Табиий ресурслар ҳуқуқи ҳуқуқ тизимининг алоҳида соҳаси сифатида ижтимоий-ҳуқуқий муносабатлар йўналишларини ўрганиш ва тартибга солишни қамраб олувчи ўз предметига эгадир.
ТАБИИЙ РЕСУРСЛАР ҲУҚУҚИНИНГ ПРЕДМЕТИ - АТРОФ ТАБИИЙ МУҲИТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ, ТАБИИЙ РЕСУРСЛАРДАН ОҚИЛОНА ФОЙДАЛАНИШ ВА АҲОЛИНИНГ ЭКОЛОГИК ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ ЖАРАЁНИДА ПАЙДО БЎЛАДИГАН ИЖТИМОИЙ МУНОСАБАТЛАРНИ ҲУҚУҚИЙ ТОМОНДАН ТАРТИБГА СОЛИШДАН ИБОРАТДИР.
4. Экология ҳуқуқининг тамойиллари, усуллари ва тизими
Ҳар бир фан соҳаси, шу жумладан Табиий ресурслар ҳуқуқи фани ижтимоий муносабатларни тартибга солиш жараёнида ўз йўналишлари, яъни тамойилларга эга бўлиб, ўз навбатида ҳар бир фан соҳасининг мақсад ва вазифаларидан келиб чиқади.
Табиий ресурслар ҳуқуқининг тамойиллари - табиат-жамият тизимидаги ўзаро муносабатлар йўналиши, чегараларини белгилаб беришда экологик-ҳуқуқий механизмининг барқарорлигини кафолатлашда ва қонунчилик қоида-талабларнинг экологик муносабатларини тартибга солиш тартибини белгилашда муҳим аҳамиятга эгадир.
Бизга маълумки, Табиий ресурслар ҳуқуқи табиат билан жамият ўртасидаги ўзаро муносабатларни ҳуқуқий тартибга солади. Шу жумладан, табиатнинг инкор этиб бўлмайдиган қонуниятлари ва ижтимоий хатти-ҳаракатлари тартибга солувчи жамият-давлат қонунлари мавжуд - Табиий ресурслар ҳуқуқи тамойилларининг асосий вазифаси шундан иборатки, табиий қонуниятларнинг устуворлигини тан олган ҳолда жамият аъзоларининг табиатга бўлган ҳатти-ҳаракатларини илмий асосланган ҳолда йўналтиришдан иборатдир.
Табиат ва жамият ўртасидаги ўзаро муносабатлар жуда хилма-хил ва мураккаб бўлганлиги учун ҳам Табиий ресурслар ҳуқуқининг тамойилларини қуйидаги тизимга бўлишимиз мумкин.
Давлат ва ҳуқуқнинг умумий тамойиллари;
Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилишга оид тамойиллар;
Табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга қаратилган тамойиллар.
Табиий ресурслар ҳуқуқи ҳуқуқ тизимининг соҳаси сифатида экологик муносабатларни тартибга солишда давлат ва ҳуқуқнинг қуйидаги тамойилларидан фойдаланади:
- Қонунийлик;
- Ижтимоий адолат;
- Ошкоралик;
- Ишонтириш ва мажбурлов чораларининг ҳамкорлиги;
- Шахсларнинг ҳуқуқ ва бурчларининг бирлиги ва бошқалар.
Атроф табиий муҳит барқарорлигини таъминлаш ва табиатни муҳофаза қилишнинг асосий тамойиллари қуйидагиларни ўз ичига олади:
Биосфера ва экология тизимлари барқарорлиги ҳозирги ва келгуси авлоднинг генетик фондини сақлаш;
Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилишда табиат қонуниятлари устуворлигини тан олиш;
Фуқароларнинг ҳаёт учун қулай табиий муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини таъминлаш;
Жамиятнинг экологик, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий манфаатларини уйғунлаштириш;
Табиатни муҳофаза қилиш соҳасида миллий, минтақавий ва халқаро уйғунлаштириш;
Табиатни муҳофаза қилиш чора-тадбирларининг табиий ресурслардан фойдаланиш тадбирларидан устуворлигини тан олиш;
Табиатни муҳофаза қилиш фаолиятини рағбатлантириш;
Табиий ресурслар ҳолатини тиклаш мажбурийлиги;
Экология экспертизасини ўтказишнинг мажбурийлиги;
Экологик қонунчилик қоидаларни бузганлик учун жавобгарликнинг қўлланилиши ва бошқалар.
Табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга қаратилган ижтимоий муносабатлар қуйидаги тамойиллар доирасида тартибга солинади:
Табиий ресурслардан фақат илмий асосланган ҳолда оқилона фойдаланишнинг зарурлиги;
Табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш фаолиятини рағбатлантириш;
Ер, ер ости бойликлари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсидан махсус фойдланганлик учун ҳақ тўлаш ва умумий асосда фойдаланганлик учун ҳақ тўламаслик;
Ерлардан белгиланган тоифалар доирасида мақсадли фойдаланиш;
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг устиворлиги;
Табиий ресурслар кадастрини юритиш мажбурийлиги ва бошқалар.
Табиат ва жамият ўртасидаги ўзаро муносабатлар, давлат ва экологик функсияси ушбу тамойиллар асосида ва доирасида амалга оширилиб, атроф табиий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аҳолининг экологик хавфсизлигини таъминлаш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга хизмат қилади.
Табиий ресурслар ҳуқуқи ўз предмети, йўналишлари, мақсад ва вазифаларига эга бўлгани каби ўз усулларига ҳам эга, ушбу усуллар табиат-жамият тизимидаги ижтимоий муносабатлар ҳолатига таъсир этиш орқали катта аҳамият каcб этади.
Ҳозирги пайтда экологик муносабатлар қатнашаётган жисмоний ва юридик шахслар хатти-ҳаракатларини тўғри йўналтириш учун турли усуллар қўлланилиб, уларнинг кўлами ортиб бормоқда.
Экологик ҳуқуқий муносабатлар тизимида қуйидаги усуллардан фойдаланилади:
Экологизациялаштириш
Маъмурий-ҳуқуқий
Фуқаровий-ҳуқуқий
Экологизациялаштириш усули бугунги кунда жамият ҳаётининг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларига тобора кириб бориб, табиат қонуниятларининг устиворлигини таъминлаш, табиатни муҳофаза қилиш чора-тадбирларининг ишлаб чиқариш жараёнига қўлланилиши соғлом экологик муҳитга эришиш заруриятини олдимизга қўймоқда, ушбу усул орқали шахс, давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларининг экологик қоида-талаблар асосида олиб боришини тақозо этади.
Маъмурий-ҳуқуқий усул - давлат ва ҳуқуқнинг муҳим усулларидан бири бўлиб, давлатнинг мажбурлов чора-тадбирларининг қўлланилишда намоён бўлади.
Табиий ресурслар ҳуқуқида маъмурий-ҳуқуқий усул кенг қўлланилиб, атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва аҳолининг экологик хавфсизлигини таъминловчи қоида-талабларнинг белгиланиши, барча юридик ва жисмоний шахслари томонидан қабул қилинишининг мажбурийлиги, экологик қоида-талабларни бузганлик учун жавобгарлик чора-тадбирларининг қўлланилишида катта аҳамиятга эгадир.
Фуқаровий-ҳуқуқий усул Табиий ресурслар ҳуқуқида тобора ривожланиб бораётган усул сифатида бевосита экологик-ҳуқуқий муносабатлар иштирокчиларининг тенглиги, мулкнинг дахлсизлиги, моддий рағбатлантириш, табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланишда иқтисодий чора-тадбирларнинг қўлланилишда намоён бўлади.
Табиий ресурслар ҳуқуқи – табиат-жамият тизимидаги мураккаб муносабатларни тартибга солади, шунинг учун ҳам турли тушунчалар, институтлар, тоифалар кенг қўлланиб, экологик-ҳуқуқий қоида-талабларни қўлланилиши ва мазмунини очиб беришга хизмат қилади.
Экологик ҳуқуқий муносабатлар тизимини ўрганишни осон бўлиши учун ўзига хос институт, тоифа ва назарий қоидалар мажмуини бирлаштирган ҳолда Табиий ресурслар ҳуқуқи ўз тизимига эга.
Табиий ресурслар ҳуқуқининг тизими - экологик муносабатларни тартибга солишдаги аҳамияти ва мазмунига кўра асосий институт, тоифа ва назарий-ҳуқуқий масалаларнинг маълум тартибда жойлашишидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |