ЭТНОГРАФИЯ ДАРСЛИГИНИНГ АСОСЧИСИ
Қурбонова Манзила Боқиевна -Бухоро давлат
университети Бухоро тарихи кафедраси доценти
Таниқли олим Исо Муродович Жабборов ўзининг ярим асрдан зиёд самарали илмий педагогик фаолияти туфайли кенг илмий жамоатчилик, хусусан, этнографлар орасида катта обрў қозонган моҳир педагог эди. У ўзининг кўп йиллик педагогик тажрибасига таяниб, бир нечта дарсликлар, ўқув ва услубий қўлланмалар яратди.
Устоз Турсун Салимовнинг қаламига мансуб қуйидаги сатрлар фикримизнинг исботидир: “Исо Муродовични хеч муболағасиз этнография фанининг Ўзбекистон Республикаси университетларидаги асосчи дейиш мумкин. Унинг саъй-ҳаракатлари билан 1981 йилда илк ўзбек тилидаги “Этнография асослари” дарслиги чоп этилди. Бу дарслик Ўрта Осиёдаги миллий республикалардаги биринчи она тилидаги ўқув қўлланмаси бўлди [1] (Салимов Т. Шогирдлар эъзозидаги домламиз. // Илм-фан ва маърифатга бағишланган умр. Т. 2009. -Б.101.).
1985 йили эса “Ўқитувчи” нашриётида 23 босма табоқли “Жаҳон халқлари этнографияси” деб номланган янги дарслиги чоп этилган эди. Мен ҳам Бухоро давлат университети тарих таълим йўналишида таҳсил олган талабаларга худди шу дарсликдан фойдаланиб, этнография фанидан узоқ йиллар сабоқ бердим. 2005 йили лотин алифбосида йигирма босма табоқли “Жаҳон этнологияси асослари” дарслигининг нашрдан чиқиши олимнинг давр билан ҳамнафаслигини намоён қилган эди. Худди шу дарсликнинг кириллча нусхаси эса 2008 йил “Ўқитувчи” нашриётидан (18,3 б.т.) чиқади. Тиниб-тинчимас профессор муборак 80 ёшида ҳам дарслик яратишдек маъсулиятли вазифани уддасидан чиққан эди. Бу албатта, ҳаммани қойил қолдирган ҳол. Ушбу дарсликка Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси фан арбоби, тарих фанлар доктори, профессор С.К.Камолов, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, тарих фанлар доктори, профессор Г.А.Ҳидоятов масъул эдилар. Академиклар А.Р.Муҳаммаджонов, Р.Х.Сулаймонов ва тарих фанлари номзоди, доцент Т.Салимов тақризчи эдилар.
Дарсликнинг муқаддимасида қуйидаги фикрлар келтирилган: “Ушбу асар дастлаб “Жаҳон халқлари этнографияси” номи остида 1985 йили чоп этилди. Қайта ишланган янги дарслик икки қисмдан иборат бўлиб, унинг биринчи қисми этнология фанининг моҳияти ва хусусияти, қисқача тарихи, асосий мактаб ва йўналишлари, жаҳон халқлари классификацияси ҳамда этногенез муаммолари, этнология фани атамалари, тадқиқот услуби ва ўзига хос хусусиятларии каби назарий масалаларга бағишланган. Иккинчи қисмида жаҳон халқларининг тавсифи ва таърифи, фаннинг энг сўнгги ютуқлари ва статистик маълумотлар берилган. Мазкур китобга кўп йиллар давомида муаллифнинг Мирзо Улуғбек номли Ўзбекистон Миллий университетининг тарих факултетида ўқиган марузалари асос қилиб олинган” [2] (Исо Жабборов. Жаҳон этнологияси асослари. “Ўқитувчи” нашриёт. Матбаа ижодий уйи. Т., 2008. -Б.4.)
Do'stlaringiz bilan baham: |