1. Иқтисодиёт ва жамиятда илмий-техника тараққиёти ривожланиш дастаги сифатида
Иқтисодий ривожланиш масалаларини ҳал қилиш кўп жиҳатдан илмий техника тараққиёти (И.Т.Т.) соҳасида бутун бир тизимни шакллантириш ва унинг аҳамиятини кучайтириб, ҳозирги бозор иқтисодиёти шароитида илмий ютуқлардан фойдаланишга боғлиқ. Тарихан исботланганки, фан ва техника ютуқларидан фойдаланмайдиган эски технология ва ишлаб чиқаришни ташкил этиш усулларини қўллайдиган жамият, ишлаб чиқарувчи кучларнинг ривожланишига ва инсонларнинг моддий фаровон ҳаётини юксалтиришга эришишга даъво қилолмайди. Шунинг учун ҳам илмий техник тараққиёт иқтисодий ривожланишнинг ва аҳоли турмуш даражаси сифатини оширишнинг ўзига хос бир “дастак”ги бўлиб ҳисобланади.
Унинг умумий иқтисодиётдаги асосий йўналишлари қуйидагилар:
ижтимоий шунингдек илмий техника тараққиёти ривожланишининг самарали қонуниятларига асосланган ягона илмий техник сиёсатни ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш;
давлатнинг илмий техник потенциалини иқтисодиёт, вақт ва турмуш талабларига мос равишда тубдан ислоҳ қилиш;
ишлаб чиқаришнинг техник салоҳияти, ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг сифати ва рақобатбардошлигини ошириш, мутлоқ ва нисбатан арзонлаштирилган янги техника билан таъминлаш;
янги ғоя, фикр ва илмий техник боғланишлар шаклланиши асосида ётувчи инсон омилини ҳар томонлама фаоллаштиришга қаратилган таълим дастурларини чуқур ислоҳ қилиш;
илмий техник тараққиётнинг давлат томонидан бошқарилишини ташкилотлар ва илмий муассасалар ҳамкорлигида олиб бориш.
Илмий техник тараққиётнинг бошланғич ишлаб чиқариш босқичи бўлиб, турли илмий тадқиқот муассасаларида юзага келадиган ишлаб чиқариладиган ғоя, фикр ва лойиҳалар ҳисобланади. Яратиладиган техника-технология ва бошқа янгиликларни эксперимент ва синовдан ўтказиш, ишлаб чиқариш тармоқлари зиммасига тушади.
2.Илмий-техника тараққиётининг қурилишдаги моҳияти, аҳамияти ва асосий йўналишлари
Қурилишда илмий техника тараққиёти-бу замонавий илмий техник ютуқлар ва ишлаб чиқариш воситалари, технологик жараёнлар меҳнатни ташкил этиш ва бошқариш усуллари асосида ишлаб чиқаришни узлуксиз такомиллаштириш жараёнидир. Ушбу жараён меҳнат унумдорлигини, маҳсулот сифатининг оширилишини ва максимал фойдага эришишни таъминлайди. Илмий техник тараққиёт ўзининг ривожланишида иккита ўзаро боғлиқ шаклларда: эволюцион ва революцион шаклларда намоён бўлади. Илмий техник тараққиётнинг эволюцион шакли вазифаси анъанавий технология, жихозлар, материал ва конструкцияларни узлуксиз ва доимий равишда мукаммаллаштиришдан иборат. Бундай жараён анча муддатгача давом этиши мумкин ва ўзининг биринчи босқичларида етарли миқдорда иқтисодий ва ижтимоий натижаларга эришилишини таъминлайди.