Биринчиси. Ўзининг миллий-давлат манфаатлари устун бўлгани ҳолда ўзаро манфаатларни ҳар томонлама ҳисобга олиш. Бизнинг мустақил давлатимиз бирон-бир буюк давлатнинг таъсир доирасига тушиб қолиш ниятида эмас. Ўзбекистон яна кимгадир бўйсуниш учун мустақил бўлгани йўқ.
Иккинчиси. Республика одамлар ва давлатлар ўртасидаги ўзаро муносабатларда умумбашарий қадриятларни устун қўйиб, халқаро майдонда тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш учун, можароларни тинч йўл билан ҳал этиш учун курашади. Ўзбекистон ядросиз минтақа бўлиб қолади, тажовузкор ҳарбий блоклар ва уюшмаларга кириш нияти йўқ. Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги, ҳужум қилмаслик ҳақидаги, низоли масалаларни ҳал этишда куч ишлатишдан ва куч ишлатиш билан таҳдид қилишдан воз кечиш тўғрисидаги Халқаро ҳужжатларни тан олади ва уларга оғишмай риоя қилади.
Учинчиси. Республиканинг ташқи сиёсати тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик, бошқа мамлакатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидалари асосида қурилади. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида, бутун ташқи сиёсатда ҳам бизнинг шиоримиз —тенглар орасида тенг бўлиш, «катта оға»нинг қош-қовоғига қараб иш тутишдан узил-кесил ва абадул-абад халос бўлишдир.
Тўртинчиси. Мафкуравий қарашлардан қатъий назар ташқи сиёсатда очиқ-ойдинлик принципини рўёбга чиқаришга ва барча тинчликсевар давлатлар билан кенг ташқи алоқаларни ўрнатишга интилади.
Бешинчиси. Ўзининг миллий-ҳуқуқий тизимини вужудга келтираётган ёш мустақил Ўзбекистон ички миллий қонунларидан халқаро ҳуқуқ нормаларининг устуворлигини тан олади. Бизнинг мустақил давлатимиз ўз қиёфасини йўқотмай, жаҳон ҳамжамиятига кирар экан, халқаро талабларга риоя қилишга тайёрдир.
Олтинчиси. Ўзбекистон тўла ишонч принциплари асосида ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама ташқи алоқаларни ўрнатиш ва ривожлантириш учун, халқаро ташкилотлар доирасида ҳамкорликни чуқурлаштириш учун ҳаракат қилади.
Ўзбекистон ўзининг ташқи сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда юқорида айтиб ўтилган принципларга қатъий риоя қилади, уларни бойитиб ва кенгайтириб бориб, ташқи сиёсий ҳамда ташқи иқтисодий фаолиятнинг асосий йўналишларини қатъият ва изчиллик билан турмушга татбиқ этади.
Мустақилликнинг иккинчи ўн йиллигига келиб жаҳондаги глобаллашув жараёнлари, жаҳон молиявий ва иқтисодий инқирози, турли минтақаларда рўй бераётган урушлар ва танг ҳолатларни бартараф қилишга доир оғир ва машаққатли даврда ҳам Ўзбекистон ўзининг тинчликсевар ташқи сиёсатини демократик қадриятлар асосида ривожлантириб борди. Бу даврда давлат Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий стратегик мақсадлари ва вазифалари И.А.Каримовнинг турли назарий қарашлари ва маърузаларида янада ривожлантирилди.
Мамлакат ташқи сиёсатининг асосий мақсади давлат мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, миллий манфаатларни ҳимоя қилиш, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиши учун қулай ташқи иқтисодий ва сиёсий шарт-шароитларни яратиш, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўсини оширишга қаратилди.
И.А.Каримов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010-йил 27-январдаги қўшма мажлисида сўзлаган нутқида ташқи сиёсатнинг асосий вазифаларини қуйидагича ифодалаб берди: «Минтақамизда ва бутундунёда юзага келаётган мураккаб геосиёсий шароитда бизнинг зиммамизда мамлакатимизнинг хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлаш, шу муқаддас заминимизда ҳукм сураётган тинч-осойишта ҳаётни сақлаш каби бир-биридан масъулиятли ва кенг кўламли бир қатор вазифалар борки, юртимизнинг, жондан азиз фарзандларимизнинг бугунги ва эртанги куни ана шу масалаларни қанчалик муваффақият билан ҳал этишимизга боғлиқдир».
