Таянч сўз ва иборалар
Буюртмачи, пудратчи, техник-иқтисодий асоснома, лойиҳани экспертизаси, оферент, очиқ танлов савдолари, капитал қурилиш, капитал қўйилма, қурилиш индустрияси, асосий фондлар.
Ўзини – ўзи текшириш учун саволлар
1. Капитал қўйилмаларнинг иқтисодий моҳияти
2. Қурилишнинг босқичлари
3. Капитал қурирлишда лойиҳалаштириш
4. Капитал қўйилмалар самарадорлигини баҳолаш
5. Капитал қурилишда назорат ишларининг моҳияти
6. Қурилиш индустрияси тушунчасининг моҳияти
7. Қурилишнинг ташкилий шакллари.
9 – МАВЗУ: ДАВЛАТ ИНВЕСТИЦИЯ ДАСТУРИ
РЕЖА:
Ўзбекистон Республикаси инвестиция дастури, унинг мазмуни, асосий мақсади, шакллантириш тартиби, тамойиллари ва муддатлари
Инвестиция дастурни амалга ошириш устидан назорат
1 – савол баёни: Инвестиция дастури (кейинги ўринларда дастур деб аталади) – бу Республика иқтисодиётини барқарор ва тадрижий ривожлантиришга эришишга, табиий, минерал хом-ашё, молиявий, моддий ва меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш йўли билан Республиканинг айрим тармоқлари ва минтақаларини таркибий ўзгартиришнинг асосий устуворликларини ва стратегик вазифаларини амалга оширишга йўналтирилган бир – бири билан ўзаро боғланган чора – табдирлар комплексидир.
Инвестиция дастурини шакллантиришнинг асосий тамойиллари бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:
- инвестиция жараёнларини бошқариш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, мақбул шартларда хорижий инвестицияларни ва кредитларни жалб этиш, шунингдек лойиҳаларни танлаб олиш ва уларнинг амалга оширилиши мониторингини олиб бориш асосида улардан самарали фойдаланиш механизмини яратиш;
- белгиланган давлат устуворликлари асосида энг муҳим тармоқларини ва фаолият соҳаларни қўллаб қувватлаш;
- ижтимоий аҳамиятга эга бўлган тармоқларни (таълим, солиқни сақлаш) биринчи навбатда, молиялаштириш;
- минерал хом-ашё ресурсларини ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлашни, тайёр маҳсулотни ташқи бозорда рақобатбардошлигиги даражага етказишга йўналтирилган ишлаб чиқаришни жадал ривожлантиришга қаратилган инвестиция лойиҳаларини қўллаб қувватлаш;
- транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва такомиллаштириш;
- таркибий ўзгаришлар вазифалари ва амалга оширилаётган инвестиция сиёсатига мувофиқ маблағ қўйишнинг ўзаро манфаатлилиги асосида хорижий сармояларни жалб қилиш, томонларнинг инвестиция мажбуриятлари асосида шартномалар тузиш амалиётини жорий этиш;
- инвестиция лойиҳаларни инвестиция дастурининг аниқ рўйхатига олдиндан белгиланган мезонлар асосида киритиш;
- илгари бошланган объектларни тугаллаш учун марказлаштирилган инвестицияларни, биринчи навбатда, ажратиш.
Лойиҳаларни танлаб олишда уларнинг самарадорлиги, республика иқтисодиёти айрим тармоқларини ва минтақаларини ривожлантириш устуворликлари, маҳсулот сотиш кўрсаткичлари, шу жумладан экспортга йўналтирилганлик, бутловчи буюмлар ва компанентлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришда қатнашиш ва шу кабилар асосий мезонлар ҳисобланади.
Инвестиция дастурида лойиҳанинг баҳолаш қиймати, тугалланмаган қурилиши ва қурилишни тугаллаш ҳамда фойдаланишга топшириш учун йиллар бўйича жорий нархларда молиялаштиришга эхтиёж, молиялаштиришнинг тасдиқланган манбалари тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади. Инвестиция дастурини ишлаб чиқишда йирик ва ўта муҳим лойихалар алоҳида, катта бўлмаган бир типдаги лойиҳалар яхлит киритилиши мумкин (масалан: мактаблар, қишлоқ, врачлик пунктлари қурилиши ва бошқалар).
Инвестиция дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириши бўйича барча ишларни Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазирлиги мувофиқлаштириб боради.
Инвестиция дастури Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори билан тасдиқланади.
Ўзбекистон Республикаси инвестиция дастурида назарда тутилган капитал қурилишни маблағ билан таъминлаш ва уни кредитлаш ишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг Капитал қурилишда хўжалик муносабатлари механизмини такомиллаштириш чора – тадбирлари тўғрисидаги қарорида кўрсатилган тартибда асосан амалга оширилади. Унга мувофиқ инвестиция лойиҳасини марказлаштирилган манбалар ҳисобига маблағ билан таъминлаш ҳар қайси объект бўйича ажратилган капитал қуйилмалар лимитлар доирасида қатъий амал қилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги билан келишилган қурилишларнинг аниқ мўлжалли рўйхати ва қурилишларнинг белгиланган тартибда тасдиқланган титул рўйхати асосида амалга оширилади. Ўзбекистон Республикасининг инвестиция дастури бу давлат томонидан хорижий инвестицияларни қўллаб қувватлаш учун устувор ва биринчи галда бажарилиши керак бўлган давлат томонидан рағбатлантирилувчи йўналишларни ишлаб чиқиш воситасида амалга ошириладиган чора - тадбирлар хамда хорижий инвесторлар учун қулай инвестиция муҳитини яратиш ва улар киритган маблағларнинг юқори иқтисодий самарадорлигига эришиш учун мукаммал хуқуқий база, тегишли институтлар яратиш тизимидир.
Устувор йўналишларга қуйидагиларни киритиш мумкин:
биринчи устувор йўналиш – оммавий турар жой қурилиши;
иккинчи устувор йўналиш – замонавий коммуникация воситалари, транспорт ва алоқа воситаларини ишлаб чиқариш, транспорт ва информация тармоқларини яратиш ва модернизация қилиш;
учинчи устувор йўналиш - юқори технологиялар. Юқори технологик ва жахон бозорларида рақобатбардош, импорт молларининг ўрнини боса оладиган товарларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш;
тўртинчи устувор йўналиш – заҳираларни тежовчи экологик тоза технологиялар. Минерал бойликларни ер остидан қазиб олиш ва табиий хом – ашёни тўлиқ ва комплекс қайта ишлаш учун энг янги фан – техника ютуқларидан фойдаланиш;
бешинчи устувор йўналиш – фермерлик ва дехқон хўжаликлари тармоғи, ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, қадоқлаш, транспортировка қилиш, сотиш ва шифобахш қўшилмалари бўлган экологик ва озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича андозаларга амал қилган ҳолда назорат қилиш технологиясини ўзлаштириб олган қайта ишловчи ва савдо корхоналарнинг кўмаги асосида экологик тоза озиқ-овқат маҳсулотларини чиқариш ҳисобланади.
Иқтисодиётни ривожлантиришда давлат инвестиция дастурини шакллантириш орқали йўналтирилаётган инвестицияларнинг барча шаклларини фаол жалб қилишда: мамлакатнинг ҳудудий ва тармоқ тизимини такомиллаштириш нуқтаи-назардан инвестициялашга таъсир этувчи омилларни мувофиқлаштирган ҳолда қулай инвестицион муҳитни яратиш; чет эл инвестициясини жалб этувчи ҳамда шу асосда товар экспорт қилишни кўпайтирувчи корхоналар учун имтиёзларни кенгайтириш; инвестиция лойиҳаларини иқтисодиётнинг макро ва микро даражасидаги эҳтиёж ва имкониятларни ҳисобга олиб, ишлаб чиқиш асосида хорижий кредит линияларининг инвестицияларидан оқилона фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.
2017 йилги Инвестиция дастурига умумий қиймати 50 миллиард АҚШ долларига тенг 545 инвестиция лойиҳаси киритилган бўлиб, йил давомида 7,3 миллиард долларлик сармояларни ўзлаштириш белгиланган. Бу ҳақида шу йилнинг 30 май куни бўлиб ўтган 30 май куни видеоселектор йиғилишида маълум қилинган.
Шунингдек, 2017 йилда умумий қиймати 2,4 миллиард долларга тенг бўлган 170 янги ишлаб чиқариш объектини ишга тушириш мўлжалланмоқда. Жорий йилнинг январь-апрель ойларида умумий қиймати 73,5 миллион долларлик 9 лойиҳани амалга ошириш ишлари якунлангани алоҳида қайд этилди. Инвестиция дастурига кирмаган ҳудудлар миқёсида муҳим аҳамиятга эга бўлган 19 триллион 300 миллиард сўмлик мингдан зиёд йирик лойиҳалар амалга оширилаётир. Бугунги кунда уларнинг 39 таси бўйича объектлар ишга туширилган.
Ўтказилган ўрганиш ва таҳлиллардан аён бўлмоқдаки, айрим истиқболсиз лойиҳаларни Инвестиция дастурига киритиш ҳолатлари мавжуд бўлиб, уларнинг молиялаштириш манбалари ва мақсадли стратегияси аниқ белгиланмаган, кутилаётган натижалар бўйича зарур ҳисоб-китоблар ишлаб чиқилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги Инвестиция дастури тўғрисида”ги қарори асосида Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимида 2017 йилнинг 1-чорагида 11 та лойиҳа бўйича 15,558 млн. АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағларини ўзлаштириш режалаштирилган. Ҳукумат кафолати остида амалга оширилаётган мазкур лойиҳалар бўйича ҳисобот даврида 35,598 млн. АҚШ доллари (2,3 карра) миқдорида кредит маблағлари ўзлаштирилган. Жумладан:
1. “Хоразм вилоятидаги Тошсоқа тизимидаги магистрал суғориш каналларини қайта тиклаш” лойиҳасининг умумий қиймати 144,2 млн. АҚШ долларига тенг бўлиб, 90,37 млн. доллари Ислом Тараққиёт Банки кредити, қолган қисми эса Ўзбекистон ҳукуматининг улушидир. Ҳисобот даврида 2,062 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағ ўзлаштирилди.
2. “Аму-Бухоро машина канали тизимини қайта тиклаш” лойиҳасининг умумий қиймати 406,29 млн. АҚШ долларига тенг бўлиб, Осиё Тараққиёт Банки кредити 216,75 млн. долларни, Япониянинг JICA фондининг маблағи 108,97 млн. долларни, Ўзбекистон ҳукуматининг улуши эса 80,57 млн. долларни ташкил этади. Ҳисобот даврида 0,67 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағ ўзлаштирилди.
3. “Жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш” лойиҳасининг умумий қиймати 376,714 млн. АҚШ долларини ташкил этиб, шундан 115,924 млн. доллари Ўзбекистон ҳукуматининг улуши ва 260,79 млн. доллари Жаҳон банкининг қарз маблағларидир. Ҳисобот даврида 0,087 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағлар ўзлаштирилди.
4. “Сурхондарё вилоятида сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш (Хазарбоғ-Оққопчиғай каналлар тизимини қайта тиклаш)” лойиҳасининг умумий қиймати 122,72 млн. АҚШ долларини ташкил этиб, шундан 33,17 млн. доллари Ўзбекистон ҳукуматининг улуши ва қолган қисми Ислом тараққиёт банкининг қарз маблағларидир. Ҳисобот даврида 0,24 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағлар ўзлаштирилди.
5. “Фарғона водийсида сув ресурсларини бошқариш. 2-босқич” лойиҳаси Идоралараро тендер комиссиясининг 2013 йил 31 декабрдаги 115-сонли баёни асосида амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 22 июлдаги 3-сонли баёни топшириғига асосан лойиҳанинг нархи тупроқ ишлари ҳисобига (263,7 млн. АҚШ долларидан 219,5 млн. АҚШ долларигача) оптималлаштирилди. Ҳозирда лойиҳанинг ушбу оптималлаштирилган техник иқтисодий асослари Жаҳон банки томонидан қўриб чиқилмоқда ва 2017 йилнинг июнь ойида Директорлар кенгаши тасдиғига киритилиши кутилмоқда.
6. “Қашқадарё вилоятидаги “Дўстлик 1-2-3” насос станциясини қуриш” лойиҳасининг умумий қиймати 21,23 млн. АҚШ долларини ташкил этиб, шундан 14,2 млн. доллари Ўзбекистон ҳукуматининг улуши ва қолган қисми Хитой Халқ Республикаси ҳукуматининг қарз маблағларидир. Лойиҳа бўйича 2017 йилнинг январь-март ойларида кредит маблағларини ўзлаштириш кўзда тутилмаган. Лойиҳа тасдиқланган тармоқли жадвал асосида амалга оширилмоқда.
7. “Ўзбекистон Республикасида мева-сабзавотчилик тармоғини ривожлантириш” лойиҳасининг умумий қиймати 219,28 млн. АҚШ долларини ташкил этиб, шундан 150,0 млн. доллари Халқаро тараққиёт ва тикланиш банки улуши, 34,20 млн. доллари Ўзбекистон ҳукуматининг улуши, қолган қисми эса лойиҳа ташаббускорларининг улушидир. 2017 йил учун жами 34,6 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар ўзлаштирилиши режалаштирилган бўлиб, шундан ҳисобот даврида жами 31,75 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар ўзлаштирилди ёки режага нисбатан 365 фоизни ташкил этди.
8. “Қашқадарё ва Жиззах вилоятларида сут маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлашни кенгайтириш” лойиҳасининг умумий қиймати 39,4 млн. АҚШ долларини ташкил этиб, шундан 23,8 млн. АҚШ доллари Халқаро қишлоқ хўжалиги тараққиёти жамғармасининг улушидир. Лойиҳа бўйича 2017 йилнинг январь-март ойларида кредит маблағларини ўзлаштириш кўзда тутилмаган.
9. “Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида мева-сабзавотчиликни ривожлантириш” лойиҳасининг умумий қиймати 39,4 млн. АҚШ долларини ташкил этади. Шунинг 14,0 млн. АҚШ доллари Жаҳон банкининг улушидир. Лойиҳа бўйича 2017 йилнинг январь-март ойларида кредит маблағларини ўзлаштириш кўзда тутилмаган. Лойиҳа тасдиқланган тармоқ жадвали асосида амалга оширилмоқда.
10. “Қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришни модернизациялаш” лойиҳасининг умумий қиймати 240,98 млн АҚШ долларини ташкил этиб, шундан 150,0 млн. АҚШ доллари Осиё тараққиёт банкининг улушидир. Лойиҳа бўйича 2017 йилнинг январь-март ойларида кредит маблағларини ўзлаштириш кўзда тутилмаган. Лойиҳа тасдиқланган тармоқли жадвал асосида амалга оширилмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |