39-модда. Фойданинг тақсимланишини чеклаш Банк акциядорларга дивидендлар тўлаш, шунингдек банкнинг кузатув кенгаши, бошқаруви аъзолари ва ходимларини мукофотлаш орқали фойдани тақсимлашни қуйидаги ҳолларда амалга оширишга ҳақли эмас:
пруденциал нормативлар Марказий банк томонидан белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаганда ёки улар мазкур тақсимлаш оқибатида бузилганда;
ночорлик (банкротлик) бўлганда ёки мазкур тақсимлаш оқибатида ночорликнинг (банкротликнинг) аломатлари юзага келганда;
Марказий банкнинг ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмасида акс эттирилган, шу жумладан ахборотни ошкор этиш борасида кўрсатилган камчиликлар бартараф этилмаганда ёки уларни бартараф этиш имконияти мавжуд бўлмаганда;
Марказий банкнинг фойдани тақсимламаслик тўғрисида банкка нисбатан талаби мавжуд бўлганда.
Банклар қуйидаги ҳолларда фойдани тақсимлаш учун Марказий банкнинг розилигини олиши керак:
ушбу модда биринчи қисмининг биринчи хатбошисида кўрсатилган тўловларнинг умумий суммаси банкнинг ўз капиталининг ўн фоизидан ортганда;
жорий ёки ўтган чоракда ва (ёки) молия йилида зарар мавжуд бўлганда.
40-модда. Мажбурий захиралаш талаблари Банклар Марказий банк томонидан белгиланган мажбурий захиралаш талабларини бажариши шарт.
Банк мажбурий захиралаш талабларини бажармаган тақдирда, Марказий банк қатъий тартибда бу банкнинг Марказий банкдаги вакиллик ҳисобварағидан етишмаётган мажбурий захира маблағлари миқдоридаги суммани, шунингдек ушбу етишмаётган суммага нисбатан амалдаги қайта молиялаш йиллик ставкасининг икки бараваридан ошмайдиган миқдорда жарима ундириб олади.
41-модда. Банк хизматлари ва операцияларининг аутсорсинги Хизматлар ва операцияларнинг айрим турларини банк томонидан шартнома асосида ва узлуксиз асосда амалга ошириш учун учинчи тарафга топшириш банк хизматлари ва операцияларининг аутсорсингидир (бундан буён матнда аутсорсинг деб юритилади).
Банк Марказий банкнинг рухсатномаси олинганидан кейин хизматлар ва операцияларнинг айрим турларини Марказий банк томонидан белгиланган талабларга мувофиқ аутсорсингга топшириш ҳуқуқига эга.
Лицензия асосида амалга ошириладиган хизматлар ва операцияларнинг айрим турларини фақат тегишли лицензия эгасига аутсорсингга топширишга йўл қўйилади.
Банк хизматлари ва операцияларининг айрим турлари ўзига аутсорсингга топширилган шахснинг мазкур хизматлар ҳамда операцияларни кейинчалик бошқа шахсга аутсорсингга топшириши тақиқланади. Мазкур чеклов банк томонидан хизматлар ва операцияларнинг айрим турларини аутсорсингга топшириш тўғрисидаги шартномада акс эттирилиши керак.
Банк аутсорсингга топширилган хизматлар ва операцияларнинг айрим турлари билан боғлиқ таваккалчиликларнинг бошқарилиши учун жавобгар бўлади.
Хизматлар ва операцияларнинг айрим турларини аутсорсингга топширишда банк Марказий банкнинг талабларига, шу жумладан ички сиёсатлар ва ҳисоботдорлик мавжудлиги бўйича, шунингдек Марказий банкка аутсорсингга топширилган хизматлар ва операцияларнинг айрим турлари юзасидан ахборот тақдим этиш бўйича талабларига жавоб бериши керак.
Банклар аутсорсингга топширилган хизматлар ва операцияларнинг айрим турлари ташқи аудитдан ўтказилишини ҳар йили ёки Марказий банкнинг талабига биноан таъминлаши шарт.
Марказий банк қуйидаги ҳолларда аутсорсинг шартномасини бекор қилишни талаб этишга ҳақли:
банк томонидан аутсорсингга топширилган хизматлар ва операцияларнинг лозим даражадаги ҳамда мунтазам равишдаги назорати, текшируви ва таваккалчилик бошқаруви амалга оширилмаганда;
аутсорсинг учун жалб этилган шахс фаолиятида банкнинг ўз мажбуриятларини бажариш қобилиятига таҳдид солувчи камчиликлар мавжуд бўлганда.