнат қилишни илм ўрганиш билан баробар қўяди. Киши меҳнат қилсагина, ҳунар ўргансагина илмли, ақлли киши ҳисобланиб, ҳақиқий яхшилик қилиш қўлидан келишини исботламоқчи бўлади.
Шарқнинг буюк мутафаккирларидан ҳисобланган Алишер Навоий “Фарҳод ва Ширин” достонида Фарҳод сиймосида инсонларни ёшлик чоғидан илм-ҳунарга қизиқишга, бир неча ҳунарларни эгаллаб олишга ундайди. Шунингдек, Навоий Фарҳодни меҳнат ва ҳунарга зўр ҳавасли, сангтарошлик, рассомлик ва наққошлик ҳунарларини ҳам мукаммал эгаллаб олган киши сифатида улуғлайди. Илм ва ҳунарни эгаллаган, жисмоний жиҳатдан чиниққан меҳнатсевар Фарҳод камтарин, мазлумларга ғамхўр, софдил, мард ва олижаноб, жасур инсон бўлиб етишади. Навоий Фарҳодни сувсиз ерларга сув чиқарган қаҳрамон, меҳнатда мўъжизалар яратувчи баҳодир сифатида тасвирлайди. У илм ва ҳунарни омма манфаати учун хизмат эттириш лозим, деб ҳисоблайди.
Фарҳод Ширинни қидириб Арманистонга борганда, арман юртида тоғда канал қазиш учун қийналиб ишлаётган кишиларпи кўради ва: Ҳунарни асрабон неткумдир охир, олиб тупроққами кетгумдир охир”, - дея ўз билими, ҳуиар ва ғайратини ишга солади, канал қазувчилар машаққатини енгиллаштиради ва халқ ўртасида катта шуҳрат қозонади.
XII асрда яшаган атоқли ёзувчи Воиз Кошифий ҳар томонлама етук аллома ҳисобланган. У ўзининг “Футувватномаи Султоний” асарининг 14-фаслида касб-кор ва савдо, тижорат одоби ҳақида қуйидагича ёзади: “Агар барча касблар учун зарурий одоблар хулосаси нечта деб сўрасалар, саккизта деб айтгил: биринчидан, ўз касбини ҳаромдан, шубҳали мол-маблағдан пок сақлансин. Иккинчидан, ризқ-рўзи зарурати учунгина керакли касб билан шуғуллансин, касбни мол-дунё тўплашга сарфламасин. Учинчидан, касбни обрў олиш, яхши ном чиқаришнинг сабаби деб билсин. Тўртинчидан, моли ҳаром одамлар (амалдорлар, порахўрлар, қароқчилар, ўғрилар, қиморбозлар, каззоб дўкондорлар) билан муомала қилмасин. Бешинчидан, ўз ҳунарига бе-эътиборлик қилмасин, хато-нуқсонларга, айб ишларга йўл қўймасин, ҳар хил ифлосликлар, булғанишлардан сақлансин. Олтинчидан, инсоф чизигидан ташқари чиқмасин, мол-матони танимайдиган одамлар билан муомала қилмасин. Еттинчидан, агар тарози аҳлидан (нарса тортувчи) бўлса, тошдан уриб қолмасин ва ортиқ ҳам бермасин. Саккизинчидан, газлама ўлчаб сотувчилар аҳлидан бўлса, ўзига кўп олиб қолиб, бошқаларга кам бермасин, чунки баракат тўғриликда ва жамиятда инсоф юзасидан ҳалол кун кечиришдадир”, - дейди. Воиз Кошифийнинг ушбу сўзлари ҳам ҳунарманд кишиларнинг ҳалолликда, инсофлиликда, софдилликда бошқаларга ўрнак бўлишига, одамларнинг улардан аҳлоқий хислатларини ўрганишига далилдир. Дарҳақиқат, ушбу фикрлар ёшларни касб-ҳунарларни ўрганиш орқали уларни жамиятда ҳалол меҳнат қилишга ундайди.
XII-ХIII асрнинг буюк алломаларидан ҳисобланган Саъдий Шерозий ўзининг “Гулистон” асарида тарбиянинг таъсири баёнига қуйидагича ҳикоят келтиради: “Бир донишманд фарзандларига шундай панду-насиҳат қиларди: “Азиз ўғлонларим, ҳунар ўрганинглар, зероки, моли дунёга эътиқод йўқ ва олтин-кумуш сафарда хатарлидир. Қароқчи ўғирлаб кетади ёки эгаси еб-ичиб тамомлайди. Аммо ҳунар қайнар булоқ, туганмас давлатдир, агар ҳунарманд молидан маҳрум бўлса, қайғуси йўқдир, чунки ҳунарнинг ўзи давлатдир. Ҳунарманд қаерга борса, қадрланади ва уйнинг тўридан жой олади. Ҳунарсиз одам эса ҳамиша машаққат чекади, тиланчилик қилади”.
XVII-XVIII асрнинг улуғларидан ҳисобланган Аҳмад Дониш “Нодир воқеалар” асарида меҳнат қилиш, ҳунар ўрганиш тўғрисида шундай ёзади: “Ҳеч кимнинг ризқи осмондан тушмайди: уни меҳнат қилмай топа олмайди, ҳаракат қилмаса, ҳеч ким мақсадига ета олмайди ...”
XIV-XV асрларда Ўрта Осиё ва Хуросонда Баҳовуддин Нақшбанд таълимоти кенг тарқалди. У ҳар бир кишини деҳқончилик, чорвачилик, қурувчилик, савдо, наққошлик каби ҳунарларни ўрганишга, эгаллашга ундади. “Даст ба кор-у, дил ба ёр”, яъни “Қўлинг ишда-ю, кўнглинг Оллоҳда бўлсин” дея у кишиларнинг ҳалол меҳнат қилишига, ҳунар ўрганишига, ўз меҳнати мевасидангина баҳраманд бўлишга чақирган эди. Баҳовуддин Нақшбанд талабаларни мадрасага қабул қилиш пайтида бирор касбинг борми, дея сўраган. Ҳуиарсиз одам ўқишга қабул қилинмаган. Агар киши ҳунарли бўлса, у билимини ҳақиқатга бағишлайди, ўз меҳнати билан кун кечиришга сарфлайди, агар киши ҳунарли бўлмаса у ҳалол меҳнатни унутади, нопок ишларга қўл уриши мумкин, деб огохлантиради.
Ёш авлодни ҳалол меҳнат қилишга, турли касб-ҳунарларни эгаллашга ўргатиб бориш халқимизнинг бутун ижтимоий-тарихий тараққиёти жараёнида муқаддас анъанага айланган. Аҳли донишлар, назариётчи ва амалиётчи олимлар томонидан бу соҳада кенг кўламли тадқиқот ишлари олиб борилган ва олиб борилмоқда. Бу ишлар ҳозирги кунда республикамизда КҲК тизимини ривожлантиришда катта аҳамиятга эгадир.
Do'stlaringiz bilan baham: |