Социал тараққиёт ва социал ўсишнинг манбалари.
Француз социологи Эмиль Дюркгеймда социал тараққиёт ҳақидаги ғоя меҳнат тақсимотига боғлаб тушунтирилади. Ижтимоий ривожланиш, унинг фикрича, механик бирдамликка асосланган жамиятда меҳнат тақсимотига асосланган органик бирдамлик – ҳамкорлик жамиятига ўтишдир. Дюркгейм назариясида социал тараққиётни таъминловчи омил меҳнат тақсимоти деб қаралади. Меҳнат тақсимоти сегментар жамиятнинг барҳам топишига ва органик бирдамликка асосланган жамиятга ўтилишига имкон беради. Механик бирдамлик - бирдамликнинг «жамоавий» типи бўлиб, уни ташкил этувчи индивидлар бир-бирларига ўхшаш, улар бажарадиган ижтимоий вазифалар ҳам бир хил, уларнинг шахсий хусусиятлари ривожланмаган бўлади. Дюркгейм фикрича, бу жамият индивидининг онги жамоа онгининг оддий маҳсулидир, зотан, умумий, жамоавий онг бўлиши механик бирдамлик бўлган жамиятнинг асосий белгисидир.
Жамият аста-секин ўзгара боради. Локал (маҳаллий) сегментлар чегараси бузила бошлайди, чунки, турли хил ижтимоий алоқалар вужудга кела бошлайди. Алоқа йўллари ва воситалари ривожланади, аҳоли тобора кўпаяди, шаҳарлар ўса бошлайди, аҳоли моддий ва маънавий зичлиги ошади ва меҳнат тақсимоти кенг тарқала бошлайди. Кишиларнинг онги тобора табақалашаётган меҳнат тақсимотига ва мураккаблашаётган ижтимоий ташкилотга мос кела бошлайди. Дюркгейм назариясида ушбу вужудга келадиган бирдамликнинг янги кўриниши органик бирдамлик деб талқин этилган.
П.Сорокин биринчилардан бўлиб социомаданий ўзгаришлар динамикаси назариясини ишлаб чиқди. Унга кўра ижтимоий воқелик ўзгариши қонунли жараёндир. Муайян ижтимоий - маданий улкан тизимлар (суперсистемалар) бир бирлари билан диалектик равишда алмашинади. Муайян жамият ҳукмрон бўлиб турган дунёқарашнинг «ўтмаслашиб қолиши» унинг бошқа дунёқарашга ўрнини бўшатиб беришга олиб келади. Бу ўз навбатида ижтимоий муассасалар ва нормаларнинг ўзгаришига, кейинчалик эса жамиятнинг тубдан ўзгаришига олиб келади.
«Социал эволюция» ва «социал революция» социал ривожланишнинг шакллари сифатида қаралиши мумкиин. Албатта, бунда ислоҳот (реформа) ўзгаришларини инқилоб (революция) ўзгаришлари йўлидаги, уларга бўйсунадиган ривожланиш шакли деб қараш мумкин эмас. Жамият ривожланишининг асосий, нормал йўли - реформа, ислоҳотдир.
Ижтимоий ривожланиш субъектларнинг мақсадга мувофиқ фаолияти орқали рўй беради. Англанган эҳтиёжлар - манфаатлар бу фаолиятни ҳаракатлантирувчи кучлардир. Ижтимоий эҳтиёжлар ва манфаатлар қондирилиши учун социал жараёнлар бошқарилиши талаб этилади. Умумий маънода бошқариш такомиллашган (биологик, техник, социал) тизимларнинг фаолиятини таъминлаш учун уларнинг дастур ва мақсадларини амалга оширишга хизмат қиладиган функциядар. Социал бошқариш эса жамият муайян тизимининг тартиб сақланиши, мукаммаллашуви ва ривожланишини таъминлайди. Социал бошқариш жараёнининг асосий босқичлари қуйидагилардан иборатдир: ахборатни йиғиш ва уни қайта ишлаш; уни анализ этиш; тақсимлаш; мақсадга эришишга қаратилган қарорнинг ишлаб чиқилиши; режалаштириш, дастурлаштириш; лойиҳалаштириш кўринишида умумий қарорни бажариш учун фаолиятни ташкил этади; бу фаолиятни назорат этиш, кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш билан биргаликда; фаолият натижалари ҳақидаги ахборотни тўплаш ва қайта ишлаш.
Социал бошқариш ижтимоий жараёнларни башорат қилиш, олдиндан кўра билишга асосланади. Башорат категорияси икки маънода конкретлашади: олдиндан айтиб бериш (дескриптив, яъни тавсифлаш маъносида ) ва олдиндан кўрсатма бериш (прескриптив, ундов, амр, буйруқ) Зотан, социал бошқаришнинг асосий вазифаси кишилар субъектив фаолиятининг объектив қонуниятлар талабларига мувофиқ келишига эришиш, бу қонуниятлардан самарали фойдаланишдир. Социал бошқариш, бу кенг маънода ҳам назарий, ҳам амалий фаолиятни ўз ичига олади.
Социал тараққиёт ва социал ўсишнинг асосий омилларидан бири сифатида социал бошқариш талқин этилар экан, унинг қуйидаги шаклларини айтиб ўтиш мақсадга мувофиқдир: социал режалаштириш, лойиҳалаштириш ва прогнозлаштириш.
Do'stlaringiz bilan baham: |