7.Kazusga Javob:
Коррупцияга қарши курашиш замонавий дунё олдида турган долзарб масалалардан ҳисобланади. Бундай жиноятларни ОАВ орқали таҳлил қилиш тарбиявий аҳамиятга эга. Бироқ айримлар коррупция жиноятини содир этган шахсларни жамоатчиликка кўрсатиш керак, токи қилмишидан уялсин, одамлар уни таниб олсин, деган қарашни олға сурса, бошқалар бир жиноят учун бир марта жазо олиши керак, унинг юзи, исм-фамилияси очиқланса, яқинлари ҳам жабрланади деган қарашни ўртага ташлашади.
Сизнингча, қандай йўл тутилса, тўғри бўлади?
Мазкур казус ечими учун муаммолар қуйидагича ажратиб олиниши мақсадга мувофиқ бўлади:
Коррупция иллати ва унинг оқибатлари тўғрисида дастлабки тушунчаларни баён этиш.
ОАВ орқали коррупцияга оид материаллар бериш тенденцияси (танқидий, таҳлилий, информацион ва бошқалар).
Коррупция жиноятини содир этган кишиларга нисбатан жамоатчилик фикрини ўрганиш ва таҳлил қилиш.
Ўрганилганлар асосида ўринли ва асосли хулоса қилиш, шахсий ёндашувни ривожлантириш.
Ушбу муаммоли ҳолатни ҳал этиш ва тартибга солишда қуйидаги қонун ҳужжатларига таяниш лозим:
1. “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун (2017 йил);
2. Ҳаракатлар стратегияси;
3. “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун;
4. “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун;
5. 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш Давлат дастури;
6. Маъмурий ислоҳотлар концепцияси.
Коррупция мамлакат ривожланиши учун қўйилажак энг улкан тўсиқлардандир. Шунинг учун ҳам ҳамма замонлар ва даврларда ҳам коррупцияга қарши муросасиз курашилган. Негаки, қайсики мансабдор ўз лавозими доирасида берилган ваколатларни суиистеъмол қилишни бошладими, ўша соҳа ривожланишдан тўхтайди, жиноятчилик урчий бошлайди.
Коррупция тушунчасига адабиётларда қуйидагича таъриф берилади: “Мансабдор шахслар томонидан уларга берилган ҳуқуқлар ва ҳокимият имкониятларидан шахсий бойлик орттириш учун фойдаланишда ифодаланувчи сиёсат ёки давлат бошқаруви соҳасидаги жиноят томонидан берилган — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш”1.
Мазкур таърифдан кўринадики, коррупциянинг бир учи пора берувчининг қўлида бўлса, иккинчи учи таклиф этилаётган порани олишга интилувчи, шу ҳолатга шароит яратувчи шахс (аксарият ҳолатларда мансабдорлар)да бўлади.
Халқаро амалиётда коррупциянинг бир неча шакллари таснифланади: пора, яширин пора, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, непотизм, амалининг кучидан фойдаланиш, манфаатлар тўқнашуви, овозларни сотиб олиш, ноу-хау сотиш, ички ахборотни сотиш, эшикни қаттиқ ёпмаслик, ноқонуний бойлик орттириш, ҳомийлик қилишга мажбурлаш.
Бизнинг менталитет билан боғлиқ ҳолда коррупциянинг непотизм тури жуда кўп учрайди. Непотизм кўп ҳолларда меҳр-оқибатнинг бир кўриниши сифатида нотўғри талқин қилинади. Непотизм қариндош-уруғ ва ошна-оғайничилик алоқаларини биринчи ўринга қўйган ҳолда, камчиликлари ва бошқа хислатларига эътибор бермасдан сиёсатда ёки тадбиркорликда махсус шароит яратиб бериш, қўллаб-қувватлаш, касб ёхуд ишда мулозимлик поғонасида кўтарилиши, бойлик орттиришида ёрдам бериш иллатидир. Етарли билимга эга бўлмаган, лекин яқин танишлиги, қариндошлиги бўлганлар ришталар асносида раҳбарлик лавозимларини эгаллашади ва натижада уларга топширилган ташкилот, муассаса, корхона ривожланишдан, самарали ишлашдан тўхтайди. Энг ёмони, бу жараёнда фақатгина оддий ишчилар, халқ зарар кўради .
Шунинг учун ҳам коррупцияга қарши муросасизлик билан курашиш керак. Бу борада энг яхши таъсир, шубҳасиз, оммавий ахборот воситаларидир. Доимий равишда коррупциянинг ҳалокат сари етакловчи йўл эканлигини уқтириш йўсинидаги тарғибот материалларининг ўзи етарли чора эмас. ОАВ ижодкорлари бор иқтидорини ишга солиб, коррупцияга қўл урган жиноятчилар, бу қилмишнинг юридик оқибатлари, унинг жавобгарликка тортилиши натижасида яқинлари чекаётган азият таҳлили ва талқинини ёритиб берсагина, томошабин ёхуд муштарийлар ўзи учун керакли хулосани чиқариб олишади.
