2-боб. Ўқитувчи мақомининг ўзига хос хусусиятлари 6-модда. Ўқитувчи мақомининг мазмуни Ўзбекистон Республикасида ўқитувчиларнинг ҳуқуқий мақоми жамият томонидан тан олинади ва уларнинг касбий фаолиятини амалга ошириш учун шароитлар яратилади, ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилади ҳамда ижтимоий мавқеи ва обрў-эътиборини ошириш учун ҳуқуқ ва эркинликлар берилади.
Педагогик ишларнинг шартлари ва хусусияти ўқитувчи мақомини, ўқитувчининг ҳуқуқларини, мажбуриятларини ва жавобгарлигини ўз ичига олган шунингдек уларни амалга ошириш кафолатларини белгилайди.
Ўқитувчи Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари билан мустаҳкамланган фуқароларнинг барча ҳуқуқ ва эркинликларига эга.
Мактаб тизимининг ташкил этилиши бутунлай ёки қисман ўзгартирилган бўлса ҳам, ўқитувчининг расмий мақомининг барқарорлиги давлат томонидан кафолатланади.
7-модда. Ўқитувчининг касбий фаолияти Ўқитувчи мақомига давлат ва нодавлат мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва мактабдан ташқари таълим муассасаларида ишлайдиган зарур касбий таълим ва тегишли малакага эга бўлган фуқаролар эга бўлади.
Тегишли маълумоти, касбий тайёргарлиги бор ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга бўлган шахслар ўқитувчи сифатида педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.
Педагогик таълим ва малакага эга бўлмаган шахсларга педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи тегишли фан йўналиши бўйича педагогик қайта тайёрлаш ўтганидан сўнг берилади.
Педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан суд ҳукмига кўра ёки тиббий хулосага асосан маҳрум қилинган шахсларнинг давлат ва нодавлат таълим муассасаларида ўқитувчи мақомига эга бўлишига ва педагогик фаолият билан шуғулланишига йўл қўйилмайди.
Етарли малакага эга бўлмаганлиги сабабли, шунингдек таълим фаолияти принципларига зид бўлган ахлоқсиз хатти-ҳаракатлар ўқитувчилик мақомидан маҳрум қилиш амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
8-модда. Якка тартибдаги педагогик фаолият (репетиторлик) Ўқитувчилар якка тартибда педагогик фаолият (репетиторлик) билан шуғулланиши мумкин.
Асосий иш жойи сифатида муайян давлат таълим муассасасида фаолият олиб бораётган ўқитувчилар якка тартибда педагогик фаолият (репетиторлик) билан асосий ишидан бўш вақтида шуғулланиши мумкин.
Якка тартибда педагогик фаолиятни амалга ошириш юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари сирасига киради ҳамда лицензия олиш талаб этилмайди.
Якка тартибда педагогик фаолият билан шуғулланувчи ўқитувчилар, шу фаолият бўйича якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан, яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органига олган даромадлари тўғрисида декларация тақдим этиш орқали солиқ тўлайди.
Якка тартибда педагогик фаолият билан шуғулланувчи ўқитувчи пуллик таълим хизматини кўрсатишни бошлашдан олдин таълим олувчиларга, уларнинг ота-оналари (қонуний вакиллари)га ўзининг касбий маълумоти, умумий педагогик иш стажи ва индивидуал педагогик фаолият билан шуғулланаётган муддати ва лозим бўлса ўзи амалда қўллайдиган педагогик услуб ва технологиялари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади.