СБ = БХ + УХ + РЖ Смета қиймати – қурилиш маҳсулоти (объекти) учун эркин баҳонинг шаклланиши ва капитал қўйилмаларни аниқлашда асос бўлиб хизмат қилади. Капитал қурилишда хўжалик муносабатлари механизмини такомиллаштириш, шартнома мажбуриятларига риоя этилиши ва қурилишнинг пировард натижалари учун инвестиция жараёни қатнашчиларининг жавобгарлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 12 сентябр 2003 йилдаги “Капитал қурилишда хўжалик муносабатлари механизмини такомиллаштириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги 395-сонли Қарорида Ўзбекистонда капитал қурилишдаги шартномавий нархлар ягона услубиёти барча мулк шакллари учун қабул қилинди. Таъкидлаш жоизки, шартномавий нархлар бозордаги мавжуд шароитларни ҳисобга олган материал қийматнинг конъюнктураси, ишлатиладиган машина ва механизмлар қиймати ҳамда пудрат ташкилотларининг фойдасини англатади.
Шартнома Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда капитал қурилиш соҳасидаги бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқ тузилади. Ушу қарорда паст рентабелли ва зарар кўриб ишлаётган пудрат-қурилиш ташкилотларини хусусийлаштиришда тегишли инвестиция мажбуриятлари мавжуд бўлган тақдирда объектларни қонун ҳужжатларига мувофиқ бепул беришга рухсат этилди. Шунингдек, марказлаштирилган манбалар ҳисобига қурилишни ташкил этиш, молиялаштириш ва кредитлаш тартиби тўғрисидаги Низом, объектларни фойдаланишга тайёр ҳолда қуришга доир Намунавий пудрат шартномаси ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини шакллантириш тартиби тўғрисида”ги Низомлар тасдиқланди.
Шунингдек, жорий шартномавий нархларни белгилаш учун идоравий смета меъёрлари фақат улар “Давархитектқурилиш” қўмитаси билан белгиланган тартибда мажбурий равишда келишиб олинган тақдирда кучга эга бўлиши қайд этилган. Капитал қурилиш соҳасида товарлар, ишлар ва хизматлар харидининг ягона тизимини яратиш, танлов савдоларини ташкил этиш ва ўтказиш механизмини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 3 июлдаги “Капитал қурилишда танлов савдолари тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 302-сонли Қарори қабул қилиниб, унда:
– марказлаштирилган манбалар, давлат бошқарув органлари ва давлат корхоналари маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган капитал қурилиш билан боғлиқ товарлар, ишлар ва хизматлар хариди фақат танлов савдолари натижалари бўйича амалга ошириши;
– капитал қурилиш билан боғлиқ товарлар, ишлар ва хизматларни харид қилишда танлов савдолари мажбурий ўтказилиши учун буюртмачилар, танлов савдоларини ўтказишнинг белгиланган тартибига риоя қилиниши учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда танлов савдолари ташкилотчилари жавоб беришлари;
– қурилишнинг амалдаги қийматини танлов савдолари натижалари бўйича шартномада белгиланган шартномавий нархга нисбатан камайтириш натижасида тежалган маблағлар пудрат ташкилотининг тасарруфида қолиши белгилаб қўйилди.