Фаннинг ижтимоий-маданий мўлжаллари.
Фан – дунё ҳақидаги билимларни ишлаб
чиқариш технологияси. Ҳар қандай ишлаб чиқаришда бўлганидек, фанда ҳам ишлаб
чиқарилаётган маҳсулот сифатини таъминлаш талаб этилади. Ҳақиқат – ҳар қандай
илмий маҳсулот эга бўлиши талаб этиладиган ва фан ўзида мавжуд барча воситалар
билан таъминлаши шарт бўлган энг муҳим сифат хоссаси. Олим учун ҳақиқат у ўз
фаолиятида эришишга ҳаракат қиладиган энг олий қадриятдир.
Ҳақиқатнинг тагига етиш олим ҳаётининг олий мақсади бўлиши мумкин. Аммо ҳақиқат
ўз-ўзича, масалан, яхшилик ва гўзалликдан фарқли ўлароқ, шак-шубҳасиз қадрият эмас.
Ҳақиқат қадрият манбаи бўлиши мумкин, лекин яхшилик ва гўзалликдан фарқли ўлароқ,
у шак-шубҳасиз қадрият ҳисобланмайди. Ҳақиқат қимматга эга бўлиши ҳам, эга
бўлмаслиги ҳам мумкин.
Айрим шахс ҳар нарсага қизиқиши мумкин. Олим ўз ҳаётини бактериялар ёки
галактикаларни, қадимги қўлёзмалар ёки жорий бозор конъюнктурасини, тумовни
даволаш воситалари ёки ўта ҳалокатли кучга эга бўлган қурол яратиш йўлларини
ўрганишга бағишлаши мумкин. Аммо ҳар қандай илмий тадқиқот вақт ва маблағ
сарфлашни талаб қилади. «Соф» илмий ҳақиқатнинг тагига етиш учун ҳаддан ташқари
қиммат нарх тўлашга тўғри келганида, уни изловчилар сони сезиларли даражада
камаяди.
Ўтмишда, «илк фан» даврида (XVI асрга қадар) илм билан шуғулланиш асосан ўз
ихтиёрида мавжуд ресурслар билан кифояланишга қодир бўлган ўзига тўқ одамларнинг
хусусий иши ҳисобланган. Антик файласуфлар ҳатто ўз фаолияти учун пул олишни
уятли иш деб ҳисоблаганлар (ўқитувчилик билан тирикчилик қилган софистлар бундан
мустасно). Ўрта аср олимлари – схоластларнинг аксарияти монахлар ва руҳонийлар
бўлган. Бу олимлар илоҳиёт ва диний таълим билан шуғулланганлари боис, черков
уларни таъминлашга тайёр бўлган. Ўша даврда фалсафа ва илоҳиётнинг таркибий қисми
сифатида тушунилган фан маданий шакл ҳисобланган, унинг мухлислари илмий фаолият
билан асосан ўз шахсиятини намоён этиш учун шуғулланганлар, айримлар учун эса илм
бир эрмак – таъбир жоиз бўлса, «интеллектуал ўйин» саналган.
Ҳозирги вақтда фанга жамият харажатлари фундаментал тадқиқотлар, амалий
тадқиқотлар ва ишланмалар ўртасида тегишли равишда 1:10:100 нисбатда
тақсимланади. Мазкур соҳалардан банд бўлган фан кадрлари сонининг нисбати ҳам
тахминан шунча. Яъни «соф» илмий ҳақиқатнинг тагига етиш йўлидаги изланишлар
жамиятга фаннинг бевосита фойдали натижаларини олишга қараганда юз марта
арзонроқ тушади. Шундай қилиб, ҳозирги замон «катта фани» ходимлари ва унга
ажратиладиган маблағларнинг асосий қисми фан ривожланишининг утилитар
йўналишида жамланган.
Бу унинг ижтимоий-маданий мўлжалларида «фойдага
хизмат қилиш» принципи «ҳақиқатга хизмат қилиш» принципидан устун қўйилишини
англатади.
5.
Do'stlaringiz bilan baham: |