2. Иқтисодий таҳлилнинг вазифалари. Лойиҳанинг мақсадларини ва таҳлил чизмасини аниқлаш
Даромадлар ва харажатларнинг таҳлили қуйидаги тадбирларни ўтказишдан иборат:
1. Лойиҳа мақсадларини аниқлаш ва бош мақсаднинг иқтисодий мазмуни, оқибатларини англаш;
2. Лойиҳани баҳолаш чизмасини ва босқичларини аниқлаш;
3. Лойиҳа натижалари бўйича талабни прогноз қилиш;
4. Даромад ва харажатларнинг иқтисодий кўрсаткичларини ҳисоблаш;
5. Рентабеллилик кўрсаткичларини баҳолаш;
Таъсирчанлик ва таваккал хавфи (қалтислик) даражасини таҳлил қилиш.
Лойиҳа мақсадлари уни молиялаштирувчи ташкилотнинг оператив вазифаларини акс эттиради. Масалан, транспорт соҳаси бўйича лойиҳа мақсади транспорт қатнови самарадорлигини таъминлаш, саноат лойиҳасининг мақсади эса маълум турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўлиши мумкин.
Муқобил вариантларни кўриб чиқиш лойиҳани тайёрлаш ва ишлаб чиқишнинг муҳим қисми ҳисобланади. Техник, муқобил вариантлар (яъни, ёқилғи учун ё кўмир ёки газни қўллаш, темир йўлни узайтириш ёки янги автомобил шоссесини қуриш)ни бир-бири билан таққослаш ва энг муқобилини танлаб олиш керак. Агар ҳамма вариантлар миқдор ва сифат жиҳатдан бир хил натижа берса, ҳам инвестиция, ҳам эксплуатация харажатларини ҳисобга олганда энг кам харажат талаб этиладиган лойиҳа танланади.
Иқтисодий таҳлил чизмаси турлича бўлиши мумкин. Бундай лойиҳа мақсадларига салбий таъсир этувчи ҳамма нарса харажатларга, ижобий таъсир этувчи ҳамма нарса даромадалрга киритилади.
Лойиҳа таҳлили даромад ва харажатларни ресурслардан фойдаланишнинг бошқа вариантлари бўйича эришилиши мумкин бўлган даромад ва харажатлар билан қиёслайди. Кўпинча лойиҳасиз ва лойиҳа билан деган чизма қўлланилади.
Масалан, цемент заводи қурилиши бўйича лойиҳа бор бўлса, инвесторлар бошқа лойиҳаларга сармоя қўйиш имкониятидан маҳрум бўлади. Аммо цемент ишлаб чиқаришнинг кўпайиши натижасида унинг нархи тушиб кетиши, харидорлар учун цементга камроқ пул тўлаш, айрим харидорлар учун эса бошқа қурилиш материаллари ўрнига цемент ишлатиш имкониятини пайдо қилиши мумкин.
Лойиҳа билан ва лойиҳасиз вазиятларни солиштириш лойиҳани амалга ошириш натижасида олинадиган қўшимча ва ўсган даромадалрни ҳисоблашнинг асосий услубидир. Лойиҳасиз вазиятларни истиқболга баҳолашда харажатларнинг тахмин қилинаётган ўсуви ёки даромадларнинг пасайишига нисбатан реакцияни ҳисобга олишк ерак. Бу лойиҳани амалга ошириш юзага келтирадиган ўзгаришларни тўлиқ акс эттириш имконини беради.
Лойиҳа натижаларига талабни таҳлил ва прогноз қилиш киритиладиган ресурслар ва ишлаб чиқариладиган маҳсулот бозорларини таҳлил қилишни ўз ичига олади ҳамда талаб ва таклиф ўртасидаги нисбатни билишни, лойиҳага тааллуқли ресурслар ва маҳсулотлар маркетинги ҳақида маълумотга эга бўлишни талаб этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |