54-модда. Қўпол қоидабузарликлар Қўпол қоидабузарликлар жумласига қуйидагилар киради:
лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганлиги;
содир этилиши учун олдиндан Марказий банкнинг рухсатини олиш талаб этиладиган ҳаракатларнинг рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олмай туриб амалга оширилганлиги;
банкнинг ёки банклар гуруҳининг фаолиятидаги қўпол қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисидаги Марказий банк кўрсатмаларининг белгиланган муддатда бажарилмаганлиги;
фойдани тақсимлашда ушбу Қонуннинг 39-моддасида кўрсатилган талабларнинг бажарилмаганлиги;
банк устав капитали миқдори банк устав капиталининг энг кам миқдорига нисбатан белгиланган талабга мувофиқ эмаслиги;
банк ёки банклар гуруҳи капитали монандлиги коэффициентининг олти ойдан кўпроқ муддат давомида Марказий банк томонидан белгиланган йўл қўйиладиган энг кам миқдордан саксон фоизгача ва ундан камроқ фоизгача пасайганлиги;
банк активлари бўйича эҳтимолий йўқотишларга қарши етарлича захиранинг мавжуд эмаслиги;
лицензияда назарда тутилмаган молиявий операциялар амалга оширилганлиги;
ушбу Қонун билан тақиқланган ёки чекланган фаолият амалга оширилганлиги;
банкка алоқадор бўлган шахслар билан анча қулай шартлар асосида битимлар тузилганлиги;
бухгалтерия ҳисобининг ҳисоботга оид маълумотлар бузилишига олиб келадиган ва банкнинг ёки банклар гуруҳининг ҳақиқий молиявий аҳволини акс эттириш имконини бермайдиган қоидабузарликлар билан юритилганлиги;
аудиторлик ташкилотига банкнинг аудиторлик текширувини ўтказиш учун зарур бўлган молиявий ҳисоботлар ва бошқа молиявий ахборотлар тақдим этилмаганлиги;
Марказий банк томонидан назорат вазифалари бажарилишига тўсқинлик қилинганлиги;
банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги;
Марказий банкка ахборотни тақдим этмаганлик, ўз вақтида тақдим этмаганлик ёки банкнинг ёки банклар гуруҳининг тўлов лаёқатини ёхуд ликвидлигини баҳолашни ўтказишга тўсқинлик қилувчи бузилган ёки тўлиқ бўлмаган ахборот тақдим этилганлиги;
охирги бенефициар мулкдорлар тўғрисидаги ахборотнинг ошкор этилмаганлиги;
бошқарувнинг ташкилий тузилмасида, ички назоратда, шунингдек таваккалчиликларни бошқариш тизимида банкнинг тўлов лаёқатига таҳдид солувчи ёки зарар кўрилишига олиб келувчи нуқсонларнинг мавжудлиги;
тизимли аҳамиятга эга банклар томонидан Марказий банкнинг буфер капиталига оид талабларига риоя этилмаганлиги;
банк томонидан айрим молиявий операцияларни амалга ошириш ёки филиаллар очишга доир чекловларга ва (ёки) тақиққа риоя этилмаганлиги;
банк томонидан банкнинг молиявий аҳволини тиклаш режаси тақдим этилмаганлиги;
банкнинг кузатув кенгаши ва бошқарув аъзолари, шунингдек муҳим аҳамиятга эга ходимларининг ушбу Қонуннинг 36-моддаси талабларига мувофиқ эмаслиги;
банк сири тўғрисидаги қонунчилик, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролининг тарқатилишини молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилганлиги;
жиддий қоидабузарлик учун Марказий банк томонидан жарима қўлланилганидан кейин беш йил давомида такроран содир этилган худди шундай қоидабузарлик.