Бироқ жамиятда шундай фикрловчилар ҳам борки, коррупция жиноятини содир этганларга ОАВ орқали муносабат билдиришда хатоликлар мавжудлигини кўп таъкидлашади. Хусусан, айримлар қонунан белгиланган жазони ўтаётган фуқарога икки марта жазо бериш инсонийлик принципларига зиддир, деган қарашни олға суришади. Яъни қилган жинояти учун озодликдан маҳрум этилаётган ёки моддий жавобгарликка тортилган кишини яна омма олдида шармисор қилиш ўринсиз, жамоатчилик муҳокамаларидан унинг яқинлари азият чекиши мумкин, деб ҳисоблашади. Мисол учун, уларнинг фарзандларига ҳамма қўлини бигиз қилиб кўрсатишни бошлайди: “Ана коррупционернинг боласи!”, ота-онаси ҳамманинг диққат марказида бўлишга маҳкум бўлади: “Порахўрни катта қилганлар - шулар!” ёхуд “Ҳаром егани барибир юқмабди-да!” каби. “Отаси ҳаром йўл билан боққан, шу оилага қуда бўламанми?” каби иддаолар фарзандларининг тақдирини ўзгартириб юбориши мумкин деган қарашлар ҳам жамоатчилик муҳокамасига ташланмоқда.
Аммо коррупция шундай жиноятки, уни якка ҳолда содир этиб бўлмайди, унинг оқибатларини яшириб бўлмайди. Порахўрлик домига тушган инсоннинг юриш-туриши ўзгарганлигини, энг аввало, яқинлари илғайди. Уларда тўғри йўлга солиш учун имкон ҳам, вақт ҳам бўлади. Модомики, ҳаёт йўлининг тўғрисини танлашмаган экан, коррупционерга берилган жазонинг маънавий юкига елка тутишга ҳам кўниш лозим.
Бу ҳақда тажрибали маънавият тарғиботчиси Тўлқин Эшбек шундай дейди: “Коррупция, порахўрлик, таъмагирлик жинояти билан қўлга олинган барча жиноятчилар ҳақида телевизорда ҳозиржавоблик билан ошкора кўрсатиб бориш керак. Давлат хавфсизлик хизмати, ички ишлар соҳаси ходимлари онда-сонда шунақа жиноятчиларни қўлга олишлари қисқагина лавҳада намойиш этилади. Ана шу лавҳаларни кўпайтириш керак. Бундай лавҳаларни 24 соат намойиш этиб туришса ҳам одамларимиз эътибор билан кузатиб боришдан чарчамайди. Айни пайтда ҳамма тўғри хулоса чиқаради, маърифий сабоқ олади, тарбияланади! Мансабдорлар кўзларини каттароқ очадиган бўлади! Ваҳоланки, мамлакатимиз бўйича шунақа лавҳаларга “қаҳрамон” бўладиганлар ҳали тиқилиб ётибди... Ҳозирги пайтда бу борадаги битта камчилик: қўлга олинган шунақа жиноятчиларнинг кейинги қисматлари ҳақида етарлича ахборот берилмаётир. Бу борадаги таклифимиз, улар жазога тортилгач, вақти-вақти билан жазони ўташ жараёнлари, қанчалик кўзлари очилаётгани, пушаймон-у армонга тўла “дил сўзлари”, бола-чақаларининг андуҳли интервьюлари ҳам намойиш этиб борилса, бу борадаги ҳуқуқий-маърифий ишларимиз самарадорлиги янада ортган бўлур эди. Агар фақат жамиятимиздаги салбий ҳолатлар, жирканч иллатларни фош этишга қаратилган “Адолат мезони” деган телеканал ташкил этилса, унда жиноятчиларни қўлга олишдан тортиб тергов ва суд жараёнларигача, ҳатто жазони ўташ ҳоллари ҳам намойиш этиб борилса, 24 соат мобайнида унинг миллионлаб мухлислари экрандан кўз узолмайдиган бўлиб қоларди. Бундай шиддатли ва айни пайтда ҳуқуқий-маърифий, тарбиявий ишларимизнинг самараси албатта шунга яраша бўлади
БМТнинг “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги Конвенциясида коррупция иллати ҳақида шундай дейилади: “У демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилади, ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб беради”.
Шу таърифнинг ўзиёқ биз сўз юритган мавзунинг жиддийлигини, долзарблигини кўрсатиб турибди. Коррупцияга қарши муросасиз бўлган давлатгина жаҳонда тараққиётга юз тутади. Сингапур, Эстония, Грузия каби давлатларнинг тажрибаси бу борада биз учун яхши ўрнак бўлиши мумкин. Қониқиш билан айтиш мумкинки, 2016 йилнинг охирларидан бошлаб бу иллатга қарши курашишда аниқ механизм йўлга қўйилди. Хусусан, “Корупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун, Ҳаракатлар стратегияси, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун, 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш Давлат дастури, Маъмурий ислоҳотлар концепцияси, Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси тузилиши бу борадаги муҳим ҳамда амалий қадамлардан бўлди.
Ҳуқуқий асос етарли, бу борадаги саводхонликни ошириш учун тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда, демак энди ҳаммаси ўз қўлимизда: коррупциясиз келажакка тайёрмизми?
Do'stlaringiz bilan baham: |