2. Мотивацияга оид назариялар
David McCellandнинг “Мақсадга эришиш” (Need for achievement), Frederick Herzbergнинг “Икки омил” (Two-factor theory), Lawler ва Xakmenнинг “Режалаштириш, эҳтимоллик” каби назарияларда тадбиркорлик фаолияти мотивациясини шакллантиришда тадбиркор фаолияти, унинг қарорлар қабул қилиши ва режалаштиришига оид масалалар ижтимоий-психологик талқин қилингандир.
Тадбиркорлик фаолияти мотивациясини янада кенгроқ очишда, бир концепция мавжудки – бу бошқарув тажрибаларида кенг қўлланилади. Бу F.Herzbergнинг “икки омил” назарияси. F.Herzberg саноатда ишлайдиган ишчиларнинг психологик касалликларини даволовчи мутахассис эди. Унга ишчиларни рағбатлантириш (ҳаракатга келтириш) концепциясини ишлаб чиқиш таклиф этилган. У ўзининг ишлаб чиққан назариясини “мотивацияли гигиена” ёки “ишни жонлантириш” назарияси деб атайди.
F.Herzberg ишга бўлган иштиёқларни иккига бўлади. У биринчи гуруҳга барча юзаки нарсаларни киритади. Уларга маош, ҳамкасб билан муносабат, моддий шарт-шароитлар киради. У кўпгина кузатувлари натижасида бир тўхтамга келди ва бу қарашларини 1966 йил нашр қилинган “Мотивация ва инсон борлиғи” деб номланган китобида баён этади. Унинг фикрича, ҳамма асосий мотивлар иккита таркибий ва бир-биридан фарқ қиладиган гуруҳларга бўлиниши керак – улар гигиена омиллари ва мотивлар омиллари.
Биринчи омил, одамлар ишининг муваффақиятини таъминлайди ёки пасайтириб юборади. Herzberg бу омилларни қуйидагилар, деб ҳисоблайди:
меҳнат шарти;
фирманинг сиёсий аҳамияти;
маоши;
жамоадоши ва бошлиғи билан муносабати ва шунга ўхшаганларни киритади.
Мотив омилларига эса:
ишдаги муваффақият;
иш юзасидан кўтарилиши;
қулай имкониятга эгалиги;
ишнинг қизиқлиги ва қийинлиги;
ишнинг турли хиллиги;
ишнинг режалаштирилишида қатнашиш ва ҳоказолар.
Шунингдек, булар кўпинча мотивлаштириш вазифасининг натижаси учун керак. Бу мотивлар бир-бири билан нафақат тадбиркорлик мотивациясини шакллантирувчи фаолиятда, балки тадбиркорлик фаолиятини бошқаришда ҳам муҳим ўрин касб этади.
В.М.Каримованинг таъкидлашича, “Фаолият – эҳтиёж – мотивация” тушунчалари ўзаро боғлиқдир. Ҳар қандай фаолият ортида инсоннинг аниқ эҳтиёжи ётиб, бу эҳтиёж – шахсни ўраб турган муҳитга боғлиқдир ва бунда маълум маънода психологик тобе эканлигини тушунтирувчи талаблар мавжуддир. Шу эҳтиёж таъсирида пайдо бўладиган фаолликнинг турткиси – мотивдир.
Умуман олганда, мотивацияга ўзини маълум бир хатти-ҳаракатларга ундовчи организмнинг ички ҳолати сифатида қаралади. А.А.Крилов ўз қарашларида, мотивация феноменини учта асосий талқинини шарҳлаб ўтади:
“Физиологик талқинлар – ички туртки ёки эҳтиёжларнинг аҳамиятлилигини таъкидлайди. Мисол учун, емишдан маҳрум бўлган ҳайвон очликни ҳис этади ва егуликни излаб топишга ва ўз физиологик эҳтиёжини қондиришга интилади.
Очлик, чанқоқлик ва жинсий майл каби ҳолатлар организм учун муҳим аҳамиятга эга бўлганлиги сабабли, одатда “бирламчи драйв” деб ҳисобланади.
Бихевиористик талқинлар – ўргатиш (ўқитиш) жараёнида орттирилган ички турткиларга суянади. Масалан, пулга эга бўлишдек мотивацион мойиллик. Очлик ва чанқоқлик сингари “бирламчи драйв (бошқариш, ундаш)” ҳолатлар пуллар билан ассоциацияланиши сабабли, биз ишга нисбатан йўналтирилган юқори мотивацияни сезамиз.
Психологик талқинлар – аниқ ҳаракатларга бизни ундовчи “бирламчи драйв” концепцияси инсоният хулқ-атворини ундаганда мураккаб турларини тушунтиришда ҳам долзарб бўлиб қолаверади. Ички мураккаб эҳтиёжга эришиш мотивацияси аффилиация ёки Maslow бўйича ўзини рўёбга чиқариш мисол бўла олади”.
Адабиётларда мотивацияга оид назариялар, асосан, иккита тоифага ажратилади:
Мотивациянинг мазмуний назариялари биринчи навбатда инсонларни ҳаракатга ундовчи эҳтиёжларини аниқлашга ҳаракат қилади, айнан унда ишнинг ҳажми ва мазмуни аниқланади. Мотивациянинг замонавий мазмуний концепцияларига асос солиниши, асосан, Abraham Maslow, Frederick Herzberg, David McCellandларнинг ишлари билан боғлиқ.
Машҳур немис социологи Макс Вебер XIX аср бошларида бизнесдаги ҳолатни таҳлил этар экан, бизнес одоби масаласида муфассал тўхталиб ўтган. Бизнеснинг моҳиятини тушуниб етган ҳолда у: “Трубиналардан тутун чиқиши учун фойда олиниши зарур”, – деб таъкидлаган. Бу ерда у тадбиркорлар фаолиятидаги икки йўналишни ажратиб кўрсатади:
усиз ишлаб чиқариш мавжуд бўлмайдиган оқилона фойдага интилиш;
“бойликка интилиш”.
М.Вебер иккинчи йўналишни бизнес эмас деб таъкидлайди. “Бундай интилиш официантлар, врачлар, рассомлар, енгил табиатли кишилар, аскарлар, қиморбоз ва гадойларда учрайди ва тўлиқ ишонч билан у барча давр ва мамлакатларнинг барча аҳоли гуруҳлари ва алоҳида шахсларига хос бўлади”.
Мотивациянинг мазмуний назариялари одамлар хулқини белгиловчи эҳтиёжлар ва унга боғлиқ омилларга асосланади. Жараёний назариялар мотивацияни бошқача тарзда ўрганади. Уларда инсон қандай қилиб аниқ бир хулқ турини танлаши таҳлил қилинади. Жараёний назариялар асосчилари эҳтиёжлар мавжудлиги тўғрисида баҳслашмайдилар, балки одамлар хулқи эҳтиёжлар билангина эмас, балки психологик жараёнлар билан аниқланади, деб ҳисоблашади.
Мотивациянинг жараёний назариясининг учта асоси мавжуд: кутишлар назарияси, адолатлилик назарияси ва Портер-Лоулер модели.
Do'stlaringiz bilan baham: |