1.3. ДТС таълимни режалаштириш ва уни лойиҳалаштиришнинг янги
шакли сифатида.
“Таълим тўғрисида”, “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури” Қонунларининг қабул қилиниши мамлакатимиз салоҳиятининг беқиёс ривожланиши учун улкан омилдир.
Ривожланган мамлакатларда касб таълими (шу жумладан олий таълим)нинг бош мақсади - рақобатбардош товарлар ишлаб чиқариш ва барча тоифадаги малакали ходимларни тайёрлаш орқали рақобатбардош хизмат кўрсатишдан иборат. Узлуксиз таълимни ташкил этишда унинг жаҳон талаблари даражасида бўлиши ҳамда у юксак маънавият заминида қурилишига катта аҳамият бериш кераклиги, давлат таълим стандартларини жорий этиш ва унинг механизмини ишлаб чиқиш муҳимлиги устувор соҳа сифатида кўриб чиқилганлиги бежиз эмас.
Таълимда давлат стандарти нима?
Таълимни стандартлаштириш инсониятнинг ижтимоий онгида рўй берган туб ўзгаришлар туфайли келиб чиққан заруратдир. Иқтисодий аҳволи ва тараққиёт даражаси турлича бўлган давлатларда яшовчи барча кишиларнинг фикрлаш даражасини иложи борича бир хил ҳолатга келтириш эҳтиёжи пайдо бўлди. Бу ҳолат таълим стандартлари деб аталмиш тушунчани юзага чиқарди.
Стандарт –таълимда яратилган меъёрий режа, дастур, дарсликларни ўзлаштириш эквиваленти, яъни таълим мазмунини ўзлаштириш даражасидир. Стандартни ишлаб чиқишда талабани ҳаддан ташқари зўриқтириб юбормаслик талабларига рия қилиш, яъни у ўқувчи ёшига мос, уни бажаришга қурби етадиган даражада бўлиши керак. Албатта, таълим олувчининг қизиқиши, хоҳиши, эҳтиёжи ҳисобга олиниши лозим. Давлат ва жамият таълим муассасалари олдига муайян ижтимоий буюртмалар қўяётган экан, ўша муассасалар томонидан тайёрланадиган кадр эгаллаши лозим бўлган ижтимоий сифатларнинг минимал чегарасини ҳам кўрсатиб бериши табиийдир. Таълим олувчилар эгаллаши лозим бўлган билим, кўникма ва маънавий сифатларнинг энг қуйи миқдори илмий асосларда белгилаб берилган расмий педагогик ҳужжат - давлат таълим стандарти ҳисобланади.
Бундан кўриниб турибдики, ДТС назорат воситаси, айни вақтда, таълим муассасаларида кўзланган кўрсаткичларни қўлга киритиш учун зарур бўлган шароитни белгилаш ўлчови ҳамдир.
Давлат таълим стандартларининг икки асосий вазифасини алоҳида таъкидлаб қўрсатиш мумкин. Бундай стандартлар ўқувчиларга бериладиган таълим мазмунининг мажбурий минимумини ҳамда битирувчиларнинг тайёргарлик даражасига қўйиладиган талаблар мажмуасини белгилаб беради. Таълим мазмунининг мажбурий минимуми ўқув дастурлари ва дарсликларда тўлиқ ўз ифодасини топиши шарт. Битирувчиларнинг тайёргарлик даражасига кўра ўқувчи муайян босқичда эгаллаши шарт бўлган билим, кўникма ва малакаларининг минимал миқдори белгиланади.
Ўзбекистонда рақобатбардош иқтисодиётни ташкил этиш масалани ечишда Кадрлар миллий модели асос бўлиб, ҳисобланади. У қуйидагиларни ўз ичига олади:
Шахс – кадрлар тайёрлаш тизимининг асосий субъекти ва объекти, таълим хизматини талаб этувчи ҳамда амалга оширувчи;
Давлат ва жамият – таълим ва кадрлар тайёрлаш тизими фаолияти кўрсатишини назорат қилиш ҳамда иш олиб боришининг бошқаришни амалга оширувчи кадрлар тайёрлаш ва уларга талабгорлик кафолати;
Узлуксиз таълим - ўз таркибига барча таълим турини, давлат таълим стандартларини, фаолият кўрсатиш тузилмаси ва муҳитини олган малакали рақобатбардош кадрлар тайёрлаш асоси;
Фан – юқори малакали мутахассислар тайёрловчи ва талаб этувчи, илғор педагогик ва информацион тахнологияларни ишлаб чиқарувчи;
Ишлаб чиқариш – кадрларга бўлган талабни, шунингдек, улар тайёрланганлик сифат ва даражасига талабни белгиловчи асосий буюртмачи, кадрлар тайёрлаш тизимларини молиялаш ва моддий-техник таъминлаш иштирокчиси.
Do'stlaringiz bilan baham: |