Умуман, бу даврга келиб, фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлат қуришнинг «Ўзбек модели» асосидаги ислоҳотларни чуқурлаштириш жараёнида давлатимиз ташқи сиёсатининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат ҳолда белгиланди:
биринчидан, яқин ва узоқ давлатлар билан ўзаро манфаатли ва тенг ҳуқуқли ҳамкорлик муносабатларини ҳар томонлама ривожлантириш ва мустаҳкамлаш. Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятига аста-секин ва ҳар томонлама интеграциялашишида, сиёсий, иқтисодий, маданий-маърифий, илмий-техникавий ва бошқа соҳаларда очиқ ва конструктив халқаро ҳамкорликни амалга оширишда икки томонлама ва кўп томонлама дипломатия механизмларидан самарали фойдаланиш;
иккинчидан, Ўзбекистон раҳбариятининг минтақавий ва халқаро сиёсатнинг долзарб йўналишлари хусусидаги, жумладан, «Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш бўйича «6+3» мулоқот гуруҳини тузиш, «Марказий Осиё — Форс қўлтиғи» транспорт-транзит йўлини тузиш, минтақадаги трансчегаравий дарёларнинг сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва бошқа халқаро ташаббусларини илгари суриш;
учинчидан, Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, минтақани барқарор хавфсизлик ҳудудига айлантириш билан боғлиқ сиёсий-дипломатик ва халқаро-ҳуқуқий масалаларни ҳал этиш. Узоқ ва яқин давлатлар билан муносабатларда сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, миллатлараро ва бошқа муаммоли зиддиятларни ўз вақтида олдини олиш, можароли вазиятлар ва бошқа салбий ҳолатларнинг авж олишига йўл қўймаслик учун дипломатик чоралар кўриш;
тўртинчидан, мамлакатимизда амалга оширилаётган чуқур демократик ислоҳотларни, жамиятни ва иқтисодиётни модернизациялашнинг динамик жараёнларини самарали амалга ошириш учун қулай ташқи сиёсий шароитларни яратиш. Жаҳондаги мамлакатлар билан савдо-иқтисодий муносабатларни мунтазамривожлантириш, миллий иқтисодиётнинг устувор йўналишларига тўғридан тўғри чет эл сармояларини ва илғор технологияларни жалб қилиш билан боғлиқ сиёсий-дипломатик ва халқаро-ҳуқуқий масалаларни амалга ошириш;
- бешинчидан, жаҳон ҳамжамиятида Ўзбекистон ташқи ва ички сиёсатининг асосий жиҳатларини акс эттирадиган, унинг халқаро ташаббусларининг мазмун ва моҳиятини ифодаловчи объектив ва ишончли маълумотларни тарқалишига эришиш.
И.А.Каримовнинг ташаббуси билан 2012-йил сентябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти концепцияси»да Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий принциплари сифатида қуйидагилар белгиланди:
дунёда тинчлик ва хавфсизликни сақлашга ҳамда умумэътироф этилган халқаро норма ва принципларга риоя этишга содиқлик;
мафкуравий қарашлардан қатъий назар ҳамкорлик учун очиқлик;
тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик, давлатларнинг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги, чегаралар дахлсизлиги, ички ишларга аралашмаслик, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид солмаслик.
Ўзбекистон прагматик, оқилона ва мақсадга мувофиқ сиёсат юритиш тарафдори бўлиб, ташқи сиёсат мақсад ва вазифалари давлатнинг узоқ муддатли манфаатларига, унинг ресурслари ва салоҳиятига мос келиши принципларига содиқ қолади.
Ўзбекистоннинг жаҳон халқлари тинчлиги ва хавфсизлигига мос бўлиб тушган тинчликсевар ташқи сиёсати, уни жаҳонда мустақил давлат сифатида тезда тан олинишини таъминлади. Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигини 165 та давлат тан олди. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси жаҳоннинг 142 давлати билан дипломатик алоқаларни ўрнатди. Тошкентда 43 та мамлакатнинг элчихоналари, 3 та савдо ваколатхонаси (Венгрия, Белгия, АҚШ савдо палатаси), 10 та халқаро ташкилотнинг ваколатхонаси ишлаб турибди. Мамлакатимизда 7 та фахрий консуллар ишлаб келмоқда. Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги элчихоналарининг сони эса 30 тани ташкил этади. Шунингдек, 11 та бош консулхонаси мавжуд. Республикада 88 та хорижий мамлакат ваколатхоналари аккредитация қилинган. Ўзбекистон 41 та нуфузли халқаро иқтисодий ва молия ташкилотларининг тенг ҳуқуқли аъзоси. Ҳозирда улардан бештасининг ваколатхонаси республикада фаолият кўрсатмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |