Консерватив (корпоратив) модель ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига эга мамлакатларга хосдир. Уларнинг орасида континентал Европанинг Австрия, Германия, Италия, Франция каби мамлакатлари бор. Бу ерда давлат мавқеи анча кучли: ижтимоий тадбирларга бюджетдан ажратиладиган маблағлар ходимлар ва иш берувчиларнинг таъминот бадалларига тахминан тенг, қайта тақсимлашнинг асосий каналлари ё давлат ихтиёрида, ё унинг назорати остида. Айни вақтда давлат фуқароларни моддий жиҳатдан қўллаб қувватлаш вазифасини таъминот ҳимояси тизимига топширишга ҳаракат қилади. Шу туфайли ижтимоий нафақалар миқдори меҳнатдан олинган даромадларга ва тегишли равишда таъминот тўловларига қилинган ажратмаларнинг миқдорларига боғлиқ бўлади. Корхоналарнинг эгалари ҳамда ёлланма ходимларнинг манфаатларини ифода этувчи нуфузли касаба уюшмалари биргаликда бошқарадиган таъминот кассаларининг «ўзини ўзи бошқариши» мазкур моделнинг ўзига хос хусусиятларидан биридир. Ишсизлик юз берган ҳолда кафолатланган тўловлар миқдори меҳнат стажига, тўловлар муддати эса таъминот бадалларини тўлашнинг давомийлиги, уларнинг миқдори ва ходимнинг ёшига боғлиқ бўлади. Кўпгина мамлакатларда ишсизлик бўйича нафақа тўлаш даври 50 ёшдан катта шахслар учун оширилган.
Социал-демократик модель (у баъзан солидар модель деб ҳам аталади) аҳолини ҳимоя қилишда давлат етакчи роль ўйнашини назарда тутади. Аҳолининг даромадлари даражасини тенглаштириш ва аҳолини ялпи иш билан таъминлаш давлат ижтимоий сиёсатининг устувор вазифалари ҳисобланади. Бу модель шимолий Европа мамлакатлари Швеция, Норвегия, Финляндия, Данияда, шунингдеқ Нидерландия ва Швейцарияда ўзининг амалий ифодасини топтан. Иқтисодиётнинг ривожланган давлат сектори ижтимоий соҳани молиялаштириш негизи бўлиб хизмат қилади. Бу негизни мустаҳкамлашга солиқ солиш даражаси жуда юқори эканлиги ҳам кўмаклашади. ЯИМда давлат харажатларининг улуши Швецияда 66%, Данияда 61%, Финляндияда 56% ни ташкил этади. Бу харажатларнинг асосий қисми ижтимоий аҳамиятга молик объектларнинг эҳтиёжларини кондиришга йўналтирилди. Бу харажатлар орасида трансферт тўловларининг улуши ҳам анча катта бўлиб, уларнинг ёрдамида миллий маҳсулотни аҳолининг кам таъминланган табақалари фойдасига қайта тақсимлаш амалга оширилади.
Ушбу моделнинг бошка ўзига хос хусусиятлари қуйидагилардир:
ишлаб чиқариш демократиясининг ривожланган тизими;
меҳнат муносабатлари айрим корхоналар ёки тармоқлар даражасида эмас, балки умуммиллий миқёсда тартибга солиниши;
ишсизлик даражасини мумкин қадар камайтиришга имконият яратадиган таъсирчан воситалардан фойдаланилиши.
Швецияда қабул қилинган ижтимоий давлат доктринаси айникса машҳурдир. У кўпинча эгалитар доктрина деб аталади. У давлатнинг ўз фуқароларига ғамхўрлигини миллий сиёсат даражасига кўтаради, уларга “хавфсизлик ва ишончлиликни, хавф туғилган ҳолларда ҳимоя қилишни, шунингдеқ ҳимояни ташкил этиш ва унга раҳбарлик қилишни ваъда қилади. Шведлар қариндош уруғлари, хайрия фаолияти ёки бозорга қарам бўлишларига ҳожат йўқ. Бешикдан қабргача уларга давлат ғамхўрлик қилади”.
Do'stlaringiz bilan baham: |