1-МАВЗУ. ТАБИИЙ РЕСУРСЛАР ҲУҚУҚИ ПРЕДМЕТИ, МЕТОДИ ВА ТИЗИМИ
Режа:
1.Фаннинг мақсади ва вазифалари.
2. Табиий ресурслар ҳуқуқи фанининг ривожланиш тарихи.
3. Табиий ресурслар ҳуқуқининг асосий йўналишлари ва предмети, методи.
4. Экология ҳуқуқининг тамойиллари, усуллари ва тизими
Табиат ва жамият ўртасидаги ўзаро боғлиқлик турли йўналиш ва шаклларда узоқ вақт давомида амалга оширилиб келинмоқда.
Асрлар давомида инсоният табиат қонуниятларига мослашиб, ўзининг турли эҳтиёжларини қондириш учун табиатдан фойдаланиб, унга таъсир ўтказмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, жамият аъзолари онгининг тобора такомиллашиши, янги меҳнат қуролларининг ихтиро этилиши ўз навбатида, инсоннинг турли эҳтиёжларининг ривожланишига олиб келди. Инсон ўз эҳтиёжларини қондириш учун табиий ресурслардан фойдаланиб салбий таъсир кўрсата бошлади. Жамият аъзоларининг табиатдан фойдаланиш бўйича эҳтиёжларининг ошиши, табиий ресурслардан фойдаланиш қуроллари, яъни техникавий воситаларнинг такомиллашишига олиб келди. Ушбу ҳолат ўз навбатида табиатга жамият томонидан бўладиган таъсирларнинг бир неча баробар кўпайишига сабаб бўлди. ХIХ асрнинг иккинчи ярми ва ХХ асрларда инсон тафаккурининг ривожланиши илм-фаннинг тараққий этиши ўз навбатида инсоннинг турли эҳтиёжларини қондиришга, жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий негизини мустаҳкамлашга хизмат қилди. Албатта, янги технологик жараён иш унумдорлиги, иқтисодий даромадни кўпайтириши билан бир қаторда табиий ресурсларнинг ҳолатига салбий таъсирларни оширишга, шунингдек табиат билан жамият ўртасидаги ўзаро мувозанатни бузилишига олиб келиши мумкин. Шунинг учун ҳам табиат ва жамият ўртасидаги муносабатнинг шундай йўлга қўйилиши керакки ўзаро таъсирлар натижасида табиий ресурс, экологик тизимлар ҳолати ва аҳолининг соғлиги, ҳаёти ва ижтимоий-иқтисодий эҳтиёжларининг даражасига бўладиган салбий оқибатларни иложи борича камайишига олиб келиниши зарурдир.
Муҳим табиий ресурслар ҳисобланган ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик, ҳайвонот дунёси ва бошқа табиий заҳираларнинг инсон, жамият ҳаётида тутган ўрни беқиёсдир.
Шунинг учун ҳар қандай жамиятда табиатдан фойдаланиш, уни муҳофаза қилиш, табиат заҳираларини келажак авлодга мерос қилиб қолдириш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Тарихга назар солиб, фикр қиладиган бўлсак табиат-жамият ўртасидаги ўзаро муносабатлар жамият ҳаётининг турли босқичларида турлича шаклларда олиб борилган, ҳар бир тарихий ривожланиш босқичида турли фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишнинг қоида-талаблари жорий этилиб келинган. Демак, жамиятда ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик, ҳайвонот дунёси ва атмосфера ҳавосидан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш юзасидан ижтимоий муносабатлар ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиниб, табиат-жамият тизимида мувозанатни сақлашга хизмат қилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, табиатдан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш билан боғлиқ ижтимоий муносабатларни тартибга солишга қаратилган ҳуқуқий чора-тадбирлар тизими ва уларнинг таъсир доираси ҳар бир тарихий босқичда мавжуд илм, фан ва техника ривожланиши ҳамда атроф табиий муҳит ҳолатининг даражасига боғлиқ бўлади.
Шунинг учун ҳам ХХ асрда амалга оширилган фан-техника революцияси натижасида яратилган янги техника воситалари, ишлаб чиқариш обектлари ўз навбатида табиатга бўлган таъсирини ошиши мисли кутилмаган экологик салбий оқибатларни келтириб чиқарди. Экологик муносабатларни тартибга солишга қаратилган ижтимоий-ҳуқуқий чора-тадбирлар тизими ишлаб чиқилди ва амалга оширила бошлади.
Ушуб ҳолат экологик ҳуқуқий муносабатлар доираси ва даражасини ўрганувчи Табиий ресурслар ҳуқуқи фанининг пайдо бўлиши ва ривожланишига зарурият яратди.
Do'stlaringiz bilan baham: |