4. Социал муносабатларнинг тушунчаси ва турлари. Социология фани тизимида социал муносабатлар жуда муҳим ўрин касб этади. Чунки у орқали жамият аъзолари бир-бирлари билан маълум бир муомала ва ижтимоий ҳамкорликка интиладилар. Социологиядаги бу махсус соҳа ўзининг ўта долзарблиги ва муҳимлиги билан бошқа муаммо ва масалалардан ажралиб турсада, у ҳали мутахассислар томонидан тўлиқ илмий ва системали равишда ўрганилмаган ҳамда илмий адабиётларда етарли даражада ёритилмаган. Бу салбий йўлнинг асосий сабабларидан биринчиси, аввало собиқ Иттифоқ фалсафий – социологик адабиётларида бу масаланинг бир ёқлама талқин қилинганлиги бўлса, иккинчиси эса илғор ғарб ижтимоий адабиётларининг, бу соҳаси бўйича тўлиқ тадқиқот маълумотларининг бизда йўқлигидир.
Социал муносабатлар тушунчасининг ўзи ҳали социология фанида аниқ ва бир илимий таърифи ҳозирча ўз ифодасини топгани йўқ. Авваламбор, шуни таъкидлаш зарурки, социал муносабатлар кўпинча ижтимоий муносабатлар тушунчаси билан тенглаштирилади ёки социал муносабатлар ижтимоий муносабатларнинг бир хусусий кўриниши деб талқин қилинади. Мавжуд адабиётларни чуқурроқ таҳлил қилинадиган бўлса, шундай хулосага келиш мумкинки, юқорида кўрсатилган фикрларда қимматли асослар борлигини билса бўлади.
Социал муносабатлар тушунчаси кўпгина адабиётларда 2 хил даражада: кенг ва тор маънода талқин қилинган. Кенг маънода тушуниш – социал муносабатларни бутун бир ижтимоий муносабатлар тизими билан тенглаштиришдир ва улар орасидаги фарқларга кўп эътибор бермаслик билан боғлиқдир.
Тор маънода социал муносабатлар ижтимоий муносабатларнинг бир муҳим элементи ва тури деб интерпретация қилинади. Социал муносабатлар кенг маънода қуйидагича таъриф билан белгиланган4.
Социал муносабатлар бу табиат ҳодисаларидан ўлароқ бўлиб, унда ижтимоий муносабатларнинг бутун бир тизими мужассамлашгандир.
О.Конт ўзининг позитивистик таълимотида социал муносабатлар муаммоларини худди биологик ҳодисалар методи билан ўрганиш принципларини кенг тарғиб қилади. Позитивистик-натуралистик йўналишнинг ашаддий рақиби бўлган феноменологик социология социал ҳаёт ва социал муносабатларни бундай усулда талқин қилганлиги учун О. Конт ва унинг издошларини кескин танқид қилади. Натурализмнинг ва жиддий камчилик ва ҳатоликларини бартараф этиш учун феноменологик социология инсон онгининг фаоллиги бу муаммолар ечимининг асосий омилидир деб исботлашга интилади. Бу йўналиш вакилларининг фикрича фақатгина инсон ва унинг тафаккури туфайли социал воқеликни ҳамда социал муносабатларни конструкциялаш (яратиш) мумкин бўлади. Чунки социал реаллик ва социал муносабатлар инсоннинг интерпретацион фаолияти орқалигина вужудга келади. Феноменологик социологиянинг таниқли вакилларидан бири Д. Силверман юқоридаги ғояларни асослаш учун позитивистик социология назариясини танқид қилади.
Албатта, бу ижтимоий фикрлар вужудга келгандан бери анча вақтлар ўтди, янги жуғрофий-сиёсий мақомлар пайдо бўлди. Энг муҳими эса тоталитар тузум барҳам топиб, янги давлатлар вужудга келди, янги жамиятда бир партиявийлик ҳукмронлиги емирилди ва мустақил суверен давлатлар барпо бўлдилар. Энди эса жамиятдаги жараёнларни, жумладан социал муносабатлар муаммоларини кенг плюралистик принцип орқали тадқиқ қилиш даври келди. Бу тамойил орқали, социал муносабатларнинг муаммо ва вазифаларини турлича таҳлил қилиш имконияти туғилди. Ушбу ижобий имкониятларнинг ҳосили сифатида республикамизда социал муносабат муаммолари жаҳон илмий тафаккурининг ҳар-хил йўналиш натижалари асосида тадқиқ қилинаётганлигини ажратиб кўрсатиш мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, социал муносабатлар муаммосини янги, юқори илмий даражада тадқиқ қилиш имкониятлари вужудга келди. Энди бу муаммони конкрет социологик тадқиқот билан ўрганиш жоиздир. Чунки социология нафақат бу муаммонигина эмас, балки бутун ижтимоий ҳаёт жараёнларни кенг қамровда комплекс ҳарактерда ва амалий натижалар асосида чуқур тадқиқот қилади.