25-модда. Акциядорнинг мувофиқлиги тўғрисидаги талабларга риоя этмаслик Марказий банк ҳал этувчи эгаликка бевосита ёки билвосита эгалик қилувчига, шу жумладан охирги бенефициар мулкдорга нисбатан чоралар ва санкциялар қўллашга қуйидаги ҳолларда ҳақлидир, агар улар:
банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига мос бўлмаса;
банкка унинг барқарор молиявий ҳолатига хавф туғдириши мумкин бўлган тарзда таъсир кўрсатаётган бўлса;
охирги бенефициар мулкдорнинг шахси тўғрисидаги ахборотни тақдим этмаган бўлса.
Марказий банк банкнинг акцияларини олишга доир дастлабки рухсатномани олмасдан туриб келишилган фаолият натижасида ҳал қилувчи эгаликка эга бўлган акциядорларга нисбатан чоралар ва санкциялар қўллашга ҳақли.
Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган ҳолларда Марказий банк қуйидаги чоралар ҳамда санкцияларни алоҳида-алоҳида ёки жамланган тарзда қўллайди:
овоз бериш, акциядорларнинг навбатдан ташқари йиғилишини чақириш ва ўтказишни талаб қилиш, кун тартибига масалаларни киритиш, банк кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолигига номзодлар кўрсатиш ҳамда банк фойдасининг бир қисмини дивидендлар тарзида олиш ҳуқуқини тўхтатиб қўяди;
овоз бериш ҳуқуқи тўхтатиб қўйилган шахслар томонидан банк акциялари сотилиши тўғрисида қарор қабул қилади;
банк акцияларини олишга доир берилган дастлабки рухсатномани чақириб олади.
Ҳал қилувчи эгаликка эга бўлган акциядорлар ўзига тегишли акцияларни банкнинг акцияларини олишга доир дастлабки рухсатнома чақириб олинган кундан эътиборан уч ой ичида сотиши керак.
Ушбу моддага мувофиқ ўзига нисбатан чоралар ва санкциялар қўлланилган шахслар тегишли банкнинг, шунингдек бошқа банкларнинг акцияларига бевосита ёки билвосита эгалик қилишга ҳақли эмас.
26-модда. Ҳал қилувчи эгалик сотиб олинганлиги, ўзгартирилганлиги ёки бошқаларга берилганлиги тўғрисидаги хабарнома Ҳал қилувчи эгаликка бевосита ёки билвосита эгалик қилувчи, шу жумладан охирги бенефициар мулкдор қуйидаги ҳолларда Марказий банкни ва банкни ўн кунлик муддатда ёзма шаклда, шу жумладан электрон шаклда хабардор қилиши шарт:
банк акцияларини олишга доир дастлабки рухсатнома олинган битим амалга оширилганда;
дастлабки рухсатнома олинган, ушбу Қонун 22-моддасининг биринчи қисмида белгиланган акциялар улуши кўпайганда;
банк устав капиталидаги ҳал қилувчи эгаликни бошқа шахсга бериш ёки камайтириш тўғрисида қарор қабул қилиш натижасида ҳал қилувчи эгалик тегишинча эллик фоиздан, йигирма фоиздан ёки беш фоиздан кам бўлиб қолганда;
ушбу Қонуннинг 22-моддаси биринчи қисмида белгиланган ҳажмдаги банк акциялари шахс томонидан ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатларда олинганда.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳолларда банк хабарнома олинган кундан эътиборан бир кунлик муддатда Марказий банкни ёзма шаклда, шу жумладан электрон шаклда хабардор қилиши керак.