23-модда. Банк акцияларини олишга доир дастлабки рухсатномани бериш Потенциал олувчи банк акцияларини олишга доир дастлабки рухсатномани олиш учун Марказий банк томонидан белгиланган ҳужжатлар илова қилинган ҳолдаги аризани Марказий банкка тақдим этади. Марказий банк ариза олинган кундан эътиборан уч иш куни ичида потенциал олувчига ариза олинганлиги тўғрисида тасдиқнома юборади.
Биргаликда ҳаракат қилаётган, мўлжалланилаётган сотиб олиш муносабати билан банк акцияларини бевосита ёки билвосита, шу жумладан охирги бенефициар мулкдор сифатида олишни ният қилган шахс ёки шахслар гуруҳи потенциал олувчидир.
Марказий банк потенциал сотиб олувчини ариза олинганлиги тўғрисида тасдиқнома юборилган кундан эътиборан икки ой ичида ушбу Қонуннинг 24-моддасига мувофиқ баҳолашни амалга оширади.
Потенциал олувчи ҳужжатларни тўлиқ ҳажмда тақдим этмаган тақдирда, баҳолаш даври Марказий банк томонидан барча тегишли ҳужжатлар олинган кундан эътиборан бошланади.
Потенциал сотиб олувчининг ушбу Қонуннинг 24-моддасида кўрсатилган мезонлардан биронтасига мувофиқ эмаслигини тасдиқловчи ҳужжатлар ва (ёки) ахборот мавжуд бўлган тақдирда, Марказий банк банкнинг акцияларини олишга доир дастлабки рухсатномани беришни баҳолашни ўтказмасдан рад этишга ҳақли.
Марказий банк баҳолаш ўтказилаётган даврда потенциал олувчига баҳолашни тамомлаш учун зарур бўлган қўшимча ҳужжатларни ва ахборотни тақдим этиши тўғрисида сўровнома юборишга ҳақли.
Потенциал олувчи Марказий банкнинг сўровномасига биноан қўшимча ҳужжатлар ва ахборотни сўровнома олинган кундан эътиборан йигирма иш кунидан ошмаган муддатда тақдим этиши керак, шу вақт мобайнида баҳолаш даври тўхтатиб турилади. Потенциал олувчи чет элда жойлашган ёки унга нисбатан бошқа давлатнинг қонунлари татбиқ этилган тақдирда, Марказий банк қўшимча ахборот тақдим этиш даврини ўттиз иш кунигача узайтиришга ҳақли. Тақдим этилган ахборотни аниқлаштириш мақсадида Марказий банк томонидан потенциал олувчига юбориладиган кейинги сўровномалар баҳолаш даврининг тўхтатиб турилишига олиб келмаслиги керак.
Потенциал олувчи томонидан ушбу модданинг еттинчи қисмида кўрсатилган муддатларга риоя этилмаган тақдирда, Марказий банк банкнинг акцияларини олишга доир дастлабки рухсатномани беришни рад этишга ҳақлидир.
Марказий банк потенциал олувчининг сўровномаси асосида банкнинг акцияларини олишга доир дастлабки рухсатномани олиш учун берилган аризани кўриб чиқиш натижалари юзасидан қабул қилинган асосланган қарорни ўз расмий веб-сайтида эълон қилади. Марказий банк мазкур ахборотни потенциал олувчининг сўровномаси бўлмаса ҳам эълон қилишга ҳақли.
Банк акцияларини олишга доир дастлабки рухсатнома олинган кундан эътиборан олти ой мобайнида юридик кучини сақлаб қолади.
Банк акцияларини олишга доир дастлабки рухсатномани бекор қилиш банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.