34– мавзу. Европа иттифоқи доирасида стандартлаштириш. Режа: 1. Европа иттифоқи (ЕИ) доирасида стандартлаштириш ишларини олиб бориш.
2. Европа стандартлаштириш қўмитаси, СЕН ташкилий тузилмаси.
3. Ўзбекистонда Европа стандартлари мамлакатимиз ва Европа иттифоқи ўртасидаги Ҳамкорлик ва ўзаро алоқалар.
34.1. Европа иттифоқи (ЕИ) доирасида стандартлаштириш ишларини олиб бориш. Европа иттифоқи Кенгашининг 1985 йил 7 майдаги «Техник мослаштириш ва сертификатлаштириш соҳаларида янги ёндошув тўғрисидаги қарори»да стандартлаштириш масалаларига оид принциплар белгиланди. Бунда, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар европа директиваларининг умумий талабларига жавоб бериши кераклиги, миллий стандартлар олдида ҳалқаро ва европа стандартларининг афзаллиги кўрсатиб ўтилган.
Европа иттифоқи (ЕИ) доирасида стандартлаштириш ишларини олиб бориш Европа стандартлаштириш қўмитаси (СЕН) ва Европа электротехникада стандартлаштириш бўйича қўмитаси (СЕНЭЛЕК)га юклатилган.
ЕИ да Янги ва Глобал ёндашувлар бўйича директивалар қабул қилиниши билан, икки даражали техник жиҳатдан тартибга солиш тизими амал қилмоқда.
ЕИ давлатларида техник жиҳатдан тартибга солиш шу давлатлар учун ягона бозорни ташкил этиш асосий мақсадига хизмат қилади. Маҳсулотларга талаблар ЕИ Келишувининг соғлиқни ва атроф муҳитни ҳимояси ва хавфсизлигига тегишли 13-моддасига асосланган. Миллий стандартлаштириш тизимлари томонидан ягона бозорни ташкил этишда тўсиқлар бўлиши мумкинлиги учун, ЕИ бу тўсиқларни бартараф этишга қаратилган, барча мамлакатлар учун янги ягона қоидаларни ишлаб чиқди.
ЕИ да директивалар қонунлар вазифасини бажаради ва тўғридан тўғри таъсир этадиган ва бажарилиши мажбурий хужжатлар ҳисобланади. Директивалар Европа Парламентида қабул қилингандан кейин аъзо давлатлар томонидан миллий қонунчиликка жорий этилиши керак. Техник стандартлар ва меъёрлар соҳасидаги ЕИнинг асос бўлувчи директиваси сифатида, Европа Парламенти томонидан 1998 йил 22 июнда қабул қилинган, стандартлаштиришга янги ёндашув тўғрисидаги 98/34/ЕС директива ҳисобланади. 98/34/ЕС директива маҳсулотни стандартлаштиришга Янги ёндашувни ва маҳсулотнинг мувофиқлигини тасдиқлашни аниқлашга глобал ёндашувни белгилади.
Ушбу директивага кўра, ЕИ нинг бирор-бир давлатида ишлаб чиқилган ва реклама қилинган маҳсулот ЕИ доирасида эркин ҳаракатлана олиши керак.
Янги ёндашув асосида қурилиш маҳсулотлари бўйича қабул қилинган Европа директивасининг ишлаш схемаси
Янги ёндашувнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:
МҲлар (талаблари)ни ўзаро уйғунлаштириш (бирхиллаштириш) маҳсулотларга факат муҳим талабларни белгилаш билан чегараланиши керак ва бундай маҳсулотларгина ЕИ бозорига киритилиши мумкин;
муҳим талабларга мос маҳсулотларнинг техник спецификацияси (хусусиятлари), уйғунлаштирилган (бирхиллаштирилган) европа стандартлари билан аниқланади;
уйғунлаштирилган стандартларга мувофиқ ишлаб чиқилган маҳсулотлар бошқа стандартлар асосида ишлаб чиқилган маҳсулотларга нисбатан афзал ҳисобланади;
уйғунлаштирилган ёки бошқа стандартларни қўллаш ихтиёрий ҳисобланади ва ишлаб чиқарувчи бошқа стандартларни қўллаган тақдирда, уларнинг муҳим талабларга мослигини махсус комиссияда исботлаши керак.
Миллий стандартлар ва меъёрлардаги фарқдан келиб чиқадиган тафовутлар натижасида пайдо бўладиган савдодаги тўсиқлар бартараф этилиши керак. Маҳсулотлар инсонлар саломатлиги, хавфсизлик, истеъмолчилар ҳуқуқини ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш каби талабларга мувофиқ бўлиши ва тегишли ёрлиқларга эга бўлиши керак.
Маҳсулотлар техник спецификацияси уйғунлаштирилган (бирхиллаштирилган) стандартлар кўринишида баён этилиб, уларда маҳсулотнинг номи, вазифаси, сифат даражаси, техник ҳарактеристикалари, хавфсизлиги, ўлчамлари, атамалар, символлар, синов усуллари, ўраш ва ёрлиқлашга талаблар, мувофиқликни тасдиқлаш процедуралари каби ҳарактеристикалар келтирилади. Миллий стандартлаштириш тизимлари доирасида ишлаб чиқилган стандартларда уйғунлаштирилган ҳолда Европа стандартларига давола этилиши ҳамда улар «ЕИ расмий журнали»да чоп этилган бўлиши керак.