Иссиқликдан шикастланиш. Иссиқликдан шикастланиш деганда, қуруқ, қаттиқ ва суюқ иссиқ момалар, буғ, иссиқ ҳаво, олов, радий, рентген, қуёш нури, куйдирувчи кимёвий моддалар ва бошқалар тушунилади. Қуйидаги даражаси куйдирувчи модданииг ҳароратига ва унинг баданга нечоғли таъсир қилишига боғлиқ. Куйиш тўрт даражага бўлинади:
Биринчи даражали куйишда - бадан қизаради, тери сатҳи бир оз яллиғланади.
Иккинчи даражали куйишда пуфакчалар ҳосил бўлади.
Учинчи даражали куйишда куйган жой жонсизланади, шу жойнинг териси кўчиб тушади ва яра ҳосил бўлади.
Тўртинчи даражали куйишда куйган жой бутунлай кўмирга айланади.
Турли кўринишдаги нур энергиялари (ультрабинафша, рентген, радий нурлари) организмга таъсир қилиши натижасида оғир касалликлар рўй бериши мумкин. Ультрабинафша нурлар организмга таъсир қилганда (баланд тоғли жойларда қуёш нури таъсирида баданнинг очиқ жойларини беркитмасдан юриш, нурлантириш асбоблари таъсирида узоқ нурланиш ва ҳоказолар), оғир бузилишлар кузатилиши мумкин. Баданнинг ультрабинафша нур таъсир қилган жойларидаги тери яллиғланади ёки некрозга учрайди. Ультрабинафша нур юз тўр пардасига таъсир қилиши туфайли кўриш ёмонлашади. Рентген ва радий нурларнинг катта дозалари таъсирида оғир нур касаллиги рўй беради. Бунда қон ишлаб чиқариш тизими кўпроқ зарарланади.
Электр токидан шикастланиш. Организмга электр токи таъсир қилиши, токнинг кучланиши ва кучи, унинг таъсир қилиш муддати, организмнинг ҳолати ва теварак-атрофдаги муҳитга боғлиқ бўлади. Юқори кучланишли ток организмга таъсир қилганда, юрак фаолияти ва нафас тўхтаб қолиши оқибатида ўлим юзага келади. Бунда юрак мускулларининг айрим толалари (юрак фибрилляцияси) қисқариши туфайли юрак уришдан тўхтайди.
Барометрик босимнинг организмга таъсири. Барометрик босим пасайганда, яъни ҳаво сийраклашганда, организмда оксиген етишмовчилиги пайдо бўлади. Бу тоғ касаллиги ёки баландлик касаллиги деб аталади.
Барометрик босим кўтарилганда (кессонларда ишлаш, сув остига тушадиган ишлар ва сув ости спорти), тез чарчаш, қулоқ шанғиллаши, бош айланиши, юрак ўйнаши, нафас қисиши кузатилади. Юқори босимдан нормал босимга тезлик билан ўтиши жуда катта аҳамиятга эга. Бундай ҳолат сув остига тушган одамлар (ғаввослар, аквалангчилар)нинг у ердан ёки кессондан тезлик билан сув юзасига чиққанларида юз беради. Бунда кессон касаллиги деб аталувчи баъзан ўлимга олиб келадиган оғир ҳолат рўй беради. Бунда қондаги газлар ташқи муҳитнинг босими билан белгиланадиган маълум бир босим остида эриган бўлади. Босим кескин пасайганда, қондаги газ пуфакчалари массаси ажралиши (асосан, ҳавонинг 80% ини ташкил қиладиган азотнинг) ва қоннинг қуюқлашиши юзага келади. Газ пуфакчалари капилляр-ларда тиқилиб қолади. Оғир ҳолларда юқори босимдан нормал босимга тезлик билан ўтганда, юракнинг ўнг қоринчаси, юракнинг тож томирлари, ўпка қон томирларига газ пуфакчалари тиқилиб қолиши туфайли одам тезда ҳалок бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |