1- амалий машғулот
Тилшунослик ва табиий фанлар
Режа:
Тилшунослик ва кимё;
Тилшунослик ва биология;
Тилшунослик ва география;
Тилшунослик ва этнография;
Тилшунослик ва социология;
Тилшунослик ва семиотика.
MAШҒУЛОТНИНГ БАЖАРИЛИШИ:
Тилшуносликнинг кимё билан муносабати
Тилшунослик кимё фани ютуқларидан ҳам баҳраманд бўлиб келмоқда. Кимё фанида атом-молекуляр таълимотининг вужудга келиши, энг кичик атомларнинг ҳам бўлинувчанлик хусусиятига эга бўлишининг кашф этилиши, Я.Н.Менделеев элементлар даврий системасининг вужудга келиши тилшуносликка ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Тилшуносликда тил бирликларининг муайян тузилишга эга экани, бевосита кузатишда энг кичик бирлик – табиий фанлардаги атомга тенглаштирилувчи фонеманинг ҳам бўлиниш хусусиятига эга экани, бутун таркибидаги бўлакларнинг ўзаро муносабатда, айни пайтда, бутун билан бутун ҳам катта бутунлик таркибида ўзаро муносабатда экани эътироф этила бошлади. Натижада тилшуносликка системавий тадқиқот усули кириб келди.
Шу билан бирга, кимё фанида молекула ва атомларнинг тўхтовсиз ҳаракатда эканининг эътироф этилиши тилшуносликда синхрония ва диахрония назариясининг вужудга келишига туртки берди.
Кимёвий боғланиш таълимотининг кучайиши, кимёвий боғланишда валентлик тушунчасининг марказий ўрин эгаллаши тилшуносликка ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Тилшуносликда валентлик назарияси вужудга келди.
Хуллас, кимё фанида қўлга киритилган жиддий ютуқлар бошқа фанлар қаторида тилшуносликка ҳам сезиларли таъсир этиб келмоқда.
Тилшунослик ва биология
Тилшунослик биология фани билан ҳам узвий алоқададир. Аввало, тилшуносликнинг ўрганиш объекти бўлган тил товушлар силсиласи ёрдамида моддийлашади.
Товушлар эса нутқ бирлиги сифатида муайян нутқ органларининг фаолияти натижасида юзага чиқади. Нутқ товушларини ҳосил қилишда иштирок этадиган нутқ органлари нутқ аппарати саналади.
Нутқ аппарати таркибига кирувчи нутқ органлари инсон организмининг таркибий қисмидир. Ҳар қандай нутқ органи икки хил вазифа бажаради: 1) бирламчи вазифаси инсоннинг физиологик аъзоси. Бундай аъзо сифатида улар инсон организмининг нормал яшаши учун зарур табиий эҳтиёжларни қондиришга хизмат қилади; 2) иккиламчи вазифаси нутқ органи. Бу фақат homo sapiensга хос хусусиятлар бўлиб, бирламчи вазифаси устига қўшимча вазифа – маълум нутқ товушларини талаффуз қилиш вазифаси қўшилади. Шундай қилиб, бу органлар ҳам биологиянинг, ҳам тилшуносликнинг текшириш объекти бўлади.
Ҳар бир нутқ товуши уч белгини ўзида мужассамлайди: 1) акустик; 2) артикуляцион; 3) вазифавий (функционал).
Унли товушлар ҳам, ундош товушлар ҳам артикуляцион белгига эга. Унли ёки ундош товушларнинг юзага чиқишида иштирок этадиган нутқ органлари белгиси артикуляцион белги саналади. Мазкур белгига кўра нутқ товушининг тавсифи артикуляцион (физиологик) тавсиф саналади. Масалан, унлилар тавсифида лаб иштироки белгиси, оғизнинг очилиш даражаси (тилнинг кўтарилиш даражаси) белгиси физиологик тавсиф учун асос бўлиб хизмат қилади.
Ундошлар тавсифида эса ундошларнинг пайдо бўлиш ўрни белгиси (бўғиз товушлари, тил товушлари – тил орқа, тил ўрта, тил олди товушлари, лаб товушлари, лаб-лаб, лаб-тиш товушлари, танглай ва бурун товушлари) физиологик жиҳатдан тавсиф асоси бўлади.
Унли ва ундош товушларни талаффуз қилишда иштирок этадиган нутқ органлари қадимдан тилшунослар диққатини тортиб келади. Хусусан, бобокалонимиз қомусий олим Ибн Сино фонетикага бағишланган махсус рисоласида товушларнинг физиологик томони ҳақида батафсил маълумот беради. Бундай аниқ маълумот беришида олимга инсон физиологиясини яхши билгани катта имконият яратган.
Do'stlaringiz bilan baham